Эрон уруши дунёнинг нефтга қарамлигини ўзгартириши мумкин
Ҳўрмуз бўғозидаги узилишлар давлатларни энергетика хавфсизлигини қайта кўриб чиқишга ундамоқда. ХЭА глобал нефт истеъмоли 2035 йилгача 4,4 млн баррелга камайиши мумкин бўлган сценарийни тақдим этди.
© Ijtimoiy tarmoqlarЭрон билан боғлиқ ҳарбий можаро жаҳон энергетика бозоридаги энг йирик таъминот узилишларидан бирини келтириб чиқарди. Форс кўрфазидан нефт ва газ етказиб беришдаги муаммолар, Ҳўрмуз бўғозида кемалар ҳаракатининг чекланиши ҳамда энергия нархларининг ошиши давлатларни муқобил манбалар ва янги стратегиялар излашга мажбур қилмоқда.
Халқаро энергетика агентлиги (ХЭА) 19 ноябр куни эълон қилган «World Energy Outlook 2026» ҳисоботида ушбу инқирознинг узоқ муддатли оқибатларини таҳлил қилди. Агентликнинг баҳолашича, агар давлатлар электрлаштириш, энергия самарадорлиги ва муқобил ёқилғига ўтишни тезлаштирса, 2035 йилга келиб жаҳон нефт истеъмоли амалдаги сиёсатлар сценарийсига нисбатан кунига 4,4 млн баррелга кам бўлиши мумкин.
Жаҳон нефт савдосининг бешдан бир қисми хавф остида қолди
Инқирознинг глобал бозорга таъсирини тушуниш учун Ҳўрмуз бўғозининг аҳамиятига эътибор қаратиш керак. Эрон ва Арабистон яримороли ўртасида жойлашган бу сув йўли Форс кўрфазини Уммон кўрфази ва Араб денгизи билан боғлайди. У Саудия Арабистони, БАА, Қувайт, Ироқ, Эрон ва бошқа минтақавий давлатлардан нефт ҳамда нефт маҳсулотларини жаҳон бозорига олиб чиқувчи асосий йўналишдир.
ХЭА маълумотларига кўра, 2025 йилда Ҳўрмуз бўғози орқали кунига ўртача 20 млн баррел хом нефт ва нефт маҳсулотлари ташилган. Бу денгиз орқали амалга ошириладиган жаҳон нефт савдосининг қарийб 25 фоизига тенг. Бўғоздан ўтган нефтнинг тахминан 80 фоизи Осиё бозорларига, хусусан, Хитой, Ҳиндистон ва Японияга йўналтирилган. Шу сабабли бўғоздаги узилишлар нафақат Яқин Шарқ, балки Осиёдаги йирик иқтисодиётлар учун ҳам жиддий муаммога айланди.
«World Energy Outlook 2026» ҳисоботида қайд этилишича, 2026 йилда Форс кўрфазидан жаҳон бозорига етказиб берилиши чекланган нефт ҳажми 2,8 млрд баррелга, газ таъминотидаги йўқотишлар эса 60 млрд куб метрга етган. Агентлик буни энергетика тарихидаги энг йирик таъминот шокларидан бири деб баҳоламоқда. Ноябр ойи ҳолатига кўра, инқироз ҳали якунланмаган.
Таъминотдаги бу узилишларни бошқа йўналишлар орқали қоплаш осон кечмаяпти. Саудия Арабистони ва БААда Ҳўрмуз бўғозини четлаб ўтувчи қувурлар бор, аммо уларнинг қуввати етарли эмас. ХЭА ҳисоб-китобича, муқобил қувурлар орқали кунига бор-йўғи 3,5–5,5 млн баррел нефт ташиш мумкин.
Нефт бозоридаги узилишлар истеъмолга ҳам таъсир қилди
Таъминот муаммолари нефт нархлари ва жаҳон истеъмолига бевосита таъсир кўрсатмоқда. Босим фақат хом нефт билан чекланмай, дизел ёқилғиси, авиация керосини ва суюлтирилган нефт гази (LPG) бозорларига ҳам ўтган.
ХЭА маълумотларига кўра, 2026 йилда жаҳон нефт истеъмоли кунига 2,7 млн баррелга камайиб, ўртача 102,3 млн баррелни ташкил этиши кутилмоқда. Бу 2020 йилдан буён йиллик истеъмолдаги илк пасайиш бўлади. Агентлик буни ёқилғи нархларининг юқорилиги, Форс кўрфазидан экспорт узилишлари ва истеъмолчиларнинг тежамкорликка ўтаётгани билан изоҳламоқда.
Хусусан, 2026 йилнинг иккинчи ва учинчи чоракларида нефт истеъмоли йиллик ҳисобда кунига ўртача 4,4 млн баррелга пасайган. Тўртинчи чоракда эса бу кўрсаткич 2,7 млн баррелгача секинлашиши прогноз қилинган. Шу билан бирга, ХЭА 2027 йилда жаҳон нефт истеъмоли қайта тикланиб, кунига 2 млн баррелга ўсишини кутмоқда.
Агентликнинг 13 ноябрдаги нефт бозори ҳисоботига кўра, уруш бошланганидан буён жаҳон нефт захиралари 462 млн баррелга қисқарган. Октябр ойида захиралар 52 млн баррелга кўпайган бўлса-да, қуруқликдаги захиралар 2016 йилдан бери энг паст даражада қолмоқда.
Нархлар ҳам кескин ўзгарган. Шимолий денгиз нефтининг «Dated Brent» нархи октябр бошидаги 136 долларлик чўққидан ҳисобот тайёрланган пайтда 93 долларга тушган. Европа бозорида дизел нархи шу даврда 11 фоизга пасайган бўлса-да, урушдан олдинги даражадан 77 фоиз юқори бўлиб, бир баррел учун қарийб 180 долларни ташкил этган. Бу рақамлар таъминот қисман тикланганда ҳам транспорт ва қайта ишлаш харажатлари юқорилигича қолиши мумкинлигини кўрсатади.
Электромобиллар нефтга талабни қанчалик камайтириши мумкин?
ХЭА ҳисоботидаги энг муҳим жиҳатлардан бири — давлатлар энергетика хавфсизлиги йўлида электрлаштиришни тезлаштириши мумкинлиги ҳақидаги таҳлилдир. Агентлик бунинг учун «Additional Response Case» (ARC) номли алоҳида сценарийни ишлаб чиқди. Унда импортчи давлатлар етказиб берувчилар ва йўналишларни диверсификация қилиши, маҳаллий манбалардан кўпроқ фойдаланиши, энергия самарадорлигини ошириши ҳамда транспорт ва бошқа тармоқларни тезроқ электрлаштириши кўзда тутилган.
Ушбу сценарийга кўра, 2035 йилда жаҳон нефт истеъмоли амалдаги сиёсатлар давом этадиган STEPS сценарийсига нисбатан кунига 4,4 млн баррелга кам бўлади. ARC сценарийсида талаб 2035 йилда кунига 97 млн баррелга, 2050 йилда эса 85 млн баррелга тушади. STEPS сценарийсида эса 2035 йилда истеъмол 101 млн баррелдан бироз юқори бўлиши кутилмоқда.
Бу фарқнинг асосий омилларидан бири — транспортни электрлаштиришдир. ХЭАга кўра, ARC сценарийсида электромобиллар 2035 йилга бориб кунига 11 млн баррелдан ортиқ нефт истеъмолининг ўрнини босиши мумкин.
Сценарийда биноларнинг энергия самарадорлигини ошириш, иссиқлик насосларидан фойдаланиш ва саноатда ёқилғи манбаларини ўзгартириш ҳам муҳим ўрин тутади. Агентлик фикрича, электрлаштириш иқтисодий жиҳатдан тобора рақобатбардош бўлиб бормоқда. Бироқ электр тармоқларининг етарли эмаслиги, қувватлаш станциялари ва энергия таъминотидаги чекловлар бу жараённи секинлаштириши мумкин.
Мамлакатлар нефтни бошқа йўллар билан етказишни ҳам режалаштирмоқда
Энергетика хавфсизлиги фақат истеъмолни қисқартириш билан чекланмайди. Ҳўрмуз бўғозидаги инқироз нефт ишлаб чиқарувчи давлатларни ҳам экспорт йўналишларини ўзгартиришга ундамоқда.
ХЭА ҳисоботида Ҳўрмуз бўғозини четлаб ўтувчи янги қувур лойиҳалари ҳам таҳлил қилинган. Умумий қуввати кунига 7 млн баррелгача бўлган лойиҳалар ҳозирда қурилиш ёки муҳокама босқичида. Уларни амалга ошириш учун тахминан 40 млрд доллар сармоя керак бўлади. Бу харажатлар Яқин Шарқдан экспорт қилинадиган нефтнинг ҳар бир баррели таннархига ўртача 2 доллар қўшиши мумкин.
Агентлик «Low Hormuz Case» номли яна бир сценарийни ишлаб чиққан. Унда янги қувурлар қурилиши, Яқин Шарқдан ташқарида қазиб олишнинг кўпайиши ва импортчи давлатларда истеъмолнинг камайиши биргаликда баҳоланган. Агар бу шартлар бажарилса, 2035 йилга бориб Ҳўрмуз бўғози орқали ташиладиган нефт ҳажми кунига 2 млн баррелгача қисқариши мумкин.
Бироқ ХЭА муҳим чекловни ҳам эслатади: Яқин Шарқдаги беқарорлик сақланиб қолса, муқобил экспорт йўллари ҳам хавф остида қолиши мумкин. Қолаверса, Ҳўрмуз бўғозига қарамликни камайтириш Яқин Шарқ нефтига бўлган умумий қарамликни йўқотмайди — минтақа барибир дунёдаги энг йирик нефт экспортчиси бўлиб қолади.
Энергетика хавфсизлиги
Эрон уруши давлатларни ташқи энергия қарамлиги ҳақида жиддий ўйлашга мажбур қилмоқда. ХЭА ҳисоботига кўра, келгуси стратегияларда учта асосий йўналиш кучаяди: етказиб берувчилар ва йўналишларни диверсификация қилиш, маҳаллий ресурслардан кенгроқ фойдаланиш ҳамда иқтисодиётни электрлаштириш.
Бунда қуёш ва шамол энергетикаси, атом электр станциялари ва бошқа манбаларнинг роли ортади. Масалан, ARC сценарийсида газ импорт қилувчи давлатларда қўшимча электр талабининг бир қисми қуёш, шамол, атом ва ҳатто кўмир станциялари ҳисобига қопланиши назарда тутилган.
ХЭА раҳбари Фотиҳ Биролнинг фикрича, Эрон урушидан кейин жаҳон энергетикаси аввалги ҳолатига тўлиқ қайтмаслиги мумкин. У давлатлар ташқи импортга қарам бўлиш ўрнига ўз ҳудудида энергия ишлаб чиқаришга кўпроқ эътибор қаратаётганини таъкидлади.
Шу билан бирга, нефтнинг яқин йиллардаги аҳамияти йўқолмайди. Амалдаги сиёсат сақланиб қолса, нефт талаби 2030 йилгача кунига 103 млн баррел атрофида туради, сўнгра аста-секин пасаяди. Талабни сезиларли қисқартириш учун эса фақат автомобилларни электрлаштириш кифоя қилмайди — кимё саноати, авиация ва юк ташиш соҳаларида ҳам технологик ўзгаришлар зарур.
Нефт даври тугамаяпти, аммо унга қарамлик ўзгариши мумкин
Эрон уруши жаҳон энергетика тизимининг заиф нуқталарини очиб берди. Ҳўрмуз бўғозидаги чекловлар импортчи давлатлар учун манбалар ва транспорт йўналишларини диверсификация қилиш қанчалик муҳим эканини кўрсатди.
ХЭА ҳисоботи бу инқироз узоқ муддатли қарорларга таъсир қилишини кўрсатмоқда. Электромобиллар, маҳаллий энергия ишлаб чиқариш, электрлаштириш ва янги қувурлар бозорнинг келгуси қиёфасини белгилаши мумкин. Бироқ нефт даври яқин орада тугайди деб бўлмайди — ҳатто энг тезкор камайиш сценарийсида ҳам 2035 йилда жаҳон истеъмоли кунига 97 млн баррел даражасида қолади.





