«Goldman Sachs» 2027 йил учун жаҳон иқтисодиёти прогнозини эълон қилди
Дунё иқтисодиёти 2027 йилда 2,8 фоизга ўсиши кутилмоқда. Таҳлилчиларга кўра, нефть нархи пасайиши ва сунъий интеллектга (СИ) киритиладиган йирик инвестициялар бу ўсишнинг асосий омилларидан бўлади. Хитойнинг экспорт фаоллиги минтақада рақобатни кучайтиради.
© Foto: bloomberg.com«Goldman Sachs» инвестиция банки прогнозига кўра, 2027 йилда глобал ялпи ички маҳсулотнинг (ЯИМ) ўсиш суръати 2,8 фоизни ташкил этади. Бу кўрсаткич 2026 йилда кутилаётган 2,7 фоизлик ўсишдан бироз юқори. Ҳисоботда қайд этилишича, жаҳон иқтисодиёти тезлашиши ортида иккита асосий омил ётибди: нефть нархининг пасайиши истеъмолчиларни қўллаб-қувватласа, сунъий интеллект ривожланиши инвестициялар оқимини кучайтиради.

Нефть арзонлашади, СИ соҳасига эса триллионлар йўналтирилади
Банк таҳлилчилари Яқин Шарқдаги таъминотнинг барқарорлашуви фонида «Brent» маркали нефть нархи 2027 йил охиригача бир баррель учун 78 долларгача тушишини прогноз қилмоқда. Энергия ресурсларининг арзонлашиши импортёр давлатларда истеъмол ва ишлаб чиқаришни рағбатлантириши, бироқ нефть экспортёрлари учун бюджет даромадларининг қисқаришига олиб келиши мумкин. Шунингдек, глобал миқёсда суюлтирилган табиий газ нархларининг ҳам меъёрлашуви кутилмоқда.
Шу билан бирга, глобал миқёсда сунъий интеллект соҳасига инвестициялар ҳажми 2026 йилдаги 1,1 триллион доллардан 2027 йилда 1,8 триллион долларгача ўсиши прогноз қилинмоқда. Ҳисоб-китобларга кўра, бу жаҳон иқтисодий ўсишига 0,4 фоиз, АҚШ иқтисодиётига эса 0,6 фоиз ҳисса қўшиши мумкин.
Хитой иқтисодиёти ва минтақа учун кутилаётган натижалар
«Goldman Sachs» таҳлилларига кўра, 2027 йилда Хитой иқтисодиёти 4,5 фоизга ўсади. Ички истеъмолнинг пастлиги шароитида ишлаб чиқаришни ушлаб туриш ва савдо балансини таъминлашда экспорт асосий драйвер бўлиб қолади.
Хитой Марказий Осиё, жумладан, Ўзбекистоннинг ҳам энг йирик савдо ҳамкорларидан бири ҳисобланади. Бу минтақа учун Хитой томонидан талабнинг сақланиб қолишини англатса-да, айни пайтда Хитой маҳсулотларининг ички ва ташқи бозорлардаги рақобати янада кучайишига олиб келади.
Минтақадаги нефть экспорт қилувчи давлатлар, масалан, Қозоғистон учун мазкур прогноз қатор иқтисодий оқибатларни келтириб чиқариши мумкин. Нархларнинг пасайиши экспорт тушумларига босим ўтказиб, нохомашё даромадлари ва бюджет харажатлари интизомини оширишни талаб қилади.
Хитойнинг экспортдаги фаоллиги эса маҳаллий саноат, айниқса, қайта ишлаш тармоқлари олдига маҳсулот сифати ва таннархни оптималлаштириш бўйича янги вазифаларни қўяди. Учинчидан, СИ соҳасидаги бум минтақада электр энергияси ҳамда дата-марказларга бўлган талабни ошириши кутилмоқда.
Инфляция ва марказий банкларнинг сиёсати
Прогнозга кўра, энергия нархлари пасайиши ҳисобига 2027 йилда глобал инфляция секинлашади. Хусусан, АҚШда асосий инфляция (core PCE) 2026 йил охиридаги 3,2 фоиздан 2027 йил якунига бориб 2,4 фоизгача пасайиши прогноз қилинган.
Банк сиёсатларига келсак, «Goldman Sachs» аксарият йирик иқтисодиётларда фоиз ставкалари сиёсатининг аста-секин юмшатилишини кутмоқда. АҚШ Федерал захира тизими инфляция босими сабабли ставкаларни 2026 йил декабрь ва 2027 йил мартда яна ошириши, бироқ 2027 йилнинг декабридан бошлаб ставкаларни пасайтириш циклига ўтиши мумкин. Европа Марказий банки ва Англия банкининг ҳам 2027 йил якуни ёки 2028 йил бошида юмшатиш сиёсатига ўтиши кутилмоқда.
Умуман олганда, «Goldman Sachs» прогнози дунё иқтисодиёти 2027 йилда барқарор, аммо сезиларли таркибий ўзгаришлар фонида ўсишини кўрсатмоқда. Нефть нархи тушган тақдирда ҳам, глобал иқтисодиёт сунъий интеллект каби янги тармоқлар ҳисобига тезлашиш имкониятига эга.





