Инфляция расман камайди, ички бозордаги қимматчилик эса давом этмоқда — МБ
Инфляция расман 8 фоизгача пасайган бўлса-да, бозорда нархлар баландлигича қолмоқда. Айниқса, лимон, ҳайдовчилик курслари ва никоҳ узуклари нархи кескин қимматлаб, аҳоли харажатлари сезиларли даражада ошган.

Марказий банк 2025 йил сентябр ойига оид инфляция кўрсаткичларини эълон қилди. Маълумотларга кўра, мамлакатда умумий инфляция даражаси 8 фоизгача пасайиб, ўтган ойга нисбатан 0,8 фоизга камайган.

Инфографика: Марказий банк
Инфляцияси 10 фоиздан юқори бўлган товар ва хизматлар улуши ҳам кескин қисқарган — 2022 йилда бу кўрсаткич 52 фоизни ташкил этган бўлса, жорий йил сентябрида 14 фоизга тушган.
Йил давомида айрим озиқ-овқат маҳсулотлари нархи арзонлашган: овқат ёғи 59,2 фоизга, сабзи 57,5 фоизга, помидор 31,5 фоизга, картошка эса 8,1 фоизга арзонлашган. Бироқ айрим маҳсулотларда нархлар кескин ошган — қовоқ 11 фоизга, лимон 52,6 фоизга, бақлажон эса 22,3 фоизга қимматлашган. Аҳоли инфляцион кутилмаларида ҳам озиқ-овқат маҳсулотлари нархининг ошиб боришига оид хавотирлар юқори даражада сақланиб қолмоқда.

Инфографика: Марказий банк
Нооозиқ-овқат маҳсулотлари орасида пропан (+7 фоиз), табиий газ (+11 фоиз) ва дезодорант (+10,5 фоиз) қимматлашган. Шу билан бирга, A4 қоғоз 3,7 фоизга, метан эса 19,3 фоизга арзонлашган. Қизиғи шундаки, глобал бозорда олтин нархининг кетма-кет ўсиши зардўзлик буюмларига ҳам таъсир кўрсатган — никоҳ узуклари 33,4 фоизга қимматлашган.
Хизматлар соҳасида суғурта хизматлари 3,1 фоизга, микромолиявий хизматлар 2,6 фоизга арзонлашган. Бироқ ҳайдовчилик курслари нархи 73,3 фоизга, транспорт хизматлари эса 57,8 фоизга ошган. Август ойида ҳам энг қимматлашган хизматлар рўйхатида ҳайдовчилик курслари етакчи бўлган эди. Vaqt.uz бу бўйича суриштирув ўтказиб, «права» олиш нархининг кескин ошиши сабабларини таҳлил қилган эди.
Умумий инфляция даражаси пасайган бўлса-да, бозордаги нарх-наволар юқорилигича қолмоқда. Озиқ-овқат маҳсулотларининг 68 фоизи қимматлашган, 32 фоизи арзонлашган. Ноозиқ-овқат товарларининг 86 фоизи қимматлашган, 14 фоизи арзонлашган. Хизматлар соҳасида эса 90 фоиз нархлар ошган, фақат 10 фоизида пасайиш кузатилган.
Марказий банкнинг 2025 йил сентябр ойи таҳлилий инфографикасида қайд этилишича, базавий инфляция май ойидан буён пасайишда давом этмоқда. Бу кўрсаткич маъмурий ёки мавсумий омиллар таъсирисиз ҳисобланиб, ички бозордаги ҳақиқий нарх босимини акс эттиради. Ҳозирда у йиллик 7 фоиз атрофида шаклланган.

Инфографика: Марказий банк
Шу билан бирга, энергия нархлари таъсирисиз инфляция ҳам охирги икки ойда пасайиш тенденциясига эга бўлган. Бу электр энергияси, табиий газ ва суюлтирилган ёқилғи нархларининг барқарорлашаётганини кўрсатади.
Иқтисодчи Отабек Бакировнинг таъкидлашича, ҳозирги барқарорликни узоқ муддатли тенденция сифатида баҳолашга ҳали эрта. Унинг фикрича, куз ва қиш мавсуми қандай кечиши, геосиёсий беқарорлик, урушнинг давом этиши ёки вақтинча тўхташи каби ташқи омиллар инфляция босимига сезиларли таъсир кўрсатиши мумкин.
Бакировнинг таъкидлашича, май ойида кескин ошган энергия нархларининг таъсири ҳозирча тўлиқ намоён бўлмаган. Айниқса, шимолий ҳудудларда иситиш мавсуми бошланиши билан табиий газ ва электр энергияси истеъмоли ортиши кутилмоқда. Октябр ойининг илиқ келиши бу жараённи қисқа муддатга кечиктирган бўлса-да, ноябрда бу таъсир кучайиши эҳтимолдан холи эмас.
Шунингдек, 80 маркали бензиндан воз кечиб, 92 ва ундан юқори октанли ёқилғига ўтиш ҳамда метан таъминотидаги узилишлар бозорда ҳали тўлиқ акс этмаган. Сўмнинг қисман мустаҳкамланиши ва нефть нархининг тушиши ёқилғи нархларининг ўсишини тўхтатишга етарли бўлмаган.
Иқтисодчининг фикрича, қўшни Қозоғистонда ҳам қатъий чораларга қарамай инфляциянинг янги тўлқини кузатилмоқда. Уруш таъсиридаги минтақаларда эса нархлар яна ўсмоқда.
Шундай шароитда, Марказий банк яқин кунларда асосий ставкани қайта кўриб чиқиши кутилмоқда. Бакировнинг фикрича, ставкани пасайтириш эҳтимоли бор, аммо баҳоргача пул-кредит сиёсати қаттиқлигича сақланса, бу қарор иқтисодий барқарорлик нуқтаи назаридан маъқул бўлади.
Теглар






