Logo

Ипотека кредитларини молиялаштириш асосан банклар ва компаниялар зиммасига ўтказилади

Бугун 18:502 дақиқа

Ўзбекистонда келгуси уч йилда ипотека кредитларини молиялаштиришда тижорат банклари ва Ипотекани қайта молиялаштириш компаниясининг улуши 43 фоиздан 60 фоизга етказилади. Бу орқали давлат бюджетидан камида 12 трлн сўм маблағни тежаш кўзда тутилган.

Ипотека кредитларини молиялаштириш асосан банклар ва компаниялар зиммасига ўтказилади © Foto: mfd.mos.ru

Ўзбекистонда кейинги уч йилда ипотека кредитларини молиялаштиришда банклар ва Ипотекани қайта молиялаштириш компаниясининг улушини 43 фоиздан 60 фоизга етказиш режалаштирилмоқда. Бу ҳақда 13-ноябрь куни президент Шавкат Мирзиёев 2027-йилги давлат бюджети лойиҳаси ва асосий макроиқтисодий кўрсаткичларга бағишланган йиғилишда маълум қилди.

«Ипотека бозори иқтисодий ўсишимизнинг асосий драйверларидан бирига айланди. Энди бюджетга тушадиган юкни камайтирган ҳолда уч йил ичида банклар ва ипотека компаниясининг бу бозордаги улушини ҳозирги 43 фоиздан 60 фоизга етказишимиз керак. Агар буни амалга оширсак, камида 12 трлн сўмни тежаймиз», — деди Мирзиёев.

Шу муносабат билан Иқтисодиёт ва молия вазири Жамшид Қўчқоров ҳамда Марказий банк раиси Тимур Ишметовга ипотекани молиялаштиришнинг янги механизмлари бўйича аниқ таклифлар киритиш вазифаси топширилди. Ушбу чора-тадбирлар фонида 2027-йилда ипотека кредитлари учун йўналтирилиши кутилаётган маблағлар ҳажми 2026-йил учун тасдиқланган кўрсаткичга нисбатан 2 трлн сўмга (8,7 фоизга) ошиши кўзда тутилмоқда.

Рақамлар ва жорий ҳолат

Иқтисодиёт ва молия вазирлиги тақдим этган маълумотларга кўра, 2026-йилнинг январ-сентябр ойларида ипотека дастури доирасида аҳолига жами 20,9 трлн сўмлик кредитлар ажратилган. Бу кўрсаткич ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 39 фоизга ёки 5,9 трлн сўмга кўпдир.

Ажратилган умумий маблағ қуйидаги манбалар ҳисобидан шакллантирилган:

12,8 трлн сўми — давлат бюджетидан;
6,1 трлн сўми — тижорат банкларининг ўз маблағларидан;
2 трлн сўми — Ипотекани қайта молиялаштириш компанияси ҳисобидан.

Бу дегани, тўққиз ой давомида амалда берилган кредитларнинг 61 фоизи бюджет ҳиссасига, 39 фоизга яқини эса банклар ва компания ҳиссасига тўғри келган.

2026-йилда ипотека бўйича бошланғич бадал ва фоиз тўловларини субсидиялаш учун жами 2,7 трлн сўм ажратилиши режа қилинган. 1-октябр ҳолатига кўра, субсидиялар учун амалда 1,21 трлн сўм тўлаб берилган. Унинг 800,3 млрд сўми фоиз тўловларининг бир қисмини қоплашга йўналтирилган бўлса, 407,8 млрд сўмни 13 722 нафар фуқаро уй-жой сотиб олишда бошланғич бадал сифатида олган.

Теглар

Мавзуга оид