Logo

Компютерларнинг ўзи хакерга айланмоқда: Тарихда биринчи марта тўлиқ автоматлаштирилган киберҳужум фош этилди

Бугун 18:204 дақиқа

Рус тилидан фойдаланган номаълум хакерлик гуруҳи ишлаб чиққан «exploit_agent» сунъий интеллект тизими мустақил равишда заифликларни топган, уларни бузиш учун код ёзган ва автоматик тарзда Франциянинг таълим ҳамда медиа сайтларига ҳужум уюштирган.

Компютерларнинг ўзи хакерга айланмоқда: Тарихда биринчи марта тўлиқ автоматлаштирилган киберҳужум фош этилди © SI asosida yaratilgan

«Google» компаниясининг кибертаҳдидларни ўрганувчи «Google Threat Intelligence Group» (GTIG) бўлинмаси тарихда биринчи марта сунъий интеллект тизимларидаги заифликларни топиш ва уларга ҳужум қилиш жараёни инсон аралашувисиз, мустақил амалга оширилган операцияни фош қилди.

Компаниянинг 2026 йил 16 ноябрда эълон қилган ҳисоботида айтилишича, рус тилидаги техник изоҳлардан фойдаланган номаълум хакер бир нечта сунъий интеллект агентларини бирлаштирувчи махсус «exploit_agent» тизимини яратган.

Мазкур тизим дастурий таъминотнинг хавфсизлик янгиланишларигача ва ундан кейинги ҳолатини ўзаро солиштириб, эҳтимолий бўшлиқларни излаб топган, улардан фойдаланиш учун махсус кодлар ёзган ва ҳужумни автоматик тарзда амалга оширган.

«Google» маълумотига кўра, хакерлар асосан Франциянинг медиа, кўнгилочар ва таълим тизимига оид веб-сайтларини нишонга олган.

Ҳужум қандай амалга оширилган?

«Google» мутахассислари номаълум хакер томонидан очиқ қолдирилган серверни топишга муваффақ бўлган. Ушбу серверга бир нечта илғор ва маҳаллий тил моделлари билан ишловчи сунъий интеллект агентлари тизими ўрнатилган эди.

«exploit_agent» деб номланган ушбу тизим бир қатор вазифаларни мустақил бажаришга дастурлаштирилган:

·         Оммабоп веб-иловаларнинг дастурий кодини таҳлил қилиш;

·         Хавфсизлик янгиланишларидан олдинги ва кейинги ўзгаришларни ўзаро таққослаш;

·         Янгиланиш жараёнида бартараф этилган заифликларни аниқлаш;

·         Топилган заифликлардан фойдаланиш учун код ёзиш ва уни автоматик ишга тушириш.

Бу жараёнда тизим ҳар бир босқични инсоннинг буйруғисиз, мустақил равишда бажарган. «Google» ушбу ҳодисани аввалги кузатувларидан тубдан фарқ қилувчи, яъни заифликни топишдан тортиб, унга ҳужум қилишгача бўлган жараённинг тўлиқ автоматлаштирилгани билан ўта муҳим ўзгариш сифатида баҳоламоқда.

Хакерлар қандай зарар етказиши мумкин эди?

«Google» аниқлаган серверда ҳужумдан сўнг ишга туширилиши мўлжалланган яна бир нечта қўшимча дастур кодлари ҳам топилган.

Улар тизимга бузиб кирилгач, ички тармоқни ўрганиш, паролларни тахмин қилиш йўли билан бузиш, яширин веб-кодларни ўрнатиш ҳамда бошқа хакерлар қолдирган шунга ўхшаш кодларни ўчириб ташлаш каби вазифаларни бажаришга хизмат қилган.

Шунингдек, компания нишонга олинган ташкилотлардан ўғирланган маълумотлар ҳам серверда сақланганини маълум қилди. Бу эса киберҳужум натижасида маълумотлар сизиб чиққанини тасдиқлайди.

Бироқ «Google» қанча ташкилот зарар кўргани, ўғирланган маълумотлар ҳажми ва етказилган молиявий зарар кўламини очиқламаган.

Хакерлар рус тилидан фойдаланган

«Google» мутахассислари текширган сервердаги техник ҳужжатлар ва конфигурация файлларида рус тилида ёзилган изоҳлар топилган.

Улар орасида сунъий интеллект моделларининг API калитларини чат орқали эмас, балки махсус конфигурация файлига киритиш зарурлиги ҳақидаги кўрсатма ҳам бўлган.

Шу боис, бир қатор халқаро нашрлар ушбу ҳужумни рус тилида сўзлашувчи хакерлар билан боғламоқда.

Бироқ «Google» ҳужум ортида айнан қайси хакерлик гуруҳи ёки давлат турганини очиқламаган.

Бу ҳодиса нима учун муҳим?

«Google»нинг сентябр ойидаги аввалги ҳисоботида ҳам хакерлар сунъий интеллектдан заифликларни излаш, код ёзиш ва ҳужумларни тезлаштириш мақсадида фойдаланаётгани қайд этилган эди. Бироқ ўша вақтда компания нишонга олинган тизимларга қарши тўлиқ мустақил ҳужум занжирлари қўлланганини ҳали кузатмаганини билдирган эди.

16 ноябрда эълон қилинган янги ҳисобот эса вазият бутунлай ўзгарганини кўрсатди.

«Google» маълумотларига кўра, ҳозирда бошқа хакерлик гуруҳлари ҳам «CAIRN», «PentAGI», «CyberStrikeAI» ва «ARTEX» каби сунъий интеллектга асосланган воситалардан фаол фойдаланмоқда.

Масалан, «CAIRN» тизими АҚШдаги аэрокосмик саноат ташкилотига қарши ҳужумда қўлланган. «PentAGI» асосида яратилган бошқа бир тизим эса Осиёдаги бир қатор ташкилотларни ўрганиш ва уларнинг заифликларини аниқлашда ишлатилган.

«Google» бундай воситалар киберҳужумларнинг тезлиги ва кўламини ошираётганини таъкидламоқда. Бироқ компаниянинг кузатувларига қараганда, бу тизимлар ҳозирча яширин ҳаракат қилишдан кўра тезликка кўпроқ урғу беради. Автоматлаштирилган операциялар тармоқда бемалол аниқлаш мумкин бўлган изларни қолдиради.

Оддий дастурий хатолар ҳам жиддий кибертаҳдидга айланиши мумкин

Ҳужумнинг ўзида бутунлай янги заифлик кашф этилмаган. «Google» таъкидлашича, тизим дастурий таъминотдаги хавфсизлик янгиланишларини таҳлил қилиш орқали аввал мавжуд бўлган ва бартараф этилган бўшлиқларни аниқлашга уринган.

Киберхавфсизлик соҳасида бундай заифликлар «n-day» деб аталади. Бу дастур ишлаб чиқарувчиси томонидан ошкор қилинган ёки тузатилган, аммо барча фойдаланувчилар ҳам ҳали янгилаб улгурмаган камчиликларни англатади.

Бу жараён хакерларга янгиланмаган тизимларни тезроқ топиш имконини беради. Шу сабабли «Google» ташкилотларни дастурий таъминотни ўз вақтида янгилашга, интернетга очиқ серверларни назорат қилишга ва автоматлаштирилган ҳужумларни аниқлаш тизимларини кучайтиришга чақирмоқда.

Компаниянинг хулосасига кўра, сунъий интеллект агентларидан фойдаланадиган хакерлик воситалари келгусида янада кенг тарқалиши мумкин.

Теглар

Мавзуга оид

Компютерларнинг ўзи хакерга айланмоқда: Тарихда биринчи марта тўлиқ автоматлаштирилган киберҳужум фош этилди | Vaqt.uz