Мактабдаги ўқувчи қизлар жанжали ортидан 12 ота-она жазоланди

21.10.2025 | 11:301 дақиқа

Ургут туманида мактаб ўқувчиларининг жанжаллашуви катта можарога айланди. Ҳолат юзасидан Самарқанд вилояти Мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси расмий изоҳ берди.

Мактабдаги ўқувчи қизлар жанжали ортидан 12 ота-она жазоланди

Самарқанд вилоятининг Ургут туманида 41-умумтаълим мактаби ўқувчи қизлари ўртасида жанжал юз берди. Ижтимоий тармоқларда тарқалган видеода қизлар бир-бирининг сочидан юлиб, жанжаллашаётгани акс этган. Ҳолат юзасидан Самарқанд вилояти Мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси расмий изоҳ берди.

Маълумотларга кўра, Самарқанд вилояти Мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси ҳамда туман ички ишлар бўлими томонидан ишчи гуруҳ тузилиб, воқеа атрофлича ўрганилган.

Маълум бўлишича, жанжал жорий йилнинг 13 октябрида икки 9-синф ўқувчиси — «А» синфдаги Ф.Ф. ва «Б» синфдаги Р.Г. ўртасида телефон орқали келиб чиққан баҳс ортидан юз берган. Улар 14 октябр куни Қоратепа маҳалласидаги Сарбозор кўчасида учрашиб, жанжаллашишган.

Воқеа пайтида бошқа синфдошлари ҳам бўлгани аниқланган. Бошқарма маълумотига кўра, ҳолатдан сўнг мактабда ўқувчилар ва уларнинг ота-оналари иштирокида профилактик суҳбатлар ўтказилган. Болаларга интернетдаги ахлоқий меъёрлар ва жамоат тартибини сақлаш зарурлиги тушунтирилган.

Туман ички ишлар бўлими томонидан ҳолатда иштирок этган 12 нафар ўқувчининг ота-оналарига нисбатан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 47-моддасига асосан маъмурий баённома расмийлаштирилди. Мазкур модда вояга етмаганларнинг хулқ-атвори учун жавобгарликни таъминлашни назарда тутади.

Теглар

Мавзуга оид