Марказий банк 11 та банкни жаримага тортди

Банк назорати қўмитаси феврал ойида жами 7 марта йиғилиш ўтказиб, жами 43 та масалани кўриб чиққан.

Марказий банк 11 та банкни жаримага тортди

Марказий банкнинг Банк назорати қўмитаси томонидан 2026 йилнинг февраль ойидаги йиғилишлар (жами 7 марта) давомида 43 та масала кўриб чиқилди ва улар бўйича тегишли қарорлар қабул қилди. Бу ҳақда Марказий банк ахборот хизмати хабар берди.

Кўриб чиқилган масалалар

Маълум бўлишича, кўриб чиқилган масалаларнинг 30 таси рўйхатга олиш ва рухсат бериш йўналишига тўғри келди. Жумладан, 3 та ҳолатда кредит ташкилотлари уставига киритилган ўзгартишлар рўйхатдан ўтказилган, 1 та кредит ташкилотларининг устав фондидаги улушига эгалик қилиш учун рухсат бериш, 6 та банкларда аудит ўтказиш ҳуқуқини бериш учун аудиторлик малака сертификатини тақдим этиш, 5 та микромолия ташкилотларини ҳисоб рўйхатидан ўтказиш, 1 та тўлов ташкилоти фаолиятини амалга ошириш учун лицензияни қайта расмийлаштириш, шунингдек, 14 та тижорат банклари кузатув кенгаши ва бошқаруви аъзолари ҳамда муҳим аҳамиятга эга ходимларининг номзодларини кўриб чиқиш билан боғлиқ масалалар муҳокама қилинган.

Шу билан бирга, кредит ташкилотларининг молиявий ҳолатига доир 13 та масала ҳам кўриб чиқилди. Уларда Марказий банкнинг кўрсатмалари ва пруденсиал меъёрлари талабларининг бажарилиши, тижорат банкларида ўтказилган инспекция натижалари, банк хизматлари истеъмолчиларининг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, банк ва тўлов ташкилотларида киберхавфсизлик талабларига риоя этиш ҳамда ташкилотларнинг молиявий хизматларини “тартибга солиш қумдони” доирасида синовдан ўтказиш масалалари кўриб чиқилган.

Жаримага тортилган банклар

Фаолиятини қонунчилик талабларига мувофиқ ташкил этмагани, шунингдек инспекция ва ўрганишлар давомида аниқланган камчиликлар сабаб 11 та банк жаримага тортилди.

14 банк ва 4 та тўлов ташкилоти эса пруденсиал норматив талабларига риоя этилмаганлиги, ўз фаолиятини қонунчилик ҳужжатлари талабларига белгиланган тартибда мувофиқлаштирмаганлиги ҳамда ўрганишлар давомида аниқланган камчиликлар учун чора ва санкциялар қўлланилиши мумкинлиги ҳақида огоҳлантириш берилди.

Бундан ташқари, 8 та банк бўйича эҳтимолий йўқотишларнинг молиявий барқарорликка салбий таъсирини камайтириш ва макропруденсиал буферлар шакллантиришни таъминлаш мақсадида акциядорларга оддий акциялар бўйича дивиденд тўлаш орқали фойдани тақсимламаслик талаби белгиланди.

Теглар

Мавзуга оид