
«Отам бахтли бўлишини истайман» — Саида Мирзиёева уйидаги муҳит, экология ва таълим ҳақида
Президент Администрацияси раҳбари Саида Мирзиёева журналист Кирилл Алтманнинг «Alter Ego» дастурига интервю бериб ўзи, дўстлари, онаси, уйидаги муҳит, экология ва таълим ҳақида гапирди.

Президент Администрация раҳбари Саида Мирзиёева журналист Кирилл Алтманнинг «Alter Ego» дастурига берган интервюсининг навбатдаги қисмини тақдим этамиз.
— Сиз қанчалик кучли ўзгардингиз? Айтайлик, 2016 йилнинг январидан 2026 йилнинг январигача бўлган даврни олайлик. 10 йил ичида ички томондан қанчалик ўзгардингиз?
— Мураккаб савол. Ташқаридан яхшироқ кўринса керак, а? Мен кўпроқ сабрли бўла бошладим. Шунингдек, импулсивлигим камайди. Менимча бу жуда катта натижа. Нарсаларга каттароқ миқёсда назар ташлай бошласанг шахсият кўлами ҳам ўзгара бошларкан.
— Лекин бу сиз истаган нарса эмасми?
— Яхши савол. Бу саволни мен ўзимга ҳам тез-тез бериб тураман. Мен истаган нарса аслида шумиди, деб. Мен отам бахтли бўлиши истайман. У эса ҳамма ўйлаган орзулари амалга ошсагина ўзини бахтли ҳис қилади. Унинг орзулари эса улкан, кенг қамровли. Уларнинг барчаси халқ билан чамбарчас боғлиқ.
— Президентнинг қизи, деган статусга эга бўлганингиздан сўнг одамларнинг сизга бўлган муносабати қандай ўзгарди? Уни ҳис қила бошладингизми?
— Биласизми, мен жуда тор доирадаги одамлар билан мулоқот қиламан. Барча дўстларим мен билан камида 20 йилдан буён бирга. Камида. Янги дўстлар орттирмаганман. Мен йиллар синовидан ўтган муносабатларни қадрлайман.
Менинг болаликдан бирга бўлган дугоналарим бор. Ҳамон ўшалар билан биргаман. Шу сабаб, уларнинг менга бўлган муносабати қандайдир ўзгарди, дея олмайман.
— Саройдаги интригаларга қандай муносабатдасиз? Сир эмаски, бунақа ҳолатлар ҳам бўлиб туради.
— Ҳа энди бу сарой ҳаётининг бир қисми. Улар бўлиб келган, бўлаверади. Биз биринчиси ҳам, охиргиси ҳам эмасмиз. Ва бу нормал ҳолат. Айнан шу жойда донолик зарур бўлади, характер кўрсатиш керак бўлади.
— Менда кучли характерли инсон таассуроти пайдо бўлди. Бу орттирилган сифатми?
— Йўқ. Мен доимо характерли инсон бўлганман. Доимо лидер бўлганман. Мудом юқори ва катта нарсаларга интилиб келганман. Айтдим-ку, болалигимдан отам мени шахс сифатида, мени ҳурмат қилиш керак, дея тарбиялаган. Саида айтдими, демак шундай бўлади, деб. Бунга ҳамма бўйсунарди. Ҳаттоки ойим ҳам мен билан ҳисоблашарди. У сен синчков нигоҳ билан туғилгансан, деб айтарди.
Дунёга келган биринчи кунингдан атрофингдаги барчага синчков савол нигоҳи билан боққан эканман. Бизни янада яхшироқ бўлишимиз учун ҳаракат қилган.
— Ойингиз ҳақида гапириб беринг. Улар нақадар фарқли?
— Отам биланми?
— Ҳа.
— Шундай бўлиши ҳам керак, деб ўйлайман. Бу — мувозанат. Унда аёллик энергияси бор. Улар идеал эр-хотин жуфтлиги. Отам етакчилик қилувчи эркак, ойим эса ўзининг меҳри, муҳаббати ва харизмаси билан хонадонни ёритувчи.
— Характерингизнинг энг кучли жиҳати нимада деб ўйлайсиз?
— Мен инсонларни танлашни биламан, деб ўйлайман. Бу интуиция даражасида. Бу иқтидор бўлса керак. Мен туғилганимизда Худо бизга мақсадларимизга эришиш учун маълум бир иқтидор беришига ишонаман. Шундай иқтидорни менга ҳам берган ва ундан фойдаланаяптман.
— Ёмон жиҳатлари-чи?
— Менда ёмон жиҳатлар йўқ. Мен ўз ўзимга жуда талабчанман. Шу мени қийнайди. Балким бу яхшидир, балким ёмондир. Менга шу жиҳатим билан яшаш қийин. Мен ўзимни максимал даражада қатъий рамкаларда ушлаб тураман.
— Ижтимоий лойиҳалар билан жуда кўп ишлайсиз. Сизда қандайдир эзгу ишни амалга оширганликни белгиловчи кўрсаткич борми? Уларнинг бажарилишиник кузатиб турасизми?
— Мен барча лойиҳаларимни кузатиб бораман. Бироқ жуда кўп лойиҳаларим узоқ муддатга мўлжалланган. Таълим дейсизми, ёки тиббиёт дейсизми. Бу лойиҳаларда натижани эртагаёқа қўл билан ушлаб кўриб бўлмайди. Йилларни талаб қилади.
Энг сўнгги эзгу лойиҳаларимизжан бири экология билан боғлиқ лойиҳа бўлса керак. Мен ҳар эрталаб кунни IQ Airʼни текширишдан бошлайман.
— Ниманинг эвазига кўринарли муваффақиятларга тезда эришилмоқда? Ойлаб ижтимоий тармоқларда бонг урилган, ҳамма билиб, тушуниб турган масала қандайдир 2-3 кун ичида ҳал бўлиб кетди. Нима қилдингиз?
Биз барча имкониятларни сафарбар қилдик, ўша куни, ўша кечдаёқ барча ишлар учун Президентдан рухсат олдик. У бизни қўллаб-қувватлади.
Биз шунчаки экологиянинг муҳимлик даражасини кўтардик, барча кучларимизни жамлаб, ҳаммасини қатъий назорат остига олдик. Рейдлар ва ҳоказолар ўтказилгани эсингиздадир. Буларнинг барчаси тезда натижаларга олиб келди, деб ўйлайман. Мана, бугунги кунлар ҳам ҳам совуқ, уйлар истилмоқда. Мен ўзимнинг уйимни иситмайман. Уйимиз негабу қадар салқин, деган саволга иқтисод қилиш ва экологияни асраш керак, дейман. Чунки биз уйимиз иссиқ бўлишига кўникиб қолганмиз. Аслида, 21-23 даража илиқлик энг яхши ҳарорат. Шу ҳароратни ушлаб туриш керак, барча врачлар ҳам шуни тавсия қилишади. Болалар ҳам чиниқиб, соғлом бўлишади. Европада ҳам одамлар уйида ҳам иссиқ кийиниб юришади. Биз эса уйни иситиб, енгил кийиниб юришга одатланганмиз. Уй доим иссиқ бўлиши керак
Европага бориб кўринг. Яқинда Германияга бориб келдим. Уларда катта уйлар умуман иситилмас экан. Поъездан кираётиб буни сезасиз. Улар иқтисод қилишади. Уй ичи салқин, ванналари ҳам совуқ. Жанубий Кореяни олинг. Жуда совуқ уйлари. Уларда шундай маданият шаклланган. Биз ҳам шу маданиятга келишимиз керак, деб ўйлайман.
Хуллас, мен ўз болаларимдан бошладим. Ўзи бизда ҳамма нарса менинг уйимдан бошланади. Болаларим «тажриба қуёнлари». Барча «ислоҳотчи она»га кўникиб бўлишган.
— Экология соҳасида қўлланилаётган чоралар нақадар барқарор, деб ўйлайсиз? 2026 йилдан нималарни кутсак бўлади? Ифлосланган ҳаво қайталамайдими?
— Биз ҳозир бизнесга экология муҳимлигини максимал тушунтирмоқдамиз. Корхоналар ҳаво тозаловчи филтрлар ўрнатишлари керак. Экология муҳим. Бу шунчаки маданият. Бу бизнес юритиш маданияти. У хоҳ давлат, хоҳ хусусий бўлсин.
Биз ҳам давлат, ҳам хусусий бизнес билан бироз ишладик, тушунтириш ишлари олиб бордик. Барча жойда филтрлар ўрнатишни талаб қилмоқдамиз. Бу ўз натижасини бермоқда.
Бу ҳолат машиналар билан боғлиқ. Халқ вазиятни тушуниши керак, ўз зиммасига масъулият олиши керак. Ҳар ким ислоҳотни ўзидан бошлаши керак. Ҳали машиналар билан ҳам ишлаймиз. COVID-19 вақти эсингиздами, экология қандай эди? Ҳаво тоза, қушлар овози эшитилиб қолганди. Демак, буларнинг барчасига эришса бўлади.
Бу мураккаб масала. Шу сабаб ҳар куни IQ Airʼни текшириб тураман. Ҳозир энди биз эмас, Ҳиндистон етакчи. Бир қарасангиз, бой давлат, жаҳоннинг етакчи иқтисодиётларидан бири. Лекин масалани еча олишмаяпти.
— Мамлакат катта, турли-туман, бунинг ҳам таъсири бўлса керак. Савол бошқа жойда: нега одамлар ўзларига зиён етказаётганини англаб етишмайди? Нега давлат кўринишидаги болға керак?
— Бу таълим билан келадиган нарса. Бу вақт талаб қилади. Тарбия керак бўлади. Сиз инсонларнинг дунёқараши, масъулияти билан боғлиқ деяпсиз. Буни фақат таълим бериш йўли билан ўргатишимиз мумкин. Айниқса болаларга.
Юқорида ҳам айтдим, барча лойиҳаларимиз узоқ муддатли, деб. Бу жуда узоқ жараён. Бугун қўлимиздан келадиган нарсани албатта амалга ошираверамиз. Албатта, мен буни назорат қиламан.
— Таълимга ҳам саволларимиз кўп. Тиббиётга ҳам жумладан. Сир эмаски, таълим тизимимиз лидерча фикрлашдан мосуво этилган ташаббусиз талабаларни тайёрламоқда. Катталар нима деса, шуни қилиш керак, деган қараш билан.
— Бу советча тизимга хос, агар эсласангиз. У пайтда мафкура шундай бўлган. Коллектив муҳим бўлган, лидерлар эмас.
Бу эса, фикримча, барча постсовет давлатларининг муаммоси ва фожиаси. Умуман, бугунги кунда таълим соҳасига катта саволларимиз бор. Масалан, 20 ёшни қаршилаган ўғлим бутун жаҳонда таълимни ислоҳ қилиш кераклиги, у замондан орқада қолаётганидан ёзғиради. Таълим бугунги кун талабларига, эҳтиёжларига жавоб бермаяпти.
— У шунчаки жаҳонда бўлаётган ўзгаришлар ортидан ета олмаяпти.
— Биласизми, бу жуда мураккаб жараён. Бизнинг талабамиз портретини оладиган бўлсак… Жаҳонга ўзи ҳозир айнан ким керак, қандай шахсларга эҳтиёж бор? Биласизми, ҳаттоки биз ҳам тараққиётдан ортда қолмаслик учун доим ўқиш ва изланишда бўлишимиз керак. Тараққиёт етти милли қадамлар билан елиб бормоқда.
Мени таълим қандай ва қайси йўналишларда ривожланаётгани эмас, жаҳонда нималар деградацияга учраётгани кўпроқ ташвишлантирмоқда. Фикримча, барибир масъулиятни ўз зиммамизга олишмиз керак. Агар инсон ўз олдига таълим оламан деб мақсад қўйган бўлса, агар у ўз устида ишласа, истаган жойда таълим олиши мумкин.
Ҳозир онлайн курслар даври келди, онлайн таълим оммалашди,, осонлашди. Мен бутун мамлакат бўйича умумий гапираётганим йўқ.
— Давлат унинг ўрнига ҳал қилиши керакми? Рулдаги инсон ҳақида жавоб беринг-чи. Ҳамма давлат келиб, муаммомни ҳал қилиб беради, деб кутади. Бундай бўлиши керак эмас-ку?
— Бу гапни сиз менга фуқаро сифатида айтаяпсиз.
— Ҳа, ғояга кўра бундай бўлиши керак эмас. Лекин мендайлар кам-да. Аксарият кимдир келиб, ниманидир ҳал қилишини кутади.
— Бу яна дунёқараш, майндсет билан боғлиқ. Масъулиятни ўз зиммасига олган инсонларнинг барчаси муваффақиятга эришишади. Албатта эришишади. Агар сен ўз ҳаётинг учун масъулиятни ўз зимангга олиб, ўз келажагинг, фарзандларинг келажаги учун барча юкларни ўз гарданингга олсанг, муваффақият кафолатланган.





