Logo

ОТБ Ўзбекистонга чорвачилик учун 60 млн доллар қарз бермоқчи

Ушбу кредитга қўшимча равишда лойиҳага яна икки манбадан грант маблағлари жалб қилинади. Уларнинг умумий суммаси 8 млн доллар. Банк бу пулларга айнан нималар қилинишини ҳам айтди.

ОТБ Ўзбекистонга чорвачилик учун 60 млн доллар қарз бермоқчи © vaqt.uz

Осиё тараққиёт банки (ОТБ) Ўзбекистонда чорвачилик самарадорлигини ошириш ва унинг иқлим ўзгариши таъсирига чидамлилигини кучайтириш учун 60 млн долларлик имтиёзли кредит ажратишни маъқуллади. Лойиҳа мамлакатнинг бешта ҳудудидаги қарийб 29 мингта кичик фермер хўжалигини қамраб олади. Бу ҳақда банкнинг ўзи хабар берди.

«Барқарор чорвачиликни ривожлантириш» лойиҳаси Бухоро, Қашқадарё, Навоий ва Самарқанд вилоятлари, шунингдек, Қорақалпоғистон Республикасида амалга оширилади.

Лойиҳадан кўзланган асосий мақсад — фермерларнинг чорва учун озуқага бўлган эҳтиёжини қондириш, ветеринария хизматларини яхшилаш ва яйловлардан самарали фойдаланишни йўлга қўйиш.

Лойиҳа доирасида қурғоқчилик, ҳаддан ташқари иссиқ ва сув танқислиги каби муаммоларга мослашиш чоралари ҳам кўрилади. Жумладан, яйловлардан фойдаланиш тартиби яхшиланади, қурғоқчилик ва шўрланишга чидамли ем-хашак экинлари етиштириш кенгайтирилади, чорва моллари учун сув ичиш жойлари тикланади ҳамда озуқа таъминоти яхшиланади.

Шунингдек, ветеринария ва фермерларга маслаҳат бериш хизматлари замонавий рақамли технологиялар ёрдамида кенгайтирилади.

Бунинг учун сунъий интеллект ёрдамида яйловлар ҳолатини кузатиш, фермерларга тавсиялар берадиган ва хавфлар ҳақида олдиндан огоҳлантирадиган мобил илова яратиш режалаштирилган. Бундан ташқари, маҳаллаларда ветеринария хизматлари ҳам такомиллаштирилади.

Чорвачилик билан шуғулланадиган аёлларни қўллаб-қувватлашга ҳам алоҳида эътибор қаратилади. Улар учун махсус ўқув курслари ташкил этилади, ем-хашак етиштиришда ёрдам берилади. Шунингдек, аёлларнинг тадбиркорлик фаолиятида қатнашиши ва қарорлар қабул қилишдаги иштирокини кенгайтириш кўзда тутилган.

ОТБ ажратадиган 60 млн долларлик кредитга қўшимча равишда лойиҳа учун яна икки манбадан грант маблағлари жалб қилинади.

Жумладан, Яшил иқлим жамғармаси (GCF)нинг «Музликлардан фермер хўжаликларигача» дастури доирасида 5 млн доллар, Япония ҳукумати молиялаштирадиган ОТБнинг Осиё ва Тинч океани минтақасидаги фаровонлик ва барқарорлик жамғармасидан (JFPR) эса 3 млн доллар грант ажратилади.

ОТБнинг Ўзбекистондаги доимий ваколатхонаси раҳбари Канокпан Лао-Араянинг таъкидлашича, чорвачилик мамлакат қишлоқ аҳолиси учун даромад ва озиқ-овқатнинг муҳим манбаларидан бири ҳисобланади. Бироқ бу соҳа қурғоқчилик, ҳаддан ташқари иссиқ ва сув танқислиги каби муаммоларга дуч келмоқда.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Осиё тараққиёт банки Ўзбекистонда яримўтказгич саноатини ривожлантириш учун 50 минг доллар, электр тармоқларини яхшилаш учун 200 млн доллар қарз беришга қарор қилганди. Жаҳон банки эса электр тақсимлаш тизимларини модернизация қилиш учун 100 млн доллар қарз беришини маълум қилганди.

Теглар

Мавзуга оид