
Ўйнаб гапирсанг ҳам ўйлаб гапир: 2025 йил «қовун»лари
Йиллар ўтади, бўлиб ўтган воқеалар эса халқ хотирасида турли номлар билан муҳрланади. 2025 йилда айрим амалдорларнинг чиқишлари кенг жамоатчилик муҳокамасига сабаб бўлди.
Турли воқеаларга бой бўлган 2025 йил ортда қолмоқда. Ўтган йил деҳқончилик баракали келиб, қовун-тарвуз ҳам мўл бўлди. Шу билан бирга, мулозимлар ҳам катта-катта ва «бемаза» қовунлар туширишда давом этишди. Бу қовунларнинг «ҳиди» ижтимоий тармоқларда ҳам баралла тарқала бошлади. Биз эса йил давомида туширилган ва ёрилган «қовун»ларни бир жойга жамлаб чиқдик.
«Косаси оқармайдиган халқ»
Аҳолининг кундалик ҳаёти ва реал яшаш шароитларни инобатга олмасдан эҳтиётсизлик билан қилинган чиқишлардан бири «Миллий тикланиш» партияси раҳбари Алишер Қодировнинг газдан фойдаланиш масаласидаги баёноти бўлди.
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати, «Миллий тикланиш» демократик партияси фракцияси раҳбари «газни уй иситиш ва овқат пиширишга ишлатиб юборган халқнинг косаси оқармайди», — деб юборди.
Алишер Қодиров ўзининг Telegram’даги саҳифасида табиий газ қимматли ресурс экани, 1 куб газдан 10 га яқин юқори қийматли, экспортбоп маҳсулот ишлаб чиқариш, хорижга сотиш ва унинг пулига миллионлаб одамларни иш билан таъминлаш мумкинлигини ёзган эди. Унинг таъкидлашича, электр энергияси ишлаб чиқаришни кўпайтириб, газ ўрнига электр энергиясидан фойдаланишни ўрганиш керак.
Гарчи унинг гаплари замирида ҳақиқат бўлса ҳам, гапнинг қурилмаси интернет фойдаланувчиларини жунбишга келтирди. У навбатдаги нафрат тўлқини остида қолиб кетди. Алишер Қодировга «йилнинг энг аччиқ қовуни» насиб этди.
Ишдаги ишқ: селекторда «қўлга тушган» амалдор
Ижтимоий тармоқларда давлат хизматчисининг ўз хизмат хонасида аёл кишини қучоқлаб ўтиргани акс этган сурат тарқалиб, кенг муҳокамаларга сабаб бўлди. Бу ҳолатни ҳеч иккиланмай «йилнинг энг бемаза қовуни», деб айтишимиз мумкин.
Каттақўрғон шаҳрида содир бўлган ушбу ҳолат селектор йиғилиши вақтида Zoom камерасига тушиб қолган.
Селектор давомида «қўлга тушган» амалдор Каттақўрғон шаҳар Камбағалликни қисқартириш ва бандлик бўлими бошлиғи бўлган. У мазкур лавозимга тайинланишидан аввал ҳоким ёрдамчиси сифатида фаолият юритган. Аёлнинг шахси ва лавозими эса очиқланмаган.
Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги ҳолат юзасидан расмий муносабат билдириб, одоб-ахлоқ қоидаларини бузган ходимлар билан меҳнат шартномаси бекор қилинганини маълум қилди. Вазирлик ўз тизимида хизмат интизоми ва одоб-ахлоқ меъёрларига нисбатан муросасизлик тамойилига амал қилинишини таъкидлади.
Ишхонада наша чеккан амалдор
Юқоридаги тилга олинган ҳолат Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлигидаги илк ахлоқий можаро эмас.
Андижон шаҳри бандлик бўлими раҳбарияти ҳам хизмат хонасида гашиш гиёҳванд моддасини истеъмол қилиб, тилларга тушди, кулги ва муҳокама марказида қолди.
9 апрель куни Андижон шаҳар Камбағалликни қисқартириш ва бандликка кўмаклашиш бўлими бошлиғи ўринбосарининг хизмат хонасида гиёҳванд модда истеъмол қилаётгани акс этган суратлар тарқалиб, жамоатчилик норозилигига сабаб бўлди. Шундан сўнг бўлим бошлиғи ва унинг ўринбосари ишдан бўшатилди.
Ички ишлар вазирлиги маълумотига кўра, 0,69 грамм гашиш мусодара қилинган ва ҳолат юзасидан жиноят иши қўзғатилган. Бу воқеани ҳеч иккиланмасдан йилнинг «ҳиди маст қилувчи қовун»и деб аташимиз мумкин.
Тандирларга қарши «уруш»
Юқорининг топшириғини бажараман, дея «салла» дейилса, «калласи»ни олиб келадиган ҳоким ва мулозимлар кўплигига ҳам кўникиб қолдик. Ҳар қандай эзгу ташаббусни обрўсизлантириб, лойга қориштирувчи ҳокимлардан бир яна Андижон вилоятида «лаббай» деб ўртага чиқди.
Вилоятда гўёки «экологик вазиятни яхшилаш» важи билан сомсахоналарнинг тандирларини буздирган Шаҳрихон тумани ҳокими Ҳикматулла Дадахоновга интизомий жазо сифатида «ҳайфсан» берилди.
Шаҳрихон тумани ҳокими экологик рейд чоғида айрим сомсахоналар тандирларини бузишга буюргани ва ходимларни сафбар қилишгани маълум бўлди.
Ёппасига буздирилаётган тандирлар ҳақидаги ваҳимали тасвирлар дастлаб Telegram’да хабар қилинган, бироқ пост кейинчалик ўчирилган.
Шубҳасиз, бу воқеа «Йилнинг энг хунук ёрилган қовуни» бўлди.
«Бузғунчи» ҳоким
«Бугуннинг ўзида бузиб ташлайсан — ичидаги одами билан». Бухоро вилояти ҳокими бинoни суд қарорисиз бузишни буюрди.
Йирик калибрли мансабдорлардан Бухоро вилояти ҳокими Ботир Зарипов ижтимоий тармоқда ҳейт остида қолиб кетди.
У болалар боғчаси ҳудудига туташ тарзда ноқонуний қурилган бинoни суд қарориcиз бузиш бўйича кескин буюруқ бераётгани акс этган видео тарқалди.
Видеода ҳоким «суд-пуд» демасдан бинoни бузиш, ҳужжати йўқларга чора кўриш ва ичидаги нарсалари билан «кўмиб ташлаш»ни буюради. Шунингдек, вилоят ИИБ бошлиғини тартиб ўрнатмаса, туманлардан бирига «сургун» қилиш билан таҳдид қилгани ҳам эшитилган.
Кейичалик тушунтиришларда ҳокимбобонинг бузиш буйруғи боғча ҳудудига эмас, ташқарида жойлашган омборга тегишли эканини маълум қилган, аммо ҳоким видеода айтган жумлалар билан боғлиқ саволларга жавоб берилмаган.
Бу воқеага «йилнинг энг катта қовуни» номинациясини илиндик.
Тандирда нон ёпмай қўйганлик танқид қилинди
Тошкент вилояти ҳокими Зойир Мирзаев ҳам муҳокама марказида қолди. У аёлларни тандирда нон ёпмай қўйганини танқид остига олди. Бу ишни қилмай қўйгани натижасида аёллар ўртасида онкологик касалликлар кўпайгани ҳақида псевдоилмий факт билан ўз гапларини қувватлади.
«Тандирда нон ёпган аёлда рак касаллиги бўлмайди». Унинг таъкидлашича, тандир олдида организм қизийди, қон тез айланади ва томирлар тозаланади.
Ҳокимнинг оғзидан учган бу сўзлар ҳам ижтимоий тармоқларда қизғин муҳокамаларни келтириб чиқарди, вазиятга врачлар аралашиб, ҳоким мутлақо ноҳақ эканини айтиб, интернетдаги «қизиб ётган виртуал тандирлардаги оловларга сув сепишди». Зоир Тоировичга ҳеч иккиланмай «йилнинг энг иссиқ қовуни» насиб этмоқда.
«Таппи ёпмай қўйган аёллар...»
Ҳа, озодликка чиққан Шарқ аёлларнинг бугунги туриш-турмуши раҳбарларимизга у қадар хуш келмаяпти. Улар аёлларимизни ўзларининг ёшлигидаги момоларига ўхшашини исташади, шекилли.
Сурхондарё вилояти Қумқўрғон тумани ҳокими Анвар Нормаматов маҳаллий кенгаш сессиясидаги нутқида газ тақчиллиги шароитида аёлларни нуқул газ сўравермасдан, чалма чопиш, тезакдан таппи тайёрлашга чорлади. Унинг бу сўзлари муҳрланган видео ҳам ижтимоий тармоқларда кенг тарқалиб, кўпчиликнинг истеҳзоси ва кулгусига қолди.
Сессияда тумандаги газ таъминоти, электр энергияси ва мавсумий тайёргарлик масалалари муҳокама қилинган. Ҳоким газнинг чет элдан арзон нархда етказиб берилётганини ва асосий муаммо электр энергиясида эканини тушунтирган.
Шу билан бирга, у ишсизлик масаласига ҳам тўхталиб, сентябр-октябр ойларида бирорта ишсиз инсон қолмаслигини, пахта ва бошқа ишлар орқали минглаб одамлар иш билан таъминланишини ваъда қилган. Аммо ваъдалар амалга ошдими ёки йўқ, буёғи бизга қоронғу. Қумқўрғон ҳокимига «чалмада унган қовун» насиб этди.
«Экология инспекторига қўл кўтарган замҳоким»
Фарғона вилояти Бувайда туманида аҳоли мурожаати асосида ноқонуний дарахт кесилишини тўхтатмоқчи бўлган Экология қўмитаси инспектори Ахроржон Ниёзов ҳолатни расмийлаштирмоқчи бўлганида, туман ҳокими ўринбосари Сайиджон Хизиров унинг фаолиятига зўравонлик билан қаршилик қилган.
Гувоҳларга кўра, инспектор аввал калтакланган, сўнг Миллий гвардия ва ИИБ ходимлари томонидан куч билан ҳудуддан олиб чиқилиб, туман ИИБга олиб кетилган.
Ушбу маълумотдан сўнг, Фарғона вилояти Ички ишлар бошқармаси Бувайда тумани Экология қўмитаси инспектори ИИБга олиб келингани ҳақидаги ахборот ҳақиқатга тўғри келмаслигини билдириб, муносабат берди.
Фарғона вилояти Экология бошқармаси ҳолат юзасидан муносабат билдириб, Бувайда туманидаги Найман қишлоғида ноқонуний дарахт кесиш ҳолати тасдиқланганини маълум қилди. Рейд давомида 26 туп дарахтнинг ноқонуний кесилгани аниқланиб, 10,3 млн сўм жарима ва 45,8 млн сўм зарар ҳисобланган.
Экологга қўл кўтарган «замҳоким» эса ишдан олинди. Унга «бўрикалла қовун» номинациямизни топширдик.
«Сўконғич ҳоким»
Ижтимоий тармоқларда яна бир замҳоким ходимларни бўралатиб сўкаётгани акс этган аудио тарқалди.
Иддаоларга кўра, Сурхондарё вилояти узун тумани ҳоким ўринбосари Шодмон Аллабердиевнинг сўкинишу ҳақоратларга тўлган аудиоси 25 ноябр куни олинган. Ҳоким ўринбосари, фермерларнинг даласидаги сувга қарамагани сабабли сув хўжалиги ходимларини куракда турмайдиган сўзлар билан ҳақорат қилган.
Туман ҳокимлигининг вазият юзасидан расмий муносабатига кўра, Узун туманидаги ғалла майдонлари асосан кўтарма насослар орқали суғорилади, айрим фермерлар ва сув хўжалиги ходимлари тартибга риоя қилмаганлиги аниқланиб, қонунчиликка мувофиқ чоралар кўрилган. Расмий муносабатда, раҳбарлар учун хизмат интизоми ва одоб-ахлоқ қоидалари қатъий инобатга олингани ва ҳодиса тафсилотлари ўрганилаётгани айтилган.
«Сапча қовун» номинацияси Узунга кетди.
«Аёлмисан-йўқми, ноинсоф?»
«Йил қовунлари» номинациямизни яна бир сурхондарёлик «замҳоким» якунлаб беради. Сариосиё тумани ҳокимининг ўринбосари, Оила ва хотин-қизлар бўлими бошлиғи Дилфуза Тошматовага тегишли видеомурожаат тарқатилди. Унда у маҳалла хотин-қизлар фаолларини пахта теримига мажбурлаш ҳолати акс этган. Холат юзасидан Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги муносабат билдирди.
Дилфуза Тошматова ҳар бир фаол 5 нафардан одам олиб чиқиши зарурлигини, 150 нафар одам далани «ямламай ютиши кераклигини» айтган. Шунингдек, у бу ишга қарши чиққанлар «донишмандлик қилмасдан» кетавериши мумкинлигини, олиб ўтилмаслигини билдирган.
Шунингдек, Дилфуза Тошматова пахта даласида туриб, фаолларни виждонсиз деб атаган.
Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги Сариосиё туманида мажбурий меҳнат ҳолатини аниқлади. Ҳоким ўринбосари пахта теримига одам жалб қилгани учун 20,6 млн сўм жаримага тортилди. Дилфуза Тошматовани «Қовун гули» номинациямизга лойиқ кўрдик.
Хуллас, ўтиб бораётган йилда ҳам айрим амалдорлар зўравонлик, ноқонуний хатти-ҳаракатлари ва ножўя гаплари билан тилларда достон бўлди. Халқ эса ҳаммасини кузатиб, ўзининг холис баҳосини бериб турди.
Энди умидимиз шуки, келаётган янги, 2026 йилда бундай «қовунлар» камроқ бўлиб, иш амалда, гап эса жойида бўлсин.
Барчани яқинлашиб келаётган янги йил билан табриклаймиз. 2026 йил ҳаммамизга ҳалол иш, тўғри сўзга йўғрилган яхши кунларни бахшида қилсин! Қовунлар эса тушмасин, улар фақат дастурхонимиз безаги бўлсин.
Теглар






