
Озарбойжон «C5+1» форматига қўшилиши мумкин
Мамлакат АҚШ ва Марказий Осиё давлатлари ўртасидаги учрашувларда аллақачон фаол иштирок этмоқда.

Вашингтон шаҳрида ўтказилган «Ҳамкорликнинг ўн йиллиги: C5+1 форматини нима кутмоқда?» номли тадбирда АҚШнинг собиқ дипломати ва «Caspian Policy Center» бошқаруви раиси Ричард Ҳогланд Озарбойжонни «C5+1» мулоқот форматига қўшиш ғоясини илгари сурди.
«Мен C5 давлатлари шу ҳафта Вашингтонда, эртанги саммит пайтида муҳокама қилишларини умид қилган битта таклифни киритмоқчиман. Гап C5 форматини халқаро ташкилот сифатида расмийлаштириш ҳақида бормоқда. Ёки, эҳтимол, C6 деб айтиш тўғрироқ бўлар, чунки Озарбойжон C5 нинг барча учрашувларида тобора фаол иштирок этмоқда», — деди Ҳогланд.
Ҳогланд бу ташаббусни Жануби-Шарқий Осиёдаги ASEAN ва Болтиқ кенгашининг ташкил этилишига ўхшатди: «Халқаро ташкилот жаҳон миқёсида кўпроқ таъсир кучига эга бўлади».
Дипломатнинг айтишича, Марказий Осиё мамлакатларига «қўшни давлатлар — Россия, Хитой, Эрон ва Афғонистон, шунингдек, Европа Иттифоқи ва АҚШ каби узоқроқ шериклар билан самарали муносабатларни йўлга қўйиш жуда аҳамиятли. C5 мамлакатлари бу вазифани муваффақиятли уддаламоқда, ҳар бири ўзига хос тарзда».





