Ўзбекистон ва Ўмон «УзОман» қўшма компаниясининг устав капиталини 500 млн долларгача оширади
Икки давлат раҳбарлари стратегик шериклик ўрнатиш ва инвестиция маблағларини ошириш бўйича келишувга эришди.
© Foto: president.uzЎзбекистон ва Ўмон давлатлари «УзОман» қўшма инвестиция компаниясининг устав капиталини икки баробарга ошириб, 500 млн долларга етказиш, шунингдек, Ўмон маблағлари иштирокидаги Марказий Осиё ва Кавказ инвестиция жамғармаси фаолиятини тез фурсатларда йўлга қўйиш бўйича келишувга эришди. Икки давлат ўртасидаги муносабатлар стратегик шериклик даражасига кўтарилди. Бу ҳақда Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев ва Ўмон Султони Ҳайсам бин Ториқ Ол Саид ўртасида Масқат шаҳридаги «Ал-Аълам» саройида бўлиб ўтган олий даражадаги музокаралар якунида маълум қилинди.
Президент матбуот хизматининг хабарига кўра, дастлаб тор доирада, сўнгра расмий делегациялар иштирокида ўтган музокараларда икки томонлама товар айирбошлаш ва инвестициялар ҳажми барқарор ўсаётгани қайд этилган.
Олий даражадаги ташриф арафасида Масқатда Ҳукуматлараро комиссиянинг олтинчи йиғилиши ҳамда қатор ишбилармонлик ва маданий тадбирлар ўтказилгани, жорий йилнинг июль ойидан бошлаб пойтахтлар ўртасида тўғридан тўғри авиапарвозлар йўлга қўйилгани таъкидланган.
30 дан ортиқ ҳужжат ва ҳамкорликнинг янги йўналишлари
Ташриф доирасида икки мамлакат ўртасида 30 дан зиёд икки томонлама ҳужжат алмашилди. Энг асосий ҳужжат — Стратегик шериклик тўғрисидаги битим ҳамкорликнинг барча йўналишларини янги босқичга олиб чиқишни назарда тутади. Шунингдек, ўзаро визадан озод қилиш, саноат кооперацияси, молия ва иқтисодиёт, имтиёзли савдо, эркин иқтисодий зоналар, божхона, транспорт-логистика, ахборот технологиялари, соғлиқни сақлаш, таълим ва қишлоқ хўжалиги каби соҳаларга оид келишувлар имзоланди.
Амалий ҳамкорликнинг устувор йўналишлари сифатида қуйидагилар белгиланди:
— Савдо ва инвестиция;
— Транспорт ва логистика;
— Энергетика ва электротехника;
— Кимё ва тоғ-кон саноати;
— Шаҳарсозлик ва туризм;
— Қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат хавфсизлиги;
— Космик тадқиқотлар ва рақамлаштириш.
Келишувлар ижросини таъминлаш мақсадида томонлар қўшма «йўл харитаси»ни қабул қилиш ва Мувофиқлаштирувчи кенгаш механизмини йўлга қўйишга келишиб олдилар.
Бундан ташқари, маданий-гуманитар алоқаларни ривожлантириш доирасида маданият ва санъат ҳафталиклари ҳамда ёшлар форумини ташкил этиш, ноёб қўлёзмаларни рақамлаштириш ва қадимий шаҳарлар ўртасида биродарлик алоқаларини ўрнатиш таклиф қилинди.
Халқаро майдонда эса БМТ, Ислом ҳамкорлик ташкилоти, Қўшилмаслик ҳаракати ва «Кўрфаз араб давлатлари — Марказий Осиё» формати доирасида ўзаро қўллаб-қувватлашни давом эттириш муҳимлиги қайд этилди.
Музокаралар якунида Шавкат Мирзиёев Ўмон Султонини давлат ташрифи билан Ўзбекистонга келишга таклиф этди.
Маълумот учун, «УзОман» — Ўзбекистон ва Уммон Султонлиги ўртасидаги иқтисодий ҳамкорликни ривожлантириш мақсадида ташкил этилган йирик қўшма инвестиция компанияси. Унинг таъсисчилари Уммон инвестиция бошқармаси (75 фоиз улуш) ва Ўзбекистон Тикланиш ва тараққиёт жамғармаси (25 фоиз улуш) ҳисобланади.
Мазкур компания Ўзбекистон иқтисодиётига энг кўп тўғридан тўғри сармоя киритган йирик хорижий инвесторлардан бири бўлиб, унинг портфелидан Тошкентдаги «Samarqand Darvoza», «Compass» ва «Riviera» савдо-кўнгилочар марказлари, «UzOman Tower» бизнес мажмуаси, Чуқурсой логистика маркази (қуруқ порт), шунингдек, Тошкентдаги Америка технологиялар университети (АУТ) каби йирик лойиҳалар ўрин олган. Ибелгиланди.





