Logo

Ўзбекистонда дивиденд тўловлари ҳажми 6 баробардан зиёдга ошди

Бугун 16:332 дақиқа

10 ойда мамлакатдаги акциядорларга Марказий депозитарий орқали жами 7,8 трлн сўмдан ортиқ дивиденд тўлаб берилди.

Ўзбекистонда дивиденд тўловлари ҳажми 6 баробардан зиёдга ошди © Foto: Uza

Истиқболли лойиҳалар миллий агентлиги Ўзбекистон капитал бозорининг 2026-йил январ–октябр ойларидаги фаолиятига оид маълумотларни эълон қилди.

2026-йилнинг 1-ноябр ҳолатига кўра, Ўзбекистондаги акциядорларга Марказий депозитарий орқали жами 7,8 трлн сўмдан ортиқ дивиденд тўлаб берилган. Бу кўрсаткич ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 6 баробардан кўпроқни ташкил этади.

Ҳисобот даврида мамлакатдаги акциядорлар сони 10,8 фоизга ўсиб, 1 млн 122 минг нафардан ошди. Уларнинг асосий қисмини жисмоний шахслар ташкил этмоқда.

Хусусан, жисмоний шахслар бўлган акциядорлар сони бир йилда 108 мингдан зиёдга кўпайиб, 1 млн 56 минг нафарга етди. Облигация эгалари сони эса 1,8 баробарга ошиб, 4 минг нафардан ошди.

Қимматли қоғозлар бозори ўсди

Корпоратив облигациялар чиқариш ҳажми ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 2,6 баробар ошиб, 8,2 трлн сўмдан ошди. Уларнинг бирламчи ва иккиламчи бозордаги савдо ҳажми эса 6,1 трлн сўмни ташкил этиб, йил давомида 8 баробардан кўпроқ ўсди.

Шунингдек, бозорда илк бор 200,9 млрд сўмлик ипотека облигациялари чиқарилди. Умумий қиймати 100 миллион долларга тенг бўлган бешта валюта облигацияси чиқарилиши ҳам рўйхатга олинди.

«Тошкент» республика фонд биржасида 2026-йилнинг 10 ойи давомида қимматли қоғозлар савдоси ҳажми 16,6 трлн сўмни ташкил этди. Тузилган битимлар сони эса 2,8 баробарга ўсиб, қарийб 1,1 миллионтага етди.

Инвесторлар ҳуқуқлари ҳимояси

Инвесторлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш доирасида ҳисобот даврида судлар томонидан улар фойдасига 19,1 млрд сўмлик дивидендларни ундириш тўғрисида қарорлар қабул қилинди.

Агентлик томонидан киритилган 14 та даъво аризасининг 13 таси тўлиқ қаноатлантирилди. Шунингдек, 71 та маъмурий баённоманинг 67 таси бўйича суд қарорлари чиқарилди. Бозор иштирокчиларига бажарилиши мажбурий бўлган 200 дан ортиқ кўрсатма юборилди.

Лицензиялаш йўналишида инвестиция воситачиларига бешта, ишончли бошқарувчиларга иккита лицензия берилди. Инвестиция маслаҳатчиси фаолияти бўйича учта хабардор қилиш хусусиятидаги ҳужжат расмийлаштирилди. Лицензия эгаларининг ташаббуси билан ўнта лицензия бекор қилинди, яна биттасининг амал қилиши олти ойга тўхтатилди.

Ҳисобот даврида агентликка инвесторлардан 358 та мурожаат келиб тушди. Бу ўтган йилнинг шу давридаги 585 та мурожаатга нисбатан кам. Мурожаатларнинг 249 таси жисмоний, 109 таси юридик шахслар томонидан юборилган. Уларнинг 348 таси кўриб чиқилган, қолган ўнтаси эса ўрганилмоқда.

Эслатиб ўтамиз, 2026-йил 9-ноябр куни Истиқболли лойиҳалар миллий агентлиги крипто-дўкон фаолиятини амалга ошириш учун «C-STORE» МЧЖга лицензия берганди.

Теглар

Мавзуга оид