Logo

Ўзбекистонда электр ишлаб чиқариш 2,5 фоизга камайди

Бугун 15:052 дақиқа

2026-йилнинг 10-ноябр куни жами 249,2 млн кВт/соат электр энергияси ишлаб чиқарилиб, умумий ҳажм ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 2,5 фоизга камайди. Шу билан бирга, ушбу санада мамлакат бўйлаб электр энергияси истеъмоли ўтган йилга қараганда 8,5 фоизга қисқарган.

Ўзбекистонда электр ишлаб чиқариш 2,5 фоизга камайди © Depositphotos

2026-йил 10-ноябр куни Ўзбекистонда 249,2 млн кВт/соат электр энергияси ишлаб чиқарилди. Бу ҳақда Энергетика вазирлиги матбуот хизмати хабар берди.

Вазирлик маълумотларига кўра, жорий йилнинг 10-ноябрида 2025-йилнинг шу кунига (255,7 млн кВт/соат) нисбатан 6,5 млн кВт/соатга камроқ энергия ишлаб чиқарилган. Расмий хабарда қайд этилишича, «электр энергияси ишлаб чиқариш ҳажмининг камайиши, аввало, унга бўлган талаб пасайгани билан боғлиқ».

Хусусан, 2025-йилнинг 10-ноябрида ҳаво ҳарорати анча паст бўлгани сабабли биноларни иситиш учун аҳоли ва иқтисодиёт тармоқларида электр энергиясига эҳтиёж юқори бўлган. 2026-йилда эса нисбатан илиқроқ об-ҳаво шароити кузатилгани сабабли истеъмол 8,5 фоизга камайган.

Станциялар кесимида ишлаб чиқариш кўрсаткичлари

Тармоқлар кесимида олинганда, электр энергиясини ишлаб чиқаришнинг асосий қисми анъанавий тарзда иссиқлик электр станциялари (ИЭС) ҳиссасига тўғри келган. Ушбу станцияларда 10-ноябр куни 206,2 млн кВт/соат энергия ишлаб чиқарилган бўлиб, бу ўтган йилги кўрсаткичдан (222 млн кВт/соат) 7,1 фоизга камдир.

Шу билан бирга, қайта тикланувчи энергия манбаларида турлича ўсиш ва пасайиш динамикаси қайд этилди:

Гидроэлектр станцияларда (ГЕС) ишлаб чиқариш ҳажми 42,9 фоизга ошиб, 19 млн кВт/соатга етган (2025-йилнинг шу кунида бу кўрсаткич 13,3 млн кВт/соат эди).

Шамол электр станцияларида эса ишлаб чиқариш қарийб 6 бараварга ошиб, ўтган йилги 2,6 млн кВт/соатдан 18,1 млн кВт/соатга етган.

Йирик қуёш электр станцияларида энергия ишлаб чиқариш 80,4 фоизга кескин камайиб, 2,9 млн кВт/соатни ташкил этди (ўтган йили 14,8 млн кВт/соат бўлган).

Бундан ташқари, блок станцияларда электр энергияси ишлаб чиқариш 7,1 фоизга ошиб, 3 млн кВт/соатни ташкил қилган бўлса, кичик қувватли қуёш панеллари орқали энергия ишлаб чиқариш ҳажми ўтган йилгидек 0,1 млн кВт/соат даражасида ўзгаришсиз сақланиб қолган.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Тошкент ИЭС яқин келажакда мазут ёқишни тўхтатиши мумкинлиги хабар қилинганди.

Теглар

Мавзуга оид