Ўзбекистонда октябрь ойида эскроу орқали 33,6 мингта битим тузилди
Октябрда эскроу ҳисобварақлари орқали кўчмас мулк савдоси бўйича битимлар сони сентябрга нисбатан 182 тага ошди. Бироқ транспорт воситалари савдосида, аксинча, битимлар сони 1 210 тага камайди.
© Foto: istockЎзбекистонда октябр ойи давомида кўчмас мулк ва транспорт воситалари олди-сотдиси бўйича жами 33 631 та битим расмийлаштирилди. Бу ҳақда Марказий банк матбуот хизмати хабар берди.
Маълумотларга кўра, октябрь ойида кўчмас мулк олди-сотдиси бўйича 16 893 та битим расмийлаштирилган. Бу сентябрь ойидаги кўрсаткичдан 182 тага ёки 1,1 фоизга кўп.
Транспорт воситалари олди-сотдиси бўйича эса октябрда 16 738 та битим қайд этилган. Бу ўтган ойга нисбатан 1 210 тага кам.
Ҳудудлар кесимида
Ҳудудлар орасида энг кўп битим Тошкент шаҳрида қайд этилди. Пойтахтда октябрь давомида жами 10 674 та олди-сотди битими расмийлаштирилди.
Фарғона вилояти 3 121 та битим билан кейинги ўринни эгаллади. Самарқанд вилоятида 2 933 та, Наманган вилоятида эса 2 179 та битим қайд этилди.
Пойтахтнинг умумий битимлардаги улуши 31,7 фоизни ташкил қилди. Қолган ҳудудлар ҳиссасига эса битимларнинг 68,3 фоизи тўғри келди. Бу кўрсаткич кўчмас мулк ва транспорт савдосида ҳудудий фаоллик бир хил тақсимланмаганини кўрсатади.
Марказий банк маълумотларига кўра, октябр ойида банклардан жами 6 509 та битим бўйича маълумот олинган. Уларнинг 2 954 таси транспорт воситалари, 3 555 таси эса кўчмас мулк олди-сотдисига тегишли бўлган.
Эслатиб ўтамиз, сентябр ойида кўчмас мулк олди-сотдиси бўйича 16 711 та битим, транспорт воситалари олди-сотдиси бўйича эса 17 948 та битим расмийлаштирилганди.





