Logo

Ўзбекистонда рақамли сўмни синаб кўриш режалаштирилмоқда

Марказий банк рақамли сўмдан дастлаб давлат харидлари, инфратузилма лойиҳалари ва субсидияларда фойдаланиш имкониятларини синаб кўришни режалаштирмоқда.

Ўзбекистонда рақамли сўмни синаб кўриш режалаштирилмоқда © Vaqt.uz | Javhar Chorshanbiyeva

Ўзбекистонда марказий банк рақамли валютасини жорий этиш имкониятлари ўрганилмоқда. Рақамли сўмдан фойдаланиш бўйича дастлабки пилот лойиҳаларни 2027 йилда бошлаш режалаштирилмоқда. Бу ҳақда 25 сентябь куни Марказий банкда ўтказилган матбуот анжуманида маълум қилинди

Унга кўра, рақамли сўмдан дастлаб давлат харидлари, инфратузилма лойиҳалари ва субсидиялар доирасида фойдаланиш имкониятлари кўриб чиқилмоқда.

Рақамли сўмда маблағдан фойдаланиш шартлари белгиланиши мумкин

Марказий банк вакилларининг маълум қилишича, рақамли сўмнинг хусусиятларидан бири маблағдан фойдаланиш шартларини рақамли тарзда белгилаш имконияти бўлиши мумкин.

Масалан, давлат ташкилоти томонидан муайян лойиҳа учун ажратилган маблағдан фақат белгиланган мақсадда фойдаланиш шарти қўйилиши мумкин. Шарт бажарилганидан кейин маблағдан фойдаланиш имконияти очилиши назарда тутилмоқда.

Бундай механизм давлат харидлари, инфратузилма лойиҳалари ва субсидияларда синовдан ўтказилиши режалаштирилмоқда.

Пилот лойиҳалар 2027 йилда бошланиши мумкин

Марказий банк маълумотига кўра, рақамли сўм бўйича дастлабки пилот лойиҳаларни 2027 йилда амалга ошириш режалаштирилган.

Синов натижаларига қараб, 2028–2029 йилларда рақамли сўмдан фойдаланиш доирасини кенгайтириш имконияти кўриб чиқилади.

Ҳозирча рақамли сўмни тўлиқ жорий этиш бўйича якуний қарор қабул қилинмаган.

wCBDC бўйича ҳам тадқиқот олиб борилмоқда

25 сентябр куни Марказий банк марказий банк рақамли валютасининг улгуржи шакли — wCBDC бўйича таҳлилий ҳисоботни ҳам тақдим этди.

Унда wCBDC’дан банклар ва молия ташкилотлари ўртасидаги улгуржи ҳисоб-китобларда фойдаланиш имкониятлари ўрганилган.

«Хусусан, қимматли қоғозни топшириш ва унинг учун тўловни бир вақтда амалга ошириш, ҳисоб-китобларни сутка давомида узлуксиз олиб бориш ҳамда трансчегаравий ҳисоб-китобларда wCBDC’дан фойдаланиш имкониятлари таҳлил қилинган», — дейилади Марказий банк хабарда.

24 сентябр куни Марказий банк 2026–2030 йилларга мўлжалланган Молиявий технологияларни ривожлантириш миллий стратегияси тасдиқланганини ҳам маълум қилган.

«Стратегияда рақамли молиявий инфратузилмани ривожлантириш, трансчегаравий тўловларни ривожлантириш, Open Banking ва Open Finance механизмларини жорий этиш, рақамли идентификация инфратузилмасини такомиллаштириш ҳамда финтех соҳасини ривожлантириш йўналишлари белгиланган», — дейилади хабарда.

Теглар

Мавзуга оид