Logo

Ўзбекистонда ёшлар бизнесининг иқтисодиётдаги улуши қандай ўзгармоқда?

Бугун 14:102 дақиқа

Улар иштирокидаги тадбиркорлик субъектлари, товар айланмаси ўсмоқда. Бу ўсиш ортидаги солиқ кўрсаткичи 37,1 фоизга кўпайди.

Ўзбекистонда ёшлар бизнесининг иқтисодиётдаги улуши қандай ўзгармоқда? © Sun'iy intelekt

2026-йил 1-октябр ҳолатига кўра, республикадаги 559,9 мингта тадбиркорлик субъектининг 114,5 мингтаси ёшлар иштирокида ташкил қилинган. Бу мамлакатдаги жами улушнинг қарийб 20,5 фоизини ташкил этади.

2025-йилнинг мос даврига нисбатан бундай субъектлар сони 11 минг 163 тага ёки 10,8 фоизга ошган. 2026-йилнинг дастлабки 9 ойида тадбиркорлик субъектлари томонидан 9,6 трлн сўм солиқ тўланди. Бу ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 2,6 трлн сўмга ёки 37,1 фоизга кўп. 2023-йилда улар 5,3 трлн сўм, 2024-йилда 7,2 трлн сўм ва 2025-йилда 9,8 трлн сўм солиқ тўлаганди.

2021-йилда ёшлар бизнесининг товар айланмаси 56 трлн сўмни ташкил этган бўлса, 2025-йилда бу кўрсаткич 241,7 трлн сўмга етди. Бу қарийб 4,3 баробар ўсишни англатади.

2026-йилнинг январ-август ойларида эса ёшлар иштирокидаги мазкур субъектларнинг товар айланмаси 217,7 трлн сўмни ташкил этди. Бу 2025-йилдаги йиллик кўрсаткичнинг 90,1 фоизига тенг.

Ҳудудлар орасида товар айланмасининг энг юқори кўрсаткичлари қайд этилди. Жумладан, Тошкент шаҳрида 88,2 трлн сўм, Тошкент вилоятида 24,6 трлн сўм ва Самарқанд вилоятида 17,7 трлн сўмлик товар айланмаси шаклланди.

Ушбу уч ҳудуд ҳиссасига жами товар айланмасининг 59,9 фоизи тўғри келди. Бунда Тошкент шаҳрининг улуши 40,5 фоизни ташкил этди.

Ёшларнинг тадбиркорликни ташкил этиш ва бошқаришдаги иштироки ҳам салмоқли. Жумладан, ёшлар 93 минг 731 та корхонада раҳбар, 101 минг 167 та корхонада эса таъсисчи ҳисобланади.

Бундан ташқари, фаолият кўрсатаётган қарийб 385 минг ЯТТнинг 88 мингдан ортиғи (23 фоиз), 5 миллионга яқин ўзини ўзи банд қилган шахсларнинг 1,7 млн нафари (32,9 фоиз) ҳамда 330 мингга яқин деҳқон хўжаликларининг қарийб 130 минг нафарини (39,1 фоиз) ёшлар ташкил қилади.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Ўзбекистонда оилавий ва ёшлар тадбиркорлиги учун қанча маблағ борлиги айтилганди.

Фарангиз Бобожонова

Теглар

Мавзуга оид

Ўзбекистонда ёшлар бизнесининг иқтисодиётдаги улуши қандай ўзгармоқда? | Vaqt.uz