Logo

Ўзбекистоннинг олтин-валюта захиралари йил бошидан бери энг паст даражага тушди

Кеча 14:051 дақиқа

Октябр ойида мамлакатнинг халқаро захиралари қарийб 3 млрд долларга қисқарди. Шу билан бирга, захирадаги олтиннинг физик ҳажми тарихий рекорд даражага етди.

Ўзбекистоннинг олтин-валюта захиралари йил бошидан бери энг паст даражага тушди © Bloomberg

2026-йилнинг 1-ноябр ҳолатига кўра Ўзбекистоннинг халқаро олтин-валюта захиралари 63 млрд 625 млн долларни ташкил этиб, 2026-йил бошидан бери кузатилган энг паст кўрсаткичга тушди. Бу ҳақда Марказий банк маълумот берди.

Октябр ойи давомида мамлакатнинг умумий захиралари 3 млрд долларга қисқарган. Мазкур камайишнинг асосий қисми олтин ҳиссасига тўғри келиб, унинг қиймати 2 млрд доллардан кўпроққа, захираларнинг эркин конвертация қилинадиган валюта қисми эса 921 млн долларга қисқарган.

Олтин нархининг пасайиши ва ҳажмдаги янги рекорд

Захираларнинг кетма-кет камайишига, худди сентябр ойидаги каби, жаҳон бозорида олтин нархининг арзонлашуви асосий омил бўлди.

Октябр ойида жаҳон бозорида олтиннинг бир трой унсияси 4189 доллардан 3981 долларгача арзонлашди.

Умумий қиймат пасайишига қарамай, мамлакат захирасидаги олтиннинг физик ҳажми ой давомида 7,33 тоннага кўпайган ва 453,5 тоннага етган. Бу Ўзбекистон тарихидаги янги рекорд кўрсаткич ҳисобланади. Шунингдек, умумий халқаро захиралар таркибида олтиннинг улуши 91 фоизга етиб, мазкур йўналишда ҳам янги максимум қайд этилди.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ августда олтин сотилмагани ортидан Ўзбекистоннинг экспорт даромадлари 3,5 баробар камайгани ҳақида маълумот берилганди.

Теглар

Мавзуга оид

Ўзбекистоннинг олтин-валюта захиралари йил бошидан бери энг паст даражага тушди | Vaqt.uz