add

Президент тиббий таълим ва рақамлаштириш бўйича тақдимот билан танишди

Тақдимотда сўнгги йилларда тиббиёт соҳасига 230 трлн сўм йўналтирилгани қайд этилди. Бунинг натижасида 187 та янги поликлиника ва шифохона ишга тушган.

Президент тиббий таълим ва рақамлаштириш бўйича тақдимот билан танишди

Шавкат Мирзиёев Тошкент давлат тиббиёт университетига ташриф буюриб, соғлиқни сақлаш тизимини рақамлаштириш, тиббиёт муассасаларида хизматлар сифатини ошириш ҳамда тиббий таълимни такомиллаштириш бўйича амалга оширилаётган ишлар тақдимоти билан танишди. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар берди.

Қайд этилишича, сўнгги йилларда тиббиёт соҳасининг ўзига 230 триллион сўм йўналтирилди. Бунинг ҳисобига жойларда 187 та янги поликлиника ва шифохона ишга тушди, 1 минг 244 таси реконструкция қилиниб, жиҳозланди.

Илгари асосан пойтахтда бажарилган юқори технологик ва диагностика-даволаш усулларининг 400 дан ортиғи ҳудудларда амалга оширилмоқда. Юзлаб мураккаб амалиётлар вилоят марказларига, кам инвазив операциялар туман даражасига туширилди. Биринчи марта 45 та туманда буйрак кўчириб ўтказиш амалиёти йўлга қўйилди.

Саккизта тиббиёт олий таълим муассасаси халқаро аккредитациядан ўтди. Бу соҳада замонавий билим ва кўникмаларга эга кадрлар тайёрлаш имкониятлари янада кенгайди.

Шунингдек, президентга DMED ягона электрон ахборот тизими имкониятлари ҳам тақдим этилди. Бу тизим орқали 36 миллион нафардан зиёд фуқароларнинг тиббий маълумотлари ягона базада жамланди.

Шу қаторда, «Электрон рецепт» тизими фаолияти йўлга қўйилиши натижасида ортиқча дори ёзиш ҳолатлари 40 фоизга камайди, дори воситалари айланмаси шаффофлашди. Барча тиббий маълумотлар биометрик ҳимоя остида сақланиб, шахсий маълумотлар хавфсизлиги таъминланмоқда.

– Замонавий тиббиёт муассасаларини барпо этяпмиз, соҳада сунъий интеллектни жорий қиляпмиз, энг илғор ускуналарни олиб келяпмиз. Бу ўзгаришлар энг қуйи бўғингача етиб бориши зарур. Энг муҳими, ҳар бир тиббиёт ходимининг малакасини ошириш, замонавий билим ва кўникмалар билан таъминлашга эътибор қаратишимиз лозим. Шундагина ҳаракатларимиз натижа беради, – деди президент.

«Рақамли соғлиқни сақлаш маркази» фаолияти ҳақида ҳам ахборот берилди. Унда барча тиббиёт муассасаларининг фаолияти реал вақт режимида кузатилиб, сурункали касалликлар ва аҳоли саломатлиги кўрсаткичлари таҳлил қилинмоқда.

Теглар

Мавзуга оид

Президент тиббий таълим ва рақамлаштириш бўйича тақдимот билан танишди | Vaqt.uz