
Президент тиббиёт ходимларини касб байрами билан табриклади
Шавкат Мирзиёев тиббиёт ходимлари куни муносабати билан соҳа вакилларига табрик йўллаб, уларнинг фидокорона меҳнатини юқори баҳолади.

Бугун, 8 ноябр — тиббиёт ходимлари куни муносабати билан Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев соҳа фидойиларини самимий табриклади. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар берди.
Давлат раҳбари табрик сўзида соғлом инсон ва соғлом халқ мислсиз ютуқларга эришиши мумкинлигини қайд этиб, Алишер Навоийнинг «Даврон элининг жисмида ҳам жон бўлғил, Ҳам жонлариға мояи дармон бўлғил» деган сўзлари шифокорларга бағишланганини таъкидлади.
Президент табрикда Янги Ўзбекистонда тиббиёт тизимини тубдан ислоҳ қилиш ва замонавий стандартлар асосида ривожлантириш бўйича амалга оширилаётган ишлар ҳақида ҳам маълумот берди.
Унга кўра, охирги йилларда соҳага ажратилаётган давлат маблағлари 6 баробар ошган, тиббиёт муассасаларининг моддий-техник базаси ва кадрлар салоҳияти сезиларли даражада мустаҳкамланган.
Мирзиёев таъкидлашича, сифатли тиббий хизматлар аҳолига яқинлаштирилиб, юқори технологик хизматлар нафақат пойтахтда, балки вилоят ва туманларда ҳам кўрсатила бошланган.
Бугунги кунда мамлакат бўйлаб 490 та тиббий муассаса қайта ташкил этилган, 350 та мустақил оилавий поликлиника фаолият юритмоқда.
Президентнинг маълумотича, 2017 йилдан буён оналар ўлими 21 промилледан 11 промиллега, гўдаклар ўлими эса 11,5 промилледан 7,8 промиллега камайган.
Бу кўрсаткичлар соҳадаги ислоҳотлар самарасини яққол акс эттиради. Шу билан бирга, 2025 йилда давлат тиббиёт муассасаларида робот технологиялари жорий этилгани ва тиббиётни рақамлаштириш янги босқичга кўтарилгани таъкидланди.
Давлат раҳбари DMED ягона электрон ахборот тизими орқали 36 миллиондан ортиқ фуқаронинг тиббий маълумотлари рақамлаштирилганини, «Рақамли соғлиқни сақлаш» маркази иш бошлаганини маълум қилди. Шунингдек, сунъий интеллект ёрдамида амалга оширилаётган тиббий хизматлар сони 43 тага етган.
Мирзиёев фармацевтика соҳаси ва кадрлар тайёрлаш йўналишида ҳам катта ўзгаришлар амалга оширилганини қайд этди. 2017 йилдан буён маҳаллий дори воситалари ишлаб чиқариш ҳажми 1,4 трлн сўмдан 6,3 трлн сўмга, экспорт эса 6,3 млн доллардан 250 млн долларга ўсди.
Шу билан бирга, мамлакатда халқаро аккредитациядан ўтган тиббиёт олий ўқув юртлари сони 8 тани ташкил этмоқда.
Президент соҳа ходимларига миннатдорлик изҳор этиб, уларнинг меҳнати доимо давлат ва жамият эътибор марказида бўлишини таъкидлади. Шунингдек, фуқароларнинг ўртача умр кўриш кўрсаткичи 73,8 ёшдан 75,1 ёшга узайгани шифокорлар заҳматининг ёрқин исботи эканини қайд этди.
«Сиз, азизлар бундан буён ҳам бой билим ва тажрибангиз, малака ва маҳоратингиз билан соҳа ривожини янги босқичга кўтариш, Ўзбекистон тиббиётининг шонли анъаналарини изчил давом эттириш, жаҳон тиббиётининг илғор ютуқларини ўзлаштириш учун янада катта куч-ғайрат билан меҳнат қиласиз деб ишонаман», — деди Президент табрик якунида.





