Logo

Путин рус тилининг Марказий Осиёдаги мавқеидан хавотирга тушди

Бугун 10:255 дақиқа

Ашхободдаги МДҲ саммитида Владимир Путин рус тилини минтақадаги «бирлаштирувчи куч» деб атади. Бу баёнот Марказий Осиёда тил ва маданий таъсир борасидаги баҳсларни яна кун тартибига олиб чиқди.

Путин рус тилининг Марказий Осиёдаги мавқеидан хавотирга тушди

Россия президенти Владимир Путин Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги саммитида рус тилини «бирлаштирувчи куч» деб атади ва МДҲ доирасидаги ҳамкорликни кучайтириш зарурлигини таъкидлади. Унинг фикрича, рус тили собиқ совет республикалари ўртасидаги алоқаларни сақлаб қолишда ғоят муҳим ўрин тутади. 

Унинг бу баёноти Марказий Осиёда Россиянинг маданий таъсири ва миллий тилларнинг мавқеи ҳақидаги масалани яна кун тартибига олиб чиқди.

Путин Ашхободда нима деди?

2026 йил 9 октябр куни Туркманистоннинг «Аваза» сайёҳлик ҳудудида МДҲ давлат раҳбарларининг саммити бўлиб ўтди. Учрашувда Россия, Ўзбекистон ва бошқа аъзо давлатлар етакчилари иштирок этди. Тадбирда Россия президенти Владимир Путин Ҳамдўстликни минтақавий интеграция тузилмаси сифатида юқори баҳолади.

«AP News» хабарига кўра, Путин МДҲ доирасидаги муносабатларни ривожлантириш, иқтисодий ва гуманитар алоқаларни мустаҳкамлаш зарурлигини таъкидлаган. У рус тилига Ҳамдўстлик мамлакатларини бирлаштирувчи куч сифатида таъриф берди. «Рус тили Ҳамдўстликнинг улкан ҳудудида кучли бирлаштирувчи омил бўлиб хизмат қилади», — дейилади Россия етакчисининг баёнотида. Шунингдек, у собиқ совет республикалари ўртасида шаклланган ижтимоий, маданий ва гуманитар ришталарни авайлаб асраш муҳимлигини қайд этди.

Нашр маълумотларига кўра, Путин 2025 йилда Россиянинг МДҲ мамлакатлари билан савдо айланмаси 110 миллиард доллардан ошганини ва ўзаро ҳисоб-китобларнинг 90 фоизи миллий валюталарда амалга оширилганини айтган.

Россиянинг маданий таъсири ҳақидаги хавотир қаердан келиб чиқмоқда?

«Eurasianet» нашрининг 13 октябрда эълон қилинган таҳлилида таъкидланишича, Путиннинг Авазадаги нутқи Россиянинг Марказий Осиё ва Жанубий Кавказдаги маданий таъсири сусайиб бориши эҳтимолидан туғилган хавотирни акс эттиради.

Нашрга кўра, Россия раҳбарияти рус тилини кенг тарғиб қилиш ва умумий маданий меросни асраш ташаббусларига жиддий эътибор қаратмоқда.

Қайд этилишича, 1991 йилда Совет Иттифоқи парчалангач мустақилликка эришган Марказий Осиё мамлакатлари ўз миллий давлатчилиги, тарихи ва тил сиёсатини шакллантириш жараёнини ҳануз давом эттирмоқда ҳамда бу жараён ҳар бир давлатда турлича кечяпти.

Рус тили ҳали ҳам Марказий Осиёда муҳим аҳамиятга эга

Таъкидланишича, Рус тилининг минтақадаги ўрнини фақатгина сиёсий таъсир билан изоҳлаб бўлмайди. Бу тил меҳнат миграцияси, таълим, бизнес, маданий алмашинув ва миллатлараро мулоқотда ҳамон ўзининг амалий аҳамиятини сақлаб турибди.

«The Times of Central Asia» нашрининг 2026 йил 20 февралдаги мақоласида «Oxus Society for Central Asian Affairs» ташкилоти раҳбари Эдвард Лемон рус тилининг минтақадаги мустаҳкам мавқеини бир неча омиллар билан изоҳлайди. Унга кўра, Россияга йўналган меҳнат миграцияси, давлатлараро мулоқот ва таълим соҳасидаги алоқалар рус тилидан кенг фойдаланишга асос бўлмоқда. Нашрда келтирилишича, ҳозирда Россияда 200 мингдан ортиқ Марказий осиёликлар таҳсил олмоқда.

Шу билан бирга, минтақада миллий тилларнинг қўлланиш доираси кенгайиб, инглиз тилига бўлган қизиқиш ҳам ортиб бормоқда. Экспертларнинг фикрича, айниқса ёшлар учун инглиз тили халқаро таълим ва янги касбий имкониятлар эшигини очувчи калит сифатида кўрилмоқда. Аммо бу ҳолат рус тилининг барча соҳаларда бирданига ўз аҳамиятини йўқотаётганини англатмайди. Аксинча, рус тили айрим касбий ва маданий доираларда ҳамон умумий мулоқот воситаси бўлиб хизмат қилмоқда.

Ўзбекистонда давлат тилини ривожлантириш сиёсати

Ўзбекистон мисолида тил сиёсатига оид жараёнларни бевосита расмий ҳужжатлар орқали кузатиш мумкин. 2025 йил 20 октябрда эълон қилинган Президент қарорида ўзбек тилининг мамлакат ижтимоий-сиёсий ҳаётидаги ўрнини мустаҳкамлаш, уни таълим тизимида ўқитишни такомиллаштириш, илмий тил сифатидаги нуфузини ошириш ва замонавий ахборот технологияларига интеграция қилиш асосий мақсадлар қаторида саналган.

Ҳукуматнинг расмий сайтида эълон қилинган ушбу ҳужжатга кўра, 2026 йилдан бошлаб таълим бошқа тилларда олиб бориладиган мактаблар учун ўзбек тили дарсликларининг янги авлодини яратиш, мактабгача таълим педагогларига мўлжалланган қўлланмалар ишлаб чиқиш ҳамда болаларга ўзбек тилини ўргатувчи аудио ва видео материаллар тайёрлаш каби муҳим вазифалар белгилаб берилган.

Шунингдек, қарорда ўзбек тилини сунъий интеллект технологияларига мослаштириш ва унинг рақамли макондаги имкониятларини кенгайтириш назарда тутилган. Ушбу ҳужжатни талқин қилишда бир жиҳатни унутмаслик лозим: ҳужжат фақатгина давлат тилининг мавқеини мустаҳкамлаш мақсадига хизмат қилади. Унда рус тилини тақиқлаш ёки чеклаш ҳақида сўз бормаган, балки ўзбек тилининг таълим, бошқарув ва технологиялар соҳасидаги имкониятларини кенгайтириш бош мақсад қилиб олинган.

Қозоғистонда рус тилининг конституциявий мақоми ўзгарди

Марказий Осиёдаги тил сиёсатига оид баҳсларни Қозоғистон мисолида ҳам кузатиш мумкин. Қозоғистоннинг янги Конституцияси 2026 йил 1 июлдан кучга кирди. Унинг 9-моддасида қозоқ тили давлат тили этиб белгиланган, рус тили эса давлат ташкилотлари ва маҳаллий ўзини ўзи бошқариш органларида қозоқ тили билан бир қаторда расмий мақомда қўлланиши қайд этилган.

Эски ва янги Конституция матнлари ўзаро таққосланганда, рус тилининг қўлланилишини ифодаловчи сўзлардаги фарқни сезиш қийин эмас. Аввалги Қомусда рус тилининг давлат идораларида қозоқ тили билан «тенг равишда» ишлатилиши белгиланган бўлса, янги таҳрирда «қозоқ тили билан бир қаторда» деган бирикмадан фойдаланилган. «Eurasianet» ўз таҳлилида ушбу ўзгаришни рус тилининг конституциявий нуфузи пасайганининг яққол белгиси сифатида баҳолайди.

Тарихий хотира ҳам баҳснинг бир қисми

Россиянинг минтақа билан маданий алоқалари фақатгина тил масаласи билан чекланмайди. Тарихий воқеаларни қандай талқин қилиш ва умумий ўтмишни қай тарзда хотирлаш ҳам давлатлараро маданий муносабатларнинг ажралмас қисми ҳисобланади. «Eurasianet» таҳлилига кўра , Аваза саммити якунида имзоланган ҳужжатлар орасида тарихий хотирани сақлашга қаратилган битим ҳам бор. Унда 1941–1945 йиллардаги Иккинчи жаҳон урушида совет халқларининг қозонган ғалабаси хотирасини авайлаб асраш мақсад қилинган.

Нашр муаллифи буни Россиянинг совет даври меросини сақлаб қолишга бўлган уриниши сифатида кўради. Унинг фикрича, Марказий Осиё давлатларида тарихни миллий манфаатлар нуқтаи назаридан қайта ўрганиш ва мустақиллик даврида ўзликни англаш жараёнлари Москва илгари сураётган тарихий қарашларга ҳар доим ҳам мос тушавермайди.

Теглар

Мавзуга оид