
Қирғизистон вояга етмаганларнинг хорижда диний таълим олишини чекламоқчи
Хорижга диний таълим учун юборилган болаларнинг ота-оналари маъмурий жавобгарлик ва жаримага тортилиши мумкин.

Қирғизистонда 18 ёшга тўлмаган фуқароларнинг диний таълим олиш мақсадида хорижга чиқишини тақиқлашни назарда тутувчи қонун лойиҳаси жамоатчилик муҳокамасига қўйилди. Лойиҳа Болалар кодекси, “Ташқи миграция тўғрисида”ги, “Таълим тўғрисида”ги ҳамда “Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисида”ги қонунларга бир вақтнинг ўзида ўзгартиш киритишни назарда тутади.
Лойиҳада вояга етмаган шахсни диний таълим олиш мақсадида чет элга юборган ота-оналар ва бошқа шахслар ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги қонун ҳужжатларига мувофиқ жавобгарликка тортиладиган қоида киритилмоқда.
Шунингдек, болаларни «Қирғизистон халқи учун ноанъанавий ва бегона бўлган диний оқимлар таъсиридан» ҳимоя қилиш мақсадида миграция ва таълим қонунчилигида вояга етмаганларнинг диний таълим олиш учун чет элга чиқишини тақиқлашни мустаҳкамлаш таклиф этилмоқда.
Лойиҳа доирасида яна бир қатор муҳим ўзгаришлар таклиф қилинмоқда. Жумладан, диний ташкилотлар ва фаолият субъектларининг давлат реестрини яратиш, уларни рўйхатдан ўтказиш механизмларини аниқ белгилаш, интернет ва ОАВдаги диний материаллар устидан назоратни кучайтириш назарда тутилмоқда. Шунингдек, исломий молиявий маҳсулотларни расмий муфтийлик ёки диний орган билан мажбурий келишиш тартиби жорий этилиши мумкин.
Қонун лойиҳаси жамоатчилик муҳокамаси учун Дин ишлари ва миллатлараро муносабатлар миллий агентлиги томонидан эълон қилинди.





