Қурилиш ва ер ажратиш ишларига ноқонуний аралашган амалдорлар жиноий жавобгарликка тортилади
Шаҳарсозлик, ер ажратиш ва қурилиш ишларига ноқонуний аралашган ёки босим ўтказган мансабдорлар учун маъмурий қамоқ ва 2 йилгача қамоқ жазоси жорий этилмоқда.

Ўзбекистонда шаҳарсозлик фаолиятида, хусусан, ер ажратиш ва қурилишга рухсат бериш жараёнларига қонунга хилоф равишда аралашган мансабдор шахслар учун қатъий маъмурий ва жиноий жавобгарлик жорий этилди. Бу ҳақда 2 ноябрь куни президент томонидан имзоланган қонунда белгиланган.
Жиноят кодекси янги 229-7-модда («Шаҳарсозлик фаолиятида рухсат бериш тартибига қонунга хилоф равишда аралашиш») билан тўлдирилди. Унга кўра, объектларни қуриш учун ер участкаларини ажратиш, лойиҳалаштириш, қуриш, реконструкция қилиш ва қурилиши тугалланган объектни фойдаланишга қабул қилиш тартиб-таомилларига ўз мансаб ваколатларидан фойдаланиб қонунга хилоф равишда аралашиш, яъни ваколатли органлар ва хулоса берувчиларнинг фаолиятига босим ўтказиш ёки тўсқинлик қилиш жиноят деб баҳоланади.
Агар ушбу қилмиш маъмурий жазо қўлланилганидан кейин содир этилса, қуйидаги жиноий жазо чораларидан бири қўлланилади:
— базавий ҳисоблаш миқдорининг 300 бараваригача миқдорда жарима;
— 5 йилгача муайян ҳуқуқдан маҳрум қилиш;
— 360 соатгача мажбурий жамоат ишлари;
— 3 йилгача ахлоқ тузатиш ишлари;
— 1 йилдан 2 йилгача озодликни чеклаш ёки 2 йилгача озодликдан маҳрум қилиш.
Шунингдек, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга ҳам янги 99-1-модда қўшилиб, мазкур ҳуқуқбузарлик биринчи марта содир этилганда БҲМнинг 100 бараваридан 150 бараваригача жарима солишга ёки 15 сутка муддатга маъмурий қамоққа олишга сабаб бўлиши белгиланди.
Ушбу қонуний нормалар ва жавобгарлик чоралари ҳужжат расмий эълон қилинган кундан эътиборан уч ой ўтгач қонуний кучга киради.

