
Россия 2026 йилда хорижий ишчилар квотасини 20 фоизга оширмоқчи
Квота асосан саноат ва йирик инфратузилма лойиҳаларидаги ишчиларга қаратилган бўлиб, 279 минг иш рухсатномасини қамраб олади.

Россия Меҳнат вазирлиги 2026 йилда хориждан келадиган малакали ишчилар сонини 20 фоизга кўпайтиришни таклиф қилди — бу 279 мингта иш рухсатномасига тенг. Идора мазкур қарор лойиҳасини regulation.gov.ru порталида жамоатчилик муҳокамасига қўйди.
Маълумотларга кўра, квотанинг деярли 92 фоизи саноат корхоналари ва йирик инфратузилма лойиҳалари учун малакали ишчиларга тўғри келади. Қолган қисми оғир меҳнат шароитида фаолият юритадиган ёрдамчи ходимлар, ветеринар санитарлар ва ҳайвонларга қараш соҳаси ходимларига ажратилади.
2025 йилда Россия ҳукумати 234 мингта рухсатнома белгилаган бўлиб, йилнинг биринчи ярмида бу квотанинг фақат тўртинчи қисми ишлатилган. Бу ҳолат сўнгги йилларда Россия бозорига бўлган қизиқишнинг пасайиб бораётганини кўрсатмоқда. Масалан, 2016–2019 йилларда ҳар йили 120–130 минг хорижлик ишчи келган бўлса, кейинги йилларда бу рақам 100–115 минг атрофида сақланиб қолди.
Шу билан бирга, Россия ҳукумати 2026–2030 йилларга мўлжалланган давлат миграция сиёсати концепциясида квоталаш тизимини кенгайтиришни стратегик йўналиш сифатида белгилаган. Ҳужжатда меҳнат бозоридаги эҳтиёжларни қондириш учун «ташкилий ишчи жалб этиш» (оргнабор) тизимини қайта ишга тушириш режалаштирилган. Янги лойиҳага кўра, бу механизм орқали ҳар йили 1 миллиондан ортиқ хорижий ишчи келтириш мақсад қилинган.
Экспертларнинг фикрича, бундай тизим йирик корхоналар учун самарали бўлиши мумкин, бироқ кичик ва ўрта бизнес учун бу талаблар, айниқса, мигрантлар учун турар-жой қуриш ва назорат чоралари — қийинчилик туғдириши эҳтимол. МДУ профессори Олга Чудиновскихнинг таъкидлашича, «бундай ортиқча тартибга солиш миграцияни бюрократия ва коррупция хавфлари билан юзлаштиради».
Меҳнат вазирлигидан Ички ишлар вазирлигига ваколатларни ўтказиш Россияда миграция сиёсатининг хавфсизлик тамойиллари асосида қайта шаклланаётганидан далолат беради.
Аммо иқтисодчиларнинг таъкидлашича, Россия меҳнат бозори ҳали ҳам ишчи кучига муҳтож: Росстат маълумотларига кўра, 2025 йил иккинчи чорагида бўш иш ўринлари даражаси 8 фоизни ташкил этди — бу сўнгги икки йилдаги рекорд кўрсаткич.





