
Россия Хитой фуқароларига 30 кунлик визасиз киришни жорий қилди
Москва Хитой фуқароларининг турли тоифалари учун визасиз режимни очди, бу икки давлат ўртасидаги стратегик яқинлашув ва ўзаро имтиёзларнинг навбатдаги қадами сифатида қайд этилмоқда.

Россия президенти Владимир Путин Хитой фуқароларининг бир вақтнинг ўзида 30 кунгача визасиз мамлакатга киришига рухсат берадиган фармонни имзолади. Янги тартиб сайёҳлар, бизнес вакиллари, олимлар, санъат арбоблари ҳамда спортчилар каби бир қатор тоифаларни қамраб олади.
Путин ва Хитой раиси Си Жинпин 2022 йил бошида чегара билмас стратегик ҳамкорлик тўғрисидаги келишувни имзолагани муносабати билан икки томонлама муносабатлар янги босқичга кўтарилган. Украинадаги можаро ва Ғарб санкциялари шароитида Москва Пекин билан иқтисодий алоқаларни фаол кучайтириб келмоқда.
Фармонга кўра, визасиз режим 2026 йил 14 сентябргача амал қилади. Россия томони бундай қадам билан Хитойнинг россиялик оддий паспорт эгаларига 30 кунлик визасиз саёҳат имконини берган қарорини акс эттирганини таъкидлади.
Шу билан бирга, янги тартиб Хитойдан келувчи меҳнат мигрантлари, узоқ муддатлик таълим учун келадиган талабалар, шунингдек, логистика ва транспорт соҳаси ходимларига тааллуқли эмас. Бу тоифалар учун амалдаги талаблар сақланиб қолади.
Хитой Ташқи ишлар вазирлиги сентябр ойида россияликларга визасиз режим бир йил давомида амал қилиши ҳақида маълум қилган эди.
Аввалроқ Ўзбекистон Хитой фуқаролари учун визасиз режимни 30 кунга узайтирган эди.





