Саида Мирзиёева «Заковат-Гамбит» ғолибларини табриклади

25.10.2025 | 13:561 дақиқа

Тошкентда бўлиб ўтган «Заковат-Гамбит» турнирида 2200 дан зиёд шахматчи иштирокчи этди. Саида Мирзиёева ғолибларни табриклаб, айниқса қизларнинг ютуқларидан мамнунлигини билдирди.

Саида Мирзиёева «Заковат-Гамбит» ғолибларини табриклади

23 октябр куни Тошкент шаҳрида «Заковат-Гамбит» шахмат мусобақасининг тўртинчи, яъни навбатдаги йиллик турнирининг финал босқичи бўлиб ўтди. Бу йилги беллашувда 2210 нафар шахмат ихлосмандлари иштирок этди, шулардан 286 нафари аёл-қизлардир.

Президент администрацияси раҳбари Саида Мирзиёева мусобақа ғолибларини самимий табриклаб, шахмат соҳасида эришилаётган натижалар мамлакат учун фахр эканини таъкидлади. У ўз чиқишида: «Биз ғояларимизга ишончсизлик билдирилган даврдан то халқаро эътирофга эришиш ва шахматчиларимиз билан фахрланишгача бўлган йўлни биргаликда босиб ўтдик.

Мен, айниқса қизларимизнинг ғалабаларидан бениҳоя хурсандман, шу ўринда барча қатнашчиларга омад, энг асосийси, ўзларига ишонишларини тилаб қоламан!», — деди.

Мусобақанинг финал босқичига жами 91 нафар шахматчи қатнашди. Улар бешта гуруҳда беллашиб, ҳар бир гуруҳдаги иштирокчилар энг яхши натижа учун кураш олиб борди. Бу йилги «Заковат-Гамбит» турнирининг умумий соврин жамғармаси 620 миллион сўмни ташкил этади.

Турнир доирасида махсус меҳмонлар — Германиялик гроссмейстер Маттиас Блюбаум ва Болгариялик собиқ жаҳон чемпиони Антуанетта Стефанова иштирокчилар билан мулоқот ўтказиб, ўз тажрибалари билан ўртоқлашди.

Теглар

Мавзуга оид