Logo

Тошкент аэропортида мобил қурилмаларни божхона расмийлаштируви тўхтатилди

Давлат божхона қўмитасининг маълум қилишича, ушбу қарор IMEI-кодларни сохталаштириш ва ноқонуний схемаларнинг олдини олиш мақсадида қабул қилинган.

Тошкент аэропортида мобил қурилмаларни божхона расмийлаштируви тўхтатилди © SI asosida yaratilgan

Тошкент халқаро аэропорти орқали хориждан олиб кирилаётган мобил қурилмаларнинг божхона расмийлаштируви вақтинча тўхтатилди. Бу ҳақда Божхона қўмитаси матбуот хизмати хабар берди.

Аввалроқ, ижтимоий тармоқларда 6 ноябрдан бошлаб Ўзбекистон аэропортларида хориждан олиб кирилаётган қимматбаҳо смартфонлар (хусусан, iPhone) ва уларнинг IMEI-кодлари назорати кучайтирилгани ҳақида хабарлар тарқалганди. Фойдаланувчиларнинг таъкидлашича, қиймати 1 000 доллардан юқори бўлган телефонлар қўшимча экспертизага юборилиб, бу жараён 30 кунгача давом этиши мумкин. Бироқ баъзи хабарларга кўра, 450 доллар (ёки ундан кўпроқ) миқдорида тўлов эвазига ушбу экспертизани бир кунда тезкор якунлаш таклиф қилинмоқда. Бу миш-мишлар фонида Тошкентдаги "Малика" бозорида iPhone 18 Pro Max нархи 10,6 фоизга (1700 доллардан 1880 долларгача) кўтарилиб кетган.

Божхона қўмитаси расмий баёнотига кўра, сўнгги вақтларда мобил қурилмаларни божхона чегараси орқали олиб ўтишда IMEI кодларини сохталаштириш, бошқа қурилмаларга тегишли идентификаторлардан фойдаланиш, шунингдек, бир қурилма маълумотларини бошқа қурилмаларни қонунийлаштириш учун ишлатиш каби мураккаб қонунбузилиш схемалари орқали божсиз олиб кириш меъёридан фойдаланишга бўлган уринишлар кўпаймоқда.

Рақамларга кўра, жорий йил бошидан «Тошкент-АЭРО» ИБК томонидан жами 185 та ҳолатда қиймати 8.8 млрд сўмлик 1185 дона уяли алоқа воситалари ноқонуний олиб кирилиши олди олинган.

Қўмитанинг таъкидлашича, мобил қурилмаларнинг IMEI идентификаторларини текшириш, хусусан, IMEI-1 ва IMEI-2 кодлари битта қурилмага тегишли эканини ҳамда ушбу кодлар бўйича аввал тармоқ ҳодисаси содир бўлганини аниқлаш махсус билим ва ихтисослик талаб қилади.

Қайд этилишича, айни вақтда Тошкент халқаро аэропорти орқали хориждан олиб кирилаётган мобил қурилмаларнинг божхона расмийлаштируви уларнинг IMEI идентификаторларини аниқлаш ва қонуний олиб кирилганлигини тасдиқлаш билан боғлиқ айрим масалаларга ойдинлик киритилгунга қадар вақтинча тўхтатилган.

Мазкур йўналишда юзага келган масалаларни ҳуқуқий жиҳатдан тўғри ва ягона тартибда ҳал этиш, шунингдек, келгусида қонунбузилиш ҳолатларининг олдини олиш мақсадида тегишли идоралар билан бу борадаги фаолиятни ўзаро мувофиқлаштиришга зарурат туғилмоқда.

«Шу сабабли, мобиль қурилмаларнинг IMEI идентификаторларини текшириш ва уларни расмийлаштириш тартибларини ойдинлаштириш бўйича тегишли идоралар билан ҳамкорликда тадбирлар белгиланди ва қисқа муддатларда вазиятга ойдинлик киритилиши ҳамда божхона расмийлаштируви жараёнларини белгиланган тартибда давом эттириш имконияти яратилишини маълум қиламиз», - дейилади хабарда.

Теглар

Мавзуга оид