Logo

Тошкент–Андижон пулли йўли қурилиши 2027 йилда бошланади — Президент

Кеча 21:482 дақиқа

Йўл билан бирга Хонобод–Андижон йўналишида 78 километрлик яна бир пулли автомобил йўлини лойиҳалаш ҳам бошланади.

Тошкент–Андижон пулли йўли қурилиши 2027 йилда бошланади — Президент

2027 йилда Тошкент–Андижон пулли автомобил йўлини қуриш бўйича амалий ишлар бошланади. Бу ҳақда Президент Шавкат Мирзиёев 24 сентябь куни Андижон вилоятининг ижтимоий-иқтисодий ривожланишига бағишланган йиғилишда маълум қилди.

Янги йўл Андижон вилоятининг транспорт ва логистика салоҳиятини кенгайтиришга қаратилган лойиҳалар қаторида тилга олинди.

Шунингдек, Ўзбекистон раҳбарига кўра, янги транспорт оқимига мос равишда 78 километрлик Хонобод–Андижон пулли автомобил йўлини лойиҳалаш ишлари ҳам бошланади.

Тендер 2027 йилнинг биринчи чорагида якунланиши кутилмоқда

Бундан бир кун олдин, 23 сентябр куни Автомобил йўллари қўмитаси раиси Жамшид Турсунов Тошкент–Андижон пулли йўли бўйича тендер жараёнлари 2027 йил биринчи чораги охиригача якунланиши режалаштирилаётганини айтган эди.

Унинг маълум қилишича, Тошкент–Самарқанд, Тошкент–Чорвоқ ҳамда Наманган–Пунган пулли автомобил йўллари бўйича ҳам ишлар олиб борилмоқда.

Хитой–Қирғизистон–Ўзбекистон темир йўли юк ташишни оширади

Президент йиғилишида Андижоннинг янги транспорт оқимларига тайёргарлиги ҳам муҳокама қилинди.

«Хитой – Қирғизистон – Ўзбекистон» темир йўли орқали юк оқими ошишини ҳисобга олиб, Қўрғонтепа ва Хонободда 600 миллион долларлик логистика комплекси лойиҳаси бошланади. Қирғизистон билан келишилган «Кесканёр» чегара постини қуриш юк ташиш ҳажмини ошириш ва муддатини қисқартиришга хизмат қилади», - дея таъкидлади давлат раҳбари.

Таъкидланишича, Ўзбекистон ва Қирғизистон ўртасида янги «Кесканёр» чегара пункти нинг ўтказувчанлик қуввати амалдаги «Дўстлик» пунктидан икки баравар юқори бўлиши кутилмоқда. Янги пункт ишга тушгач, юк ташиш ҳажмини 2–3 баравар ошириш ва чегарадан ўтиш вақтини ўртача бир ҳафтага қисқартириш режалаштирилган.

Теглар

Мавзуга оид