add

Тошкент шаҳар судининг уч судяси процессуал тартибда қўлга олинди

Кеча 14:591 дақиқа

Оғир жиноят содир этган судланувчи Акмал Шукуровни озодликка чиқаришга ажрим чиқарган Тошкент шаҳар судининг уч судяси қўлга олинди.

Тошкент шаҳар судининг уч судяси процессуал тартибда қўлга олинди

Ҳуқуқ ҳимоячиси Абдураҳмон Ташанов ўзининг Facebook саҳифасида маълум қилишича, Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратурасининг Коррупцияга қарши кураш бош бошқармаси томонидан Жиноят кодексининг 231-моддаси ва бошқа моддалари асосида жиноий жавобгарликка тортилган Жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳар судининг уч нафар судяси Мухтарама Тургунова, Одилбек Илхомжонов ҳамда Мирзиёд Абидов процессуал тартибда ушланган.

Уларга нисбатан Жиноят-процессуал кодексининг 221-моддаси асосида ушлаш чораси қўлланган. Айни пайтда қўзғатилган жиноят иши доирасида тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Ҳозирча мазкур ҳолат бўйича расмий идоралар томонидан жамоатчиликка расмий ахборот берилмаган. Бироқ манбалар тергов адолатсиз суд ҳужжатлари чиқарилиши билан боғлиқ ҳолатларни қамраб олаётганини қайд этмоқда.

Аввалроқ Судялар олий кенгаши қарорига мувофиқ, ёзма аризасига биноан ҳамда одил судловни амалга ошириш чоғида қонунийликни бузганлиги учун Ўзбекистон Республикаси «Судлар тўғрисида»ги Қонуни 79-моддаси 1-қисмининг 2,10-бандларига асосан мазкур шахсларнинг судялик ваколатлари муддатидан илгари тугатилиб, Тошкент шаҳар судининг жиноят ишлари бўйича судяси лавозимидан озод этилганди.

Маълумотларга кўра, улар апелляция судлов ҳайъати таркибида иш юритиб, оғир жиноят содир этганликда судланган Акмал Шукуровни озодликка чиқариш ҳақида ажрим чиқарган.

Теглар

Мавзуга оид