Logo

Тошкентда ер қазиш ва йўлларни ёпишга рухсатнома берувчи онлайн тизим ишга туширилди

Бугун 09:002 дақиқа

Шаҳарда коммуникациялар таъмирланганидан кейин пиёдалар инфратузилмаси шикастланган ҳолда қолиб кетаётган ҳолатлар тез-тез учрамоқда.

Тошкентда ер қазиш ва йўлларни ёпишга рухсатнома берувчи онлайн тизим ишга туширилди © Foto: Тошкент шаҳар ҳокимлиги

Тошкент шаҳрида жисмоний ва юридик шахслар учун ер қазиш, муҳандислик-коммуникация тармоқларини ўтказиш ҳамда йўл ёки ҳудудларни вақтинча ёпишга рухсатнома олишнинг янги электрон тизими — order.tashkent.uz ишга туширилди. Бу ҳақда пойтахт Йўл ҳаракатини ташкил этиш маркази (ЙҲТЭМ) матбуот хизмати маълум қилди.

Янги тизим ер ишларини олдиндан режалаштириш, жараёнларни тегишли ташкилотлар билан белгиланган тартибда келишиш ва хавфсиз ташкил этиш мақсадида ишлаб чиқилган.

Марказ хабарига кўра, тартибсиз ва режалаштирилмаган ҳолда олиб борилган қазиш ишлари кўпинча транспорт тирбандликларига, пиёдалар ҳаракатидаги ноқулайликларга, ер ости коммуникацияларининг шикастланишига ҳамда коммунал хизматлар фаолиятида узилишларга сабаб бўлмоқда. Шу муносабат билан, ЙҲТЭМ умумий фойдаланишдаги ҳудудларда тегишли рухсатномасиз қазиш, таъмирлаш ва ўзгартириш ишларини амалга ошириш қонунчиликда белгиланган жавобгарликка тортиш учун асос бўлишини эслатиб ўтди.

Gazeta.uz'нинг ёзишича, шаҳардаги пиёдалар инфратузилмаси муаммоларини ёритиб борувчи «Toshkent piyodalari» Telegram канали муаллифлари мазкур янгиликка муносабат билдириб, ишларнинг нафақат бошланишини, балки якунланишини ҳам назорат қилиш зарурлигига эътибор қаратди. Фаолларнинг таъкидлашича, таъмирлаш ишларидан сўнг шунчаки чуқурни кўмиб кетиш эмас, балки бузилган йўл ва тротуар қопламаларини олдинги нормал ҳолатига қайтариш ниҳоятда муҳим.

Қайд этилишича, шаҳарда коммуникациялар таъмирланганидан кейин пиёдалар инфратузилмаси шикастланган ҳолда қолиб кетаётган ҳолатлар тез-тез учрамоқда. Бунга мисол тариқасида Мирзо Улуғбек туманидаги Осиё кўчасида тротуарнинг бир неча йилдан бери бузилган ҳолда ётгани, шунингдек, «Турон» маҳалласидаги 493-сонли боғча ва 148-сонли мактаб оралиғидаги ички кўчада асфальт олиб ташланиб, қайта тикланмагани кўрсатиб ўтилган.

Ҳозирча ЙҲТЭМ томонидан тақдим этилган маълумотда янги онлайн тизим қазиш ишларидан кейинги қопламани тиклаш жараёни устидан қатъий назоратни таъминлаши ёки йўқлигига аниқлик киритилмаган.

Теглар

Мавзуга оид