Logo

Туркия Ўзбекистонга 11,6 млрд доллар инвестиция киритади

Олтин қазиб олиш ҳажмини 175 тоннага, кумушни 500 тоннага, мис ишлаб чиқариш қувватларини эса 500 минг тоннага етказиш режалаштирилган. Ўзбекистон президенти турк компанияларини тоғ-кон саноати, минерал ресурсларни чуқур қайта ишлаш ва «яшил» энергетикада янги қўшма лойиҳаларни амалга оширишга таклиф қилди. Туркия банклари, инвестиция фондлари ва саноат компанияларидан хусусийлаштириш жараёнларида янада фаол иштирок этиш сўралди.

Туркия Ўзбекистонга 11,6 млрд доллар инвестиция киритади © Prezident matbuot xizmati

Ўзбекистонда 2030-йилга қадар ушбу электротехника саноатидаги экспортни 5 миллиард долларга етказиш ва 11,6 миллиард доллар инвестиция жалб қилиш мақсад қилинган. Бу ҳақда президент Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон – Туркия бизнесни қўллаб-қувватлаш бўйича юқори даражадаги кенгашнинг биринчи йиғилишида маълум қилди.

Айтилишича, икки давлат ўртасидаги иқтисодий ҳамкорликнинг устувор йўналишларидан бири электротехника саноатидаги кооперацияни кенгайтиришдир. Туркия компаниялари мисни чуқур қайта ишлаш, электроника, трансформаторлар, маиший техника ва электр ускуналари ишлаб чиқаришда ўзбекистонлик корхоналар билан қўшма лойиҳаларни йўлга қўйишга таклиф этилди.

Ўзбекистонда 2030-йилга қадар олтин қазиб олиш ҳажмини 175 тоннага, кумушни 500 тоннага, мис ишлаб чиқариш қувватларини эса 500 минг тоннага етказиш режалаштирилган. Шу даврда қайта тикланувчи энергия қувватларини 25 гигаваттга, уларнинг электр энергияси ишлаб чиқаришдаги улушини 54 фоизга етказиш кўзда тутилмоқда.

Жиззах вилоятида ташкил этилаётган Атом саноати махсус саноат зонасида 15 та йўналишда маҳсулот ишлаб чиқариш режалаштирилган. Ушбу маҳсулотлар Ўзбекистон ва Марказий Осиёнинг бошқа мамлакатларида барпо этиладиган атом электр станциялари эҳтиёжларига ҳам йўналтирилади.

Давлат раҳбари турк компанияларини тоғ-кон саноати, минерал ресурсларни чуқур қайта ишлаш ва «яшил» энергетикада янги қўшма лойиҳаларни амалга оширишга таклиф қилди.

Ўзбекистон иқтисодиёти 3 баробар ошди

Йиғилишда 2017-йилдан буён мамлакат иқтисодиёти уч баробар ўсгани, 150 миллиард доллардан ортиқ хорижий инвестициялар жалб этилгани эслатилди. 2030-йилга қадар ялпи ички маҳсулот ҳажмини 300 миллиард долларга етказиш, саноат ишлаб чиқаришини икки баробар ошириш, ушбу тармоқда 2 миллионта юқори даромадли иш ўрни яратиш ҳамда юқори технологик маҳсулотлар улушини учдан бир қисмга етказиш мақсад қилинган.

Бу вазифаларни амалга оширишда Туркия билан амалий ҳамкорликни изчил ривожлантириш муҳим ўрин тутиши таъкидланди.

Қишлоқ хўжалигидаги шериклик

Туркиянинг аграр соҳадаги тажрибасини ҳисобга олиб, органик минерал ўғитлар ва қишлоқ хўжалиги техникаси ишлаб чиқариш, замонавий иссиқхоналар барпо этиш, боғдорчилик, сув тежовчи технологиялар ҳамда совиткич омборлари йўналишларида ҳамкорликни кучайтириш таклиф этилди.

Ўзбекистон озиқ-овқат маҳсулотларини чуқур қайта ишлаш ва йирик чакана савдо тармоқлари орқали етиштиришдан истеъмолчига етказиб беришгача бўлган ягона қиймат занжирини шакллантиришдан манфаатдор. Президент туркиялик инвесторларни Янги Тошкент қурилиши ва мамлакатдаги йирик инфратузилма лойиҳаларида фаол иштирок этишга чақирди. Турк компанияларига янги шаҳарда тижорат ва тураржой мажмуалари, меҳмонхоналар, таълим ва тиббиёт муассасаларини барпо этиш бўйича ҳамкорлик қилиш таклиф қилинди.

Шу билан бирга, пулли автомобил йўллари, аэропортлар ва логистика марказларини ривожлантириш транспорт соҳасидаги истиқболли йўналишлар сифатида кўрсатилди.

Тиббий маҳсулотлар ишлаб чиқариш маҳаллийлаштирилади

Тошкент фармацевтика паркида инвесторларга кенг қамровли имтиёз ва преференциялар, зарур инфратузилма ҳамда ишлаб чиқариш майдонлари тақдим этилмоқда. Президент турк фармацевтика компаниялари учун алоҳида саноат зонасини ташкил этиш ташаббусини илгари сурди.

2002-йилдан буён Ўзбекистонда фаолият юритаётган «Nobel Pharmsanoat» компанияси тажрибаси соҳадаги ҳамкорликнинг амалий намунаси сифатида кўрсатилди. Туркиянинг бошқа етакчи фармацевтика компаниялари ҳам ушбу йўналишда фаол ҳамкорликка таклиф қилинди.

«Ўзбекистонда хусусийлаштириш ва давлат-хусусий шериклик дастурлари Туркия инвесторлари учун янги имкониятлар очмоқда», — дея ёзди президент матбуот котиби.

Президент 2026–2027-йилларда умумий қиймати 8,4 миллиард долларлик давлат активлари, кўчмас мулк объектлари ва ер майдонларини савдога чиқариш режалаштирилганини айтди. Турк компаниялари билан Самарқанд автомобил заводини хусусийлаштириш, Самарқанд вилояти электр тармоқларини модернизация қилиш ва Бухорода янги халқаро аэропорт қуриш каби йирик ташаббуслар бўйича ҳамкорлик олиб борилмоқда. Давлат раҳбари Туркия банклари, инвестиция фондлари ва саноат компанияларини ушбу жараёнларда янада фаол иштирок этишга чорлади.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон 9 ойда 44,1 миллиард доллар хорижий инвестиция ва кредит жалб қилди. Ҳудудий инвестиция дастурлари доирасида умумий қиймати 5,9 миллиард доллар бўлган лойиҳалар амалга оширилди.

Теглар

Мавзуга оид