Visa ва Mastercard суддан 38 млрд долларлик келишувни тасдиқлашни сўради
Савдогарлар Visa, Mastercard ва бир қатор банкларни монополияга қарши қонунларни бузган ҳолда ўзаро келишиб, «swipe» комиссиясини ундиришда айблаган. Ушбу комиссиялар савдогарлар карта орқали тўловларни қабул қилгани учун тўлайдиган тўловлардир.
© BloombergАҚШда бу иккала компания кредит карта орқали тўловларни амалга оширишда савдогарлардан ортиқча комиссия ундирилгани ҳақидаги даъволарни ҳал қилиш учун тузилган 38 млрд долларлик келишувни судя томонидан тасдиқлашни сўради. Ню-Йоркнинг Бруклин шаҳридаги АҚШ округ суди судяси Браян Коган 16-ноябр куни бўлиб ўтган суд мажлисида келишувни якуний тасдиқлаш ёки рад этиш бўйича қарор чиқармади.
Бироқ у 21 йилдан бери давом этаётган иш судгача етиб борса, келишув рад этилган тақдирда жараён узоқ вақтга чўзилиши мумкинлигини таъкидлади.
Келишув савдогарлар Visa ва Mastercard карталарини қабул қилиш учун тўлайдиган комиссияларни камайтиришни ҳамда уларга айрим карталарни рад этишга имкон беради.
Карта тармоқлари вакилларининг адвокатлари келишувни савдогарлар учун адолатли муроса деб атади. Уларнинг таъкидлашича, бу ҳужжат Visa ва Mastercard компанияларининг савдогарлар билан ўнлаб йиллардан бери давом этиб келаётган муносабатларини тубдан ўзгартиради.
Visa адвокати Майкл Шустер келишув савдогарлар учун сезиларли енгиллик яратишини айтди. Унинг сўзларига кўра, компания таклиф этилаётган ўзгаришлардан мамнун бўлгани йўқ.
«Бу карта тармоқлари фаолиятини ўзгартиради», — деди у.
Таклиф этилаётган келишув 12 млндан ортиқ савдогарни қамраб олади. Бироқ айрим мухолифлар ушбу ўзгаришлардан 20 млндан ортиқ бизнес субъекти манфаатдор бўлиши мумкинлигини таъкидламоқда.
Ҳужжат савдогарларга бозорда кенг тарқалган бонусли карталарни қабул қилишда давом этган ҳолда айрим кредит карталарини рад этиш имконини беради. Судя июн ойида келишувни дастлабки босқичда маъқуллаган эди. 2024-йилнинг июн ойида эса бошқа судя 30 млрд долларлик аввалги келишувни етарли эмас деб топиб, рад этган.
«Барча карталарни қабул қилиш» қоидаси бекор қилинади
Савдогарлар Visa, Mastercard ва банкларни АҚШнинг монополияга қарши қонунларини бузган ҳолда ўзаро келишиб, «swipe» комиссиясини ундиришда айблаган. Ушбу комиссиялар савдогарлар карта орқали тўловларни қабул қилгани учун тўлайдиган тўловлардир.
«Interchange» комиссияси деб ҳам аталадиган ушбу тўловлар 2025-йилда АҚШда Visa ва Mastercard учун жами 118,8 млрд долларни ташкил этган. Бу кўрсаткич 2024-йилдаги 111,2 млрд доллар ва 2009-йилдаги 25,6 млрд доллардан ошган. Ўртача комиссия миқдори 2,36 фоизни ташкил этган.
Келишувга кўра, Visa ва Mastercard беш йил давомида «swipe» комиссиясини 0,1 фоиз бандга камайтириши, стандарт истеъмолчи карталари учун эса саккиз йил давомида комиссия миқдорини 1,25 фоиз билан чеклаши керак.
Шунингдек, бу савдогарларга турли тоифадаги карталар орасидан танлаш имконини бериш орқали барча Visa ва Mastercard карталарини қабул қилишни ёки умуман қабул қилмасликни талаб қилувчи узоқ вақтдан бери амал қилиб келаётган «Honor All Cards» қоидасига чек қўяди. Ушбу қоида савдогарлардан Visa ёки Mastercard’нинг барча карталарини қабул қилишни ёки уларнинг ҳеч бирини қабул қилмасликни талаб қиларди.
Янги тартибга кўра, савдогарлар карталарни учта алоҳида тоифага ажратиб, улардан қайсиларини қабул қилишни ўзлари танлаши мумкин бўлади. Булар тижорат карталари, бонусли карталарни ҳам ўз ичига олган юқори тоифадаги истеъмолчи карталари ва стандарт истеъмолчи карталаридир.
Даъвогарлар томонидан ёлланган икки эксперт — Нобел мукофоти совриндори, иқтисодчи Жозеф Стиглиц ва Вашингтон университети профессори Кит Леффлернинг ҳисоб-китобларига кўра, ушбу ўзгаришлар 2031-йилгача савдогарларга 38 млрд доллар тежаш имконини беради. Истеъмолчиларни ҳам ҳисобга олганда, умумий иқтисодий фойда 224 млрд долларга етиши мумкин.
Рақобат етишмаслиги юзасидан хавотирлар
Суд келишувга қарши билдирилган мингдан ортиқ эътирозни қабул қилган. Улар орасида «Walmart» компанияси ва дунёдаги энг йирик чакана савдо ташкилоти — «National Retail Federation» ҳам бор.
Келишувга қарши чиққан айрим томонларнинг фикрича, савдогарлар бонусли карталарни қабул қилиш учун ҳамон юқори комиссия тўлашда давом этади. Бундан ташқари, уларга турли банклар чиқарган карталар орасидан танлаш имконияти берилмайди. Масалан, савдогар бир банк карталарини қабул қилиб, бошқа банк карталарини рад эта олмайди.
Келишувга қарши чиққан «National Association of Convenience Stores» ва «Circle K» компаниялари номидан қатнашган адвокат Митхун Мансингхани судя Коганга ушбу келишув банклар ва бошқа карта эмитентлари ўртасида ҳақиқий рақобатни юзага келтирадиган таркибий ислоҳотларни назарда тутмаслигини айтди.
Унинг таъкидлашича, бозорнинг 90 фоизидан ортиғини ташкил этувчи тижорат ва юқори тоифадаги истеъмолчи карталари учун комиссиялар ҳамон юқори даражада қолади.
«Рақобат асосий мезон бўлиши керак. Ушбу келишув эса мутлақо нотўғри. Бу Гудзон дарёси устидан кўприк қуриб, унинг фақат чорак қисмини битказишга ўхшайди. Бундай кўприкдан фойдаланиб бўлмайди», — деди Митхун Мансингхан.
Келишувни қўллаб-қувватлаганлар орасида «Electronic Payments Coalition» ҳам бор. Унинг аъзолари қаторига Visa, Mastercard ва «Bank of America», «Capital One», «Chase» ҳамда «Citibank» каби йирик банклар киради.
«American Express» ва «Capital One» таркибига кирувчи «Discover» тўлов тармоқлари ушбу келишувга киритилмаган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Ўзбекистондаги қайси банкларда пластик ва виртуал карталарни бепул олиш мумкинлиги ҳақида ёзган эдик.
Фарангиз Бобожонова





