Logo

Хитойдан Ўзбекистонга юборилган курерлик жўнатмаси ортидан нарколаборатория фош этилди

Бугун 12:051 дақиқа

Жўнатмада озиқ-овқат маҳсулотларига қўшиладиган рангли қўшимчалар борлиги кўрсатилган. Бироқ текширув давомида оқ рангли кристаллсимон кукун аниқланди.

Хитойдан Ўзбекистонга юборилган курерлик жўнатмаси ортидан нарколаборатория фош этилди © Bojxona qo’mitasi matbuot xizmati

Хитойдан юборилган курерлик жўнатмаси божхона кўригидан ўтказилганда ундан оқ рангли кристаллсимон кукун чиқди. Бу ҳақда Божхона қўмитаси хабар берди.

Жўнатмада озиқ-овқат маҳсулотларига қўшиладиган рангли қўшимчалар борлиги кўрсатилган эди. Марказий божхона лабораторияси экспертизаси хулосасига кўра, жўнатма таркибида қарийб 25 килограмм «прегабалин» кучли таъсир қилувчи моддаси мавжудлиги маълум бўлди.

Жўнатма ортидаги жиноий занжир ҳам фош этилди. Ушбу юклар Telegram’даги «ALTAIR» номли аккаунт орқали Гулистон шаҳрида яшовчи 2 киши номига юборилган. Тезкор тадбир давомида ушбу шахслар Тошкент шаҳрида курерлик жўнатмасини қабул қилиб олаётган вақтида тўхтатиб қолинди.

Шундан сўнг тезкор тадбир Гулистон шаҳрида давом эттирилиб, гумонланувчи шахсларнинг яшаш хонадонлари кўздан кечирилди. Натижада у ерда 8 минг дона бўш капсула, 300 дона қўлбола усулда тайёрланган капсула, икки дона электрон тарози, беш жуфт тиббий қўлқоп ҳамда 5 килограмм «мефедрон» гиёҳвандлик воситасига ўхшаш модда аниқланди.

Қолаверса, яширин нарколаборатория ташкил этишга уриниш билан боғлиқ ҳолат ҳам фош бўлди. 20–21 ёшга кирган, Гулистон шаҳрида яшовчи йигитлар ўз фаолиятини интернет тармоғида «SIMBIOZ» номли наркодўконда олиб борган.

Ҳозирда мазкур ҳолат юзасидан божхона органлари томонидан жиноят иши қўзғатилган.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ президент Шавкат Мирзиёев наркожиноятлар учун жавобгарликни кучайтирувчи қонунни имзолаганди.

Теглар

Мавзуга оид