Хорижда реклама берган тадбиркорларга 20 минг долларгача харажатлари қайтарилади
ССПга кўра, Ўзбекистонлик тадбиркорлар халқаро бозорларда (Alibaba, Ozon) реклама бериш учун 20 000 долларгача субсидия олишлари мумкин.
© Foto: global.chinadaily.com.cnМаҳаллий тадбиркорларга ўз маҳсулот ва хизматларини халқаро бозорларда тарғиб қилиш учун реклама харажатлари қоплаб берилади. Молиявий кўмак миқдори бир йилда бир корхона учун 20 000 АҚШ долларигачани ташкил этади. Бу ҳақда Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси маълум қилди.
«Савдони ривожлантириш компанияси» АЖ томонидан тақдим этилаётган субсидия қуйидаги йўналишлардаги реклама харажатларини қоплайди:
• Қидирув маркетинги (SEM
• )Ижтимоий тармоқлар ва иловалар (жумладан, мессенжерлар ва онлайн ўйинлар)
• Хорижий нашрлар (газета, бизнес журналлар ва каталоглар)
• Халқаро савдо майдончалари (Alibaba, Ozon, Wildberries ва бошқалар)
Харажатларни қоплаш фоизи корхонанинг барқарорлик рейтингига боғлиқ: AAA тоифадаги корхоналар учун 100 фоиз, B тоифадагилар учун 50 фоиз харажатлар қопланади.
Асосий шартлардан бири шуки, қопланган харажатларнинг камида 5 баравари миқдорида маҳсулот хорижий валютада реализация қилиниши керак. Шунингдек, корхонанинг ўз бренди (товар белгиси) Интеллектуал мулк агентлигида рўйхатдан ўтган бўлиши шарт.
Тадбиркор реклама харажатларини ўзи тўлаган тақдирда шартнома (ёки оферта), ҳисоб-фактура, бажарилган ишлар далолатномаси ва банк тўлов ҳужжатини тақдим этиши лозим. Агар реклама тўғридан-тўғри «Савдони ривожлантириш компанияси» орқали жойлаштирилса, тақдимот материаллари талаб этилади.
Аризаларни топшириш subsidiya.epauzb.uz сайти ёки +998 (71) 207-04-06 телефон рақами орқали амалга оширилади.





