Logo

Японияда уйқу чемпионати ўтказилади

Бугун 21:281 дақиқа

Чемпионга қанча пул берилиши маълум. Фақат 90 дақиқа давомида энг яхши ухлай олган иштирокчи ғолиб деб топилади.

Японияда уйқу чемпионати ўтказилади

Японияда уйқу бўйича чемпионат ўтказилади. Соврин жамғармаси 14 минг долларни ташкил этади. Бу ҳақда «Tokyo Weekender» хабар берди.

Таъкидланишича, 2026-йил 5-октябр куни Токиода ноодатий «Mattrace by Koala» мусобақаси бўлиб ўтади. Унда 90 дақиқа давомида энг яхши ухлай олган иштирокчи ғолиб деб топилади.

Мусобақани «Koala Japan» компанияси ташкил этмоқда. Бир кун давомида тахминан 20 нафардан иштирокчи қатнашадиган учта «босқич» ўтказилиши режалаштирилган. Агар иштирок этиш истагида бўлганлар сони кўпайса, қатнашчилар тасодифий танлаб олинади.

Мусобақа давомида иштирокчилар уйқунинг чуқурлиги ва сифатини, ухлаб қолиш тезлиги ҳамда уйқу барқарорлигини баҳолайдиган датчиклар ўрнатилган Koala матрасларида ухлайди. Якуний натижа шифокорлар назорати остида ишлаб чиқилган махсус балл тизими асосида аниқланади.

Бунда шунчаки ухлаб қолишнинг ўзи етарли бўлмайди. Ташкилотчилар иштирокчиларнинг ноқулай шароитларда ҳам сифатли уйқуни сақлаб қола олишларини текшириш учун атайлаб уларнинг уйқусига халақит беришади.

Мусобақа бошланишидан олдин иштирокчилар махсус «уйқу машғулоти»дан ўтади ва натижага таъсир қилиши мумкин бўлган турли аксессуарларга эга бўлади. Шунингдек, энг чуқур уйқу ва уйқу вақтида энг ноодатий ҳолат учун қўшимча мукофотлар ҳам таъсис этилган.

Теглар

Мавзуга оид