add

Яхши спорт формасидаги Мирзиёев, 3 та банкда исломий молия хизматлари ва Ўзбекистон футбол клубларини сотиб олмоқчи бўлган Араб жамғармаси — 5 январ дайжести

05.01.2026 | 22:303 дақиқа

Кун давомида Ўзбекистонда юз берган воқеалар ва ҳодисалар, ёритилган янгиликлар ва хабарларнинг энг муҳимларини яна бир бор эсга оламиз.

Яхши спорт формасидаги Мирзиёев, 3 та банкда исломий молия хизматлари ва Ўзбекистон футбол клубларини сотиб олмоқчи бўлган Араб жамғармаси — 5 январ дайжести

«Мирзиёев ҳам залда шуғулланади»: Тоқаев президентлар жисмоний ҳолати ҳақида фикр билдирди

Қозоғистон президенти Қосим-Жомарт Тоқаев давлат раҳбарлари ўртасида жисмоний фаоллик ва соғлом турмуш тарзига муносабат юқори эканини таъкидлади. Унинг айтишича, етакчиларнинг кўпчилиги мунтазам равишда спорт билан шуғулланади ва ўз саломатлигига жиддий эътибор қаратмоқда.

«Путин яқинда Бишкекда бўлиб ўтган норасмий тадбирда ёш дзюдочига қарши усул қўллаб, катта авлод шарафини ҳимоя қилди. Алиев (Озарбайжон президенти) ҳам жисмонан бақувват, у доимий равишда машқ қилади, Жапаров (Қирғизистон раҳбари) футбол ўйнайди. Мирзиёев яхши спорт формасида, у ҳам залда шуғулланади. Пашинян (Арманистон бош вазири) — велосипедчи. Лукашенко (Беларус раҳбари) ҳанузгача хоккей ўйнайди. Раҳмон (Тожикистон президенти) ҳам соғлиғидан шикоят қилмайди. Шундай экан, барча ҳамкасблар ажойиб формада», деди Тўқаев.

Ўзбекистон ЖСТга аъзо бўлиш учун 29 та ҳуқуқий ҳужжат қабул қилади

Ўзбекистон 2026 йилда Жаҳон савдо ташкилотига аъзо бўлиш жараёнини якуний босқичга олиб чиқишни режалаштирмоқда. Бу доирада қолган икки томонлама музокараларни якунлаш, ишчи гуруҳ ҳисоботини тайёрлаш ҳамда қонунчиликни тўлиқ мувофиқлаштириш кўзда тутилган. Мазкур режалар ҳақида президентнинг ЖСТ бўйича вакили Азизбек Урунов маълум қилди.

Режага кўра, 2026 йилда ЖСТга аъзо давлатлар билан қолган сўнгги икки томонлама музокаралар якунланади. Хусусан, Тайван билан келишув тузилиб, шундан сўнг кўп томонлама музокаралар босқичи тугатилади. Бу жараёнлар якунида Ўзбекистоннинг ЖСТга қўшилиши бўйича ишчи гуруҳ ҳисоботи тайёрланиши лозим. Қонунчиликни ЖСТ талабларига мослаштириш доирасида ҳукумат қўшимча 29 та норматив-ҳуқуқий ҳужжатни қабул қилишни режалаштирмоқда. Шунингдек, 2026 йилда бозорга кириш бўйича мажбуриятлар юзасидан ишлар якуний босқичга ўтади.

Аҳолининг ичимлик суви билан таъминлаш қамрови 85 фоизга етказилади

Ўзбекистонда аҳолининг ичимлик суви хизматларидан доимий фойдаланиш имкониятига эга бўлган қисми 2030 йилга бориб 85 фоизга етказилади. Бу мақсад «Ўзбекистон–2030» стратегиясининг жамоатчилик муҳокамасига қўйилган такомиллаштирилган лойиҳасида белгиланган.

Ҳужжатга кўра, ичимлик суви билан қамров:

• 2026 йилда 82 фоиз;

• 2027 йилда 83 фоиз;

• 2028 йилда 84 фоиз;

2029 йилда эса 84 фоиз даражада таъминланади. 2030 йилда эса ушбу кўрсаткични 85 фоизга етказиш кўзда тутилган. Бу аҳолининг сув таъминоти барқарорлигини оширишга қаратилган узоқ муддатли ислоҳотларнинг асосий индикаторларидан бири ҳисобланади.

2030 йилгача 3 та банкда исломий молия хизматлари йўлга қўйилади

Ўзбекистон 2030 йилга қадар учта тижорат банкида исломий молия хизматларини йўлга қўйишни режалаштирмоқда. Бу ташаббус жамоатчилик муҳокамаси учун тақдим этилган «Ўзбекистон-2030» янги стратегиясида акс этган бўлиб, молия бозорини диверсификация қилиш ва аҳоли ҳамда бизнес учун муқобил молиявий инструментларни кенгайтиришга қаратилган.

Ҳужжатга кўра, исломий молия хизматларини тақдим этувчи биринчи тижорат банки 2027 йилда фаолият бошлайди. Кейинги банк 2029 йилда ишга туширилиши, учинчи банк эса 2030 йилда бозорга кириб келиши режалаштирилган.

Араб жамғармаси Ўзбекистон футбол клубларини сотиб олмоқчи

Араб капиталига эга «No Limits Sport» инвестиция жамғармаси Ўзбекистондаги футбол клубларини сотиб олиш имкониятларини кўриб чиқмоқда. Бу ҳақда жамғарманинг Евросиё бўлими раҳбари Вадим Андреев Россиянинг ТАСС ахборот агентлигига берган интервюсида маълум қилди.

Унинг сўзларига кўра, жамғарма нафақат Ўзбекистон, балки Беларусь, Грузия ва Қозоғистондаги футбол клубларини ҳам инвестиция нуқтайи назаридан таҳлил қилишни режалаштирмоқда. Шунингдек, Россия футбол бозори ҳам жамғарма эътибор марказида қолмоқда. Айни пайтдаги режага асосан, яқин келажакда 10–12 та клуб чуқур таҳлил қилиниб, инвесторлар учун энг истиқболли активлар аниқланади.

«Биз активлар қийматининг ўсиши ва инвестициядан олинадиган даромад нуқтаи назаридан энг мақбул вариантларни белгилаш учун батафсил ҳисобот тайёрлашни режалаштиряпмиз», — деди Андреев.

Теглар

Мавзуга оид