ЕИ Россия банклари, «соя флоти» ва онлайн савдо платформаларига қарши кенг кўламли санкциялар жорий этди
«Қора рўйхат»га 49 та банк ва молия муассасаси, йирик нефтни қайта ишлаш заводлари ҳамда хомашё савдоси билан шуғулланувчи компаниялар киритилди. Санкцияга учраганлар орасида «Wildberries» асосчиси ва «Yandex» акциядори ҳам бор.
© Foto: РИА Новости16-ноябр куни Европа Иттифоқи Кенгаши Украинага қарши урушни молиялаштиришда иштирок этгани учун Россиянинг 12 фуқароси ҳамда Россия ва бошқа давлатларда рўйхатдан ўтган 101 та ташкилотга нисбатан санкциялар жорий этишни маъқуллади. Янги санкциялар рўйхатига Россиянинг 49 та банки ва молия муассасаси, йирик нефтни қайта ишлаш заводлари ҳамда хомашё савдоси билан шуғулланувчи компаниялар киритилди.
Санкциялар рўйхатига киритилган барча 113 нафар жисмоний ва юридик шахснинг Европа Иттифоқи ҳудудидаги активлари музлатилади. Европа фуқаролари ва компанияларига уларга бевосита ёки билвосита пул ҳамда бошқа ресурсларни бериш тақиқланади. Шунингдек, рўйхатга киритилган 12 нафар жисмоний шахснинг Европа Иттифоқига кириши тақиқланди.
«Россиянинг банк секторига қарши санкцияларни босқичма-босқич кучайтириш ва кенгайтириш орқали Европа Иттифоқи Россия давлат даромадлари келиб тушадиган ҳамда ҳарбий ҳаракатлар молиялаштириладиган молиявий каналларни ёпмоқда», — дейилади Европа Иттифоқи Кенгаши баёнотида.
Санкцияга учраган жисмоний шахслар орасида Россиянинг энг йирик онлайн савдо платформалари раҳбарлари ва ҳаммуассислари ҳам бор. Булар «Wildberries» асосчиси Татяна Ким ҳамда «Ozon» компаниясининг энг йирик улуш эгаси ва «Yandex» акциядори Александр Чачавадир. Европа Иттифоқи ҳужжатида «Wildberries» ва «Ozon» Россия армияси учун таъминот тармоқлари сифатида фаолият юритиши, ҳарбий ва икки мақсадда фойдаланиш мумкин бўлган товарларни сотиши қайд этилган.
Шунингдек, Россиядаги Федерация Кенгаши раиси Валентина Матвиенконинг ўғли, тадбиркор Сергей Матвиенко ҳам санкциялар рўйхатига киритилди. Унга тегишли қурилиш ва инфратузилма компаниялари асосан давлат буюртмалари асосида ишлайди. Чекловлар 2026-йилнинг июн ойида санкцияга учраган «Южуралзолото» (ҳозирги BTS-Gold) олтин қазиб олиш компаниясининг асосий акциядорига айланган миллиардер Руслан Байсаровга ҳам тааллуқли бўлди.
Бундан ташқари, Европа Иттифоқи Россиянинг нефт ва денгиз транспорти соҳасидаги компаниялари раҳбарлари ҳамда эгалари — Игор Конфино, Даниил Мосин ва Сергей Грибга нисбатан ҳам санкциялар жорий этди. Улар Россиянинг «Совкомфлот» компанияси билан боғлиқ «соя флоти» кемаларига эгалик қилувчи компанияларни бошқаради.
101 та компания ва ташкилот орасида энг катта гуруҳни Россиянинг 49 та молия муассасаси ташкил этди. Уларнинг 47 таси тижорат банклари, иккитаси эса нобанк кредит ташкилотлари — «ЮMoney» ва «Петербург ҳисоб-китоб маркази» ҳисобланади. Хусусан, рўйхатга қурол савдоси бўйича давлат монополисти «Рособоронэкспорт»га тегишли «RFK-Bank», унга қарашли «Timer Bank», «Sberbank»ка тегишли «ЮMoney» тўлов хизмати (собиқ «Яндекс.Денги»), трансчегаравий пул ўтказмалари платформаси «dengi.ru» билан ишлайдиган «Bank 131», «Yunistrim», «Петербург ҳисоб-китоб маркази», «SPB Bank», «GUTA-BANK», «Alef-Bank», «Morskoy Bank», «Bank Zarechye» ва «Selmashbank» киритилди.
Европа Иттифоқи Кенгаши маълумотига кўра, ушбу 49 та молия муассасасининг катта қисми Украинага қарши урушда қатнашayotgan россиялик ҳарбийларга кредит тўловларини кечиктириш имкониятини беради, «рақамли рубл» лойиҳасининг синов босқичида қатнашади ёки Россия Федерал хавфсизлик хизмати томонидан криптография фаолияти билан шуғулланиш учун берилган лицензияларга эга.
Шунингдек, санкциялар Россиянинг нефтни қайта ишлаш, нефт қазиб олиш ва газ соҳасида фаолият юритувчи 27 та компаниясига ҳам жорий этилди. Улар орасида «Газпром нефтехим Салават», «Киришинефтеоргсинтез» (KINEF), «Газпром нефт» компаниясининг Москва ва Омск нефтни қайта ишлаш заводлари, «TAIF-NK», «Орскнефтеоргсинтез», Саратов, Илск, Новошахтинск ва Хабаровск нефтни қайта ишлаш заводлари бор.
Бундан ташқари, «Петербург нефт терминали», «Tatneft» таркибидаги компаниялар, «NNK-Oyl» ҳамда Уст-Луга ҳудудидаги газ мажмуаси — «Русхималянс», «Русгаздобича» ва «Уст-Луга» зонасини бошқарувчи компания ҳам санкциялар рўйхатига киритилди.
Рўйхатдан саноат корхоналари ҳам жой олди. Жумладан, Екатеринбург рангли металларни қайта ишлаш заводи (ЕЗОЦМ) ва Украинанинг вақтинча босиб олинган ҳудудларида чўян, пўлат ҳамда ферроқотишмалар ишлаб чиқарувчи «Жанубий кон-металлургия мажмуаси Донецк» (ЮГМК) компаниясига қарши ҳам чекловлар жорий этилди.
Бундан ташқари, Европа Иттифоқи «соя флоти»га тегишли танкерларнинг эгалари, уларни бошқарувчи, молиялаштирувчи ёки суғурталовчи 15 та компанияга ҳам санкциялар киритди. Улардан 11 таси Бирлашган Араб Амирликлари, Уммон, Сейшел ороллари ва Гонконгда, қолган тўрттаси эса Россияда рўйхатдан ўтган. Санкциялар рўйхатини Сингапурда рўйхатдан ўтган «ALT CAPITAL PTE LTD» финтех компанияси якунлайди. Унинг «Glider» онлайн платформаси Европа Иттифоқининг экспорт чекловларини четлаб ўтишга ёрдам бериши қайд этилган.





