VAQT.UZ ТАҲРИРИЯТ КОДЕКСИ
Мазкур кодекс «INFOLAB» МЧЖ муассислиги остидаги VAQT.UZ сайти таҳририятининг фалсафаси, миссияси, қоидалари, журналистик стандартлари ва иш этикасини белгилайди. Кодекс таҳририят ходимлари, ҳамкорлар ва кенг жамоатчилик учун очиқ ҳужжат ҳисобланади.

1. МИССИЯ ВА МАҚСАДЛАР
VAQT.UZ — мустақил иқтисодий, бизнес ва молиявий ахборот сайти. Бизнинг миссиямиз — Ўзбекистонда шахсий ва иқтисодий эркинликларни мустаҳкамлаш, ҳуқуқий давлат ва фуқаролик жамияти ривожига ҳисса қўшиш.
Мақсадимиз — сиёсат, бизнес, технология, соғлиқни сақлаш ва спорт соҳаларидаги муҳим воқеаларни холис, текширилган ва ўз вақтида ёритиш. Шу билан бирга, таҳлилчилар ва мутахассислар фикрига ҳам майдон берамиз.
VAQT.UZ бирор бир сиёсий куч ёки тижорий гуруҳ таъсиридан холи бўлган медиабизнес лойиҳаси ҳисобланади. Мавзу танловидаги асосий мезон — унинг жамоатчилик, жумладан обуначилар учун аҳамиятли бўлиши.
VAQT.UZ мулкдорлари, шунингдек, «INFOLAB» МЧЖ менежменти ва аффиланган компаниялар таҳририят сиёсатига аралашмайди. VAQT.UZ мантазам равишда сиёсачилар, олигархлар ва тизимли коррупция трендларига қарши суриштирувлар ўтказиб туради. Таҳририят учун танқиддан ташқаридаги шахслар, партиялар, компаниялар ва давлат органлари йўқ.
Юқорида кўрсатилган миссия ва қадриятлар VAQT.UZ журналистлари ва муҳаррирлари учун фаоллик ва журналистика ўртасида чегара йўқлигини англатмайди. Биз содир бўлаётган воқеаларнинг барча иштирокчиларига нисбатан танқидий кўз билан қараймиз. Таҳририят ходимлари ўзларининг шахсий фикрларини ФИКРЛАР бўлимидаги муаллифлик колонкаларида, шуниндек, БЛОГЛАР ва ЭКСПЕРТЛАР рукнларида эълон қилишлари мумкин.
VAQT.UZ ахборот тўплаш ва тарқатишда мавжуд қонунчилик нормалари ва одоб-ахлоқ меъёрларига риоя қилади.
Шунингдек, таҳририят давлат тилининг ривожига ҳисса қўшиш ва уни тарғиб қилишни ҳам асосий мақсадларидан бири қилиб белгилаган.
2. ЖУРНАЛИСТИК СТАНДАРТЛАР
2.1. Ишончлилик
VAQT.UZ журналистлари ва муҳаррирлари фақат текширилган фактларни эълон қилиш учун максимал ҳаракат қилишади.
Биз томонимиздан эълон қилинган барча фактлар ва баҳо берувчи фикрлар аниқ кўрсатилган манбага эга. Биз таҳририят ходимлари ишончли эканига шахсан ишонч ҳосил қилган ўз ахборотларимизни тарқатишга устунлик берамиз.
Биз гиперлинк орқали ўзимиз ишончли ахборот тарқатиш билан нуфузга эга бўлган бошқа медиаларнинг маълумотларидан ҳам фойдаланамиз.
Биз давлат органлари, сиёсий партиялар, компания ва банкларнинг пресс-релизларидан эҳтиёткорлик билан фойдаланмиз, уларни ёрдамчи тарзда текшириб кўрамиз, муқобил манбалардан маълумотлар билан тўлдирамиз, чунки пресс-релизнинг ўзи ҳеч қачон янгилик бўла олмаслигини биламиз.
Биз ижтимоий тармоқлардан олинган ахборотларни аккаунтларнинг ҳақиқий эканлиги, пост муаллифларининг кўзлаган манфаати ва эҳтимолли манфаатлар тўқнашуви, эълон қилинаётган ҳужжатлар, фото ва видеоларнинг ишончлилига кўра қайта текшириб кўрамиз.
Ижтимоий тадқиқотлар ва сўроқномаларнинг натижалари қуйидаги деталлар кўрсатилган ҳолда эълон қилинади: тадқиқотни ўтказган социлогик хизматнинг номи, тадқиқот буюртмачиси, тадқиқотни ўтказиш муддати, географияси ва услуби, сўралган инсонлар сони ва таркиби, респодентлар жавоб берган саволнинг қурилмаси, барча жавоб вариантлари, статистик хатолик катталиги, зарурият бўлса, сўралганларнинг фикрига таъсир ўтказиши мумкин бўлган контекст.
Биз доимо муайян мақоладаги фактларнинг ишончлилига масъул бўлган муаллиф ва/ёки муҳаррирни кўрсатамиз. VAQT.UZʼда аноним мақолалар эълон қилинмайди.
Ҳар қандай ҳолатда биз ахборотнинг энг биринчи манбадан олиб узатишга ҳаракат қиламиз.
2.2. Тезкорлик
VAQT.UZ ишончлилик ва аниқликка путур етказмасдан янгиликларни имкон қадар тезроқ эълон қилишга ҳаракат қилади. Ўта зарур ҳолларда жамоатчиликнинг катта қизиқишини келтириб чиқарган янгиликлар «фақат факт» форматида эълон қилинади ва сўнг тафсилотлар, контекст ва бэкгрунд билан тўлдириб борилади.
2.3. Аниқлик
VAQT.UZ цитатлар, номлар, атоқли отлар, «энг биринчи», «энг яхши», «энг катта» сингари миқдорий кўрсаткичларнинг аниқлигига алоҳида эътибор беради. Биз контекстдан фактлар, баҳолашлар ва цитаталарни юлиб олмаймиз, уларни аслида қандай эълон қилинган бўлса, айнан шундай берамиз.
2.4. Холислик ва мувозанатлилик
VAQT.UZ турли нуқтайи назарларни акс эттириш, ўткир мавзулардан қочмаслик, фактлар бўйича сукут сақламаслик ва уларни манипуляция қилмаслик; турли қутбдаги фикрлар ва баҳолашларни уларнинг сиёсий, копоратив ва фуқаролик мансублигидан қатъий назар эълон қилиш мажбуриятини ўз зиммасига олади.
Турли нуқтайи назарлар ва можароли мавзулар битта мақола доирасида келтирилади. Агар томонлардан бирининг позицияси тезкорлик билан эълон қилинмаган бўлса, унинг муносабати албатта кейинроқ таҳририят ўша пайт зарур деб билган форматда берилади. Агар томонлардан бири изоҳ беришни истамаса, биз бу рад этишни қайд этамиз ва ўқувчиларга бу ҳақда хабар қиламиз.
Биз мувозанатлилик ниқоби остида Ўзбекистоннинг мустақиллиги ва суверенитети, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини шубҳа остига қўядиган, зўравонлик ва дискриминациянинг ҳар қандай кўриниши илгари сурадиган ғояларни тарқатмаймиз. Икки томон позициясини ёритишдаги мувозанатлилик ва тенг ҳуқуқ агрессор ва агрессия қурбони, террорчи ва полицияси учун тенг ҳуқуқни билдирмайди.
Вазиятлар, ҳодисалар ва фактларни таҳлил қилиш учун VAQT.UZ медиадаги чиқишлари билан холислиги ва нуфузи тасдиқланган экспертларни жалб қилади. Агар эксперт қандайдир йўл билан мақола предметига алоқадор бўлса, таҳририят бундай потенциал манфаатлар тўқнашуви борасида ўқувчиларни огоҳлантиради.
Бирор бир сиёсий кучлар ва тижорий тузилмаган ўз позициясини ёритишда имтиёзга эга бўлолмайди. Бу принцип шу жумладан обуначилар, реклама берувчилар, инвесторлар ва VAQT.UZ мулкдорларига ҳам тааллуқли.
2.5. Тўлиқлик
Биз ўзимиз эълон қилаётган ахборотни тўлиқ узатишга, қачон, қаерда ва қандай воқеа рўй бергани, бу нимани билдириши борасидаги саволларга жавоб беришга ҳаракат қиламиз. Ҳаттоки VAQT.UZʼдан қисқа ва қайноқ янгиликларда ҳам сиз энг камида бэкграунд, контекст ва мавзуга алоқдор мақолаларга ҳавола топасиз.
2.6. Фактларни шарҳлардан фарқлаш
Биз фактларни шарҳлардан, журналистларнинг шарҳларини экспертларнинг шарҳларидан ажратамиз. Янгиликларда таҳририят ва журналистларнинг баҳоловчи фикрларига йўл қўймаймиз.
Биз ўз мақолаларимизга аудиториянинг диққат-эътиборини жал қилишга интиламиз, шу сабабли сарлавҳаларда мажозий ўхшатиш ва сўз ўйинларидан фойдаланамиз. Бироқ, ҳар қандай ҳолатда VAQT.UZ манипулятив ва баҳоловчи сарлавҳалардан фойдаланмайди.
2.7. Манбалар билан ишлаш, аноним манбалар
Барча фактлар ва баҳоловчи хулосалар VAQT.UZʼда манбаси (қоида тариқасида илк манбаси) кўрсатилган ҳолда берилади.
Биз қуйидаги шартларга риоя қилинганда аноним манбаларнинг ахборотларидан фойдаланишимиз мумкин: гап жамоат учун муҳим фактлар ҳақида борганда, манбани ошкор қилиш унинг ҳаёти, саломатлиги ёки касбий фаолиятига таҳдид қилганда; суҳбатдошнинг ишончлилиги ва малакаси VAQT.UZ журналистлари билан ҳамкорлик қилганлик тарихи билан тасдиқланган бўлса.
Биз ҳар қандай ҳолатда манбанинг анонимлигини ҳимоя қилиш мажбуриятини зиммамизга оламиз.
Биз агар у ёлғиз ўзи бўлса аноним манбага таянмаймиз ва доим бундай ахборотни бошқа, мустақил манбалар орқали текшириб кўрамиз.
Қимматли манба статуси унга VAQT.UZʼнинг ҳар қандай мақоласида бирор имтиёз бермайди.
2.8. Интервю ва цитаталарни келишиш
Биз муаллифлик ҳуқуқи тўғрисидаги Ўзбекистон қонунчилиги талабларини бажарамиз. Агар интервю ёки мақола учун шарҳ берган шахс матнни келишишни сўраган бўлса, таҳририят бундай имкониятни тақдим этади. Бироқ, VAQT.UZʼда келишишнинг маълум бир шартлари бор.
Таҳририят айтилган гап мазмунини жузъий тарзда ўзгартирадиган, матннинг катта қисми ўчирилган ёки маъноси ўзгартиришларни ўзгартиришларни қабул қилмайди. Биз интервюни цензура қилишга йўл қўймаймиз. Агар интервю (цитата)ни келишиш рад этилган бўлса VAQT.UZ NV ахборот манбасига ҳавола қилиб интервю ёки шарҳни қайта ҳикоя қилиб бериш ҳуқуқни ўзида қолдиради. Биз шунингдек, гарчи келишилмаган бўлса ҳам интервюни эълон қилиш ҳуқуқини ўзимизда қолдирамиз. Иккинчи масалада VAQT.UZ халқаро журналистика стандартлари ва ўқувчиларнинг жамият учун муҳим ахборотни билиш ҳуқуқларига таянади.
3. ХАТОЛАРНИ ТЎҒРИЛАШ, РАДДИЯ ҲУҚУҚИ ВА ЖАВОБ ЁЗИШ ҲУҚУҚИ
3.1. Хатолар
VAQT.UZ ўз аудиториясига имкон қадар тезроқ ишончли фактлар ҳақида хабар қилишга интилади. Хатолар аниқланганда у материал муаллифи ёки муҳаррир томонидан имкон қадар қисқа муддатда тўғриланади.
Агар фактологик хатолар, аниқликка оид ёки ахборотни тўлиқлигига доир хатолар тузатиладиган бўлса, ҳар қандай жанр ёки форматдаги материалнинг остсарлавҳасида «Тўғриланган», «Аниқлаштирилган», «Тўлдирилган» қабилида изоҳ қўшиб қўйилади.
Хатоларимиз ҳақида таҳририят контактлари орқали ёки мақолада кўрсатилган муаллиф ва/ёки муҳаррирга тўғридан тўғри мурожаат қилиб ўқувчилар ҳам маълум қилишлари мумкин.
3.2. Материалларни ўчириш
Алоҳида вазиятларда, мақолаларда кўп миқдорда хатолар аниқланган бўлса ёки юқорида зикр этилган ахборот билан ишлаш стандартлари бузилган бўлса, VAQT.UZ ўчириш факти ва сабабларини кўрсатган ҳолда мақолани ўчириши мумкин. VAQT.UZ бундай хатоликлар/қоидабузарликларга йўла қўймаслик учун максимал ҳаракат қилади.
VAQT.UZ кимгадир ёқмаган материални ўчирмайди.
3.3. Раддия бериш ҳуқуқи
VAQT.UZ мақолаларида тилган олинган ҳар қандай шахс, вояга етмаган болаларнинг ота-оналари, шунингдек юридик шахсларнинг ваколатли ходимлари агар ўзлари тўғрисидаги маълумот ҳақиқатга тўғри келмайди, деб ҳисобласа раддия талаб этиб таҳририятга мурожаат қилишлари мумкин.
Раддия талаби электрон почта орқали ёки қоғоз кўринишида таҳририятга етказилиши лозим. Бундай хатда айнан қайси мақола ҳақида сўз бораётгани, айнан қайси фактларни муаллиф ишончсиз деб экани ва аслида ҳолат қандай эканлигини кўрсатиб ўтиши керак. Ёзма кўринишдаги хатда эътироз билан мурожаат қилаётган шахснинг ваколатлари тасдиқланган бўлиши лозим. Агар талабнома электрон почта орқали жўнатилган бўлса, эътироз муаллифининг ваколатлари электрон рақамли имзо (ЭРИ) билан тасдиқланган бўлиши керак.
VAQT.UZ муҳаррир ва журналистларга телефон қўнғироғи ёки мессенжерлар орқали ёзишмалар асосида раддия эълон қилмайди.
Раддия эълон қилиш, унинг формати, матни ва сарлавҳаси тўғрисидаги қарор таҳририят томонидан раддия учун асос баҳолангач ва тегишли талабномани жўнатган томон билан музокаралардан сўнг қабул қилинади. VAQT.UZ эътироз муаллифлари томонидан илгари сурилган фактлар ва хулосаларни қайта текшириш ва раддияни эълон қилишни далиллаб рад этиш ҳуқуқига эга.
VAQT.UZ қуйидаги ҳолатлар кузатилган раддияни эълон қилмайди:
· Ишонсиз маълумот бўлса;
· Кучга кирган суд қарорлари ёки ҳукмларига зиддиятлар;
· Ҳокимиятни эгаллаш ва конституцион тузумни куч билан алмаштиришга чақириқ;
· Ўзбекистон суверенитети ва ҳудудий яхлитлилига дахл қилиш;
· Миллатлараро, динларқаро ва ирқлараро адоват қўзғаш;
· Зўравонлик ва шафқатсизлик пропагандаси;
· Порнографик материаллар;
· Агрессор давлат пропагандаси;
· Тоталитар режимлар ва агрессив уруш пропагандаси;
· Шахсий хаётга аралашув саналувчи ахборотлар (қонунда кўзланган ҳолатлар мустасно);
· Вояга етмаган ҳуқуқбузарнинг шахсини унинг қонуний вакиллари рухсатисиз ошкор қилишга қаратилган ахборот.
3.4. Жавоб ёзиш ҳуқуқи
Агар VAQT.UZʼда эълон қилинган ахборот ишончли бўлса, бироқ жисмоний ёки юридик шахснинг обрўсини шубҳа остига қўйса, таҳририят жавоб ёзиш ҳуқуқини тақдим этиши мумкин.
Жавоб формати (янгилик, интервю, устун) тўғрисидаги қарор таҳририят томонидан қабул қилинади. Бундай мақолани матни таҳририят мақоласини рад этмайди, бироқ вазият аудитория томонидан баҳоланиши учун янги фактлар, фикрлар ва контекстга эга бўлиши мумкин. Таҳририят эътироз муаллифини унинг жавобини эълон қилиш санаси ва формати тўғрисида огоҳлантиради.
4. МУАЛЛИФЛИК ҲУҚУҚИ
VAQT.UZ бошқа муаллифларнинг мақолалари, видео ва фотосуратларидан Ўзбекистон қонунчилиги нормаларига, шунингдек мақолаларнинг биринчи манбаси ва/ёки муаллифлари талабларига қатъий амал қилган ҳолда фойдаланади. Биринчи манба ва муаллиф исми албатта кўрсатилган ҳолда муаллифларнинг розилигисиз мақолалар ва фотосуратлардан фойдаланишга қуйидаги шартларга риоя қилинган ҳолда рухсат этилади:
· Агар мақола контексти билан аввалдан аниқлик киритилган бўлса, олдга қўйилган мақсадни мувофиқ цитаталар (қисқа парчалар), шу жумладан матбуот шарҳи шаклида бошқа медиалардан иқтибос келтириш;
· Ахборот мақсади билан асосланган ҳажмда оммавий воқеалар чоғида туширилган фото ва видеолар;
· Биринчи манба ўз материалларидан фойдаланиш учун ўрнатган қоидаларга тўлиқ риоя қилган ҳолда бошқа ОАВларнинг материалларидан иқтибос келтириш ёки қайта эълон қилиш.
5. АХБОРОТ БИЛАН ИШЛАШДА ЭТИК СТАНДАРТЛАР
5.1. Шахсий ҳаётни ёритиш
Биз шахсий ҳаётга бўлган ҳуқуқ, шаън ва қадр-қиимат бўлган ҳуқуқни ҳурмат қиламиз. Бироқ, VAQT.UZ жамият учун муҳим функцияларни бажараётган ва жамият ҳаётининг турли жабҳаларида катта таъсирга эга шахслар борасида журналистик суриштирувлар ўтказиш ва маълумотлар тўплаш ҳуқуқига эга. Мақолаларда бундай шахслар ҳақида тўпланган ахборотларнинг жамият учун муҳимлиги шахсий ҳаётга бўлган ҳуқуққа таққосланганда устунроқ аҳамиятга эга.
5.2. Вояга етмаганларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш
VAQT.UZ болалар иштирок этган воқеалар тўғрисидаги материалларни эҳтиёткорлик билан эълон қилади.
Биз ноқонуний хатти-ҳаракатларга дахлдор ё алоқадор бўлиши мумкин бўлган, ёки зўравонлик билан боғлиқ воқеалар иштирокчиси бўлган вояга етмаганларнинг исмларини ошкор этмаймиз.
Болалар билан боғлиқ мақола ва хабарларда тезкорлик эвазига ишончлилик, аниқлик ва ахборотнинг тугаллигини қурбон қилмаймиз.
5.3. Шокка солувчи деталлар бўлган ахборот
Биз фожиали воқеалар деталлари, вафот этганлар, тана қисмлари ва биологик таркибий қисмлар тасвирлари мавжуд бўлган материалларни вояга етмаганлардан тўсишга ҳаракат қиламиз.
Биз бундай деталларга эга материалларни эълон қилишдан қочишга ҳаракат қиламиз. Агар жамият учун муҳимлиги нуқтайи назаридан бундай материаллар эълон қилинган тақдирда ҳам, материал аввалида 18+ мажбурий маркировка ва бошқа огоҳлантиришлар қўйилади (масалан: видеода инсонлар ўлими тасвирланган, каби)
VAQT.UZ ўз жонига суиқасд ҳақидаги материллар, воқеаларнинг тафсилотлари ва тасвирларини эълон қилмайди.
5.4. Айбсизлик презумпцияси
VAQT.UZ айбсизлик презумпцияси принципига амал қилади. Жиноят содир этганликда гумон қилинаётган шахслар уларнинг айби қонун билан белгиланган тартибда суд ҳукми билан исботланмагунча, айбдор деб аталмайди. Суд қарори кучга кирмагунча, биз бундай шахсларни «жиноятчи» деб аташдан тийиламиз.
Биз жиноят очилгани ҳақида хабар берувчи ҳуқуқ-тартибот органларининг пресс-релизларидан эҳтиёткорлик билан фойдаланмиз, уларни факт сифатида эмас, ИИО, прокуратура, ДХХ позицияси ёки фикри сифатида тақдим этамиз.
5.5. Манфаатлар тўқнашучи тўғрисида билдириш
VAQT.UZ журналистлари ва муҳаррирлари ўз холислигига шубҳа туғдирадиган ҳар қандай алоқалардан воз кечишга интиландилар; улар сиёсий тадбирларда иштирок этмайдилар ва ўзларининг ОАВ ходими мақомидан шахсий мақсадларда фойдаланмайдилар. Муҳаррирлар журналистларни ташқи босимлар ва касбий вазифаларни бажаришга аралашиш уринишларидан ҳимоя қиладилар.
VAQT.UZ таҳририятида ахборот манбаси ёки мақола фигуранти бўлган шахслар, компаниялар ва муассасалардан қиймати 50 АҚШ доллари эквивалентидан ошадиган совғаларни қабул қилишга йўл қўйилмайди.
Агар журналист тайёрланаётган материал билан боғлиқ равишда манфаатлар тўқнашувига эга бўлса, у бу ҳақда ўз муҳарририга албатта хабар бериши шарт. Зарур ҳолларда бу маълумот таҳририй материалнинг ўзида ҳам очиқ баён қилинади.
VAQT.UZ журналистлари ташкилотчилар томонидан харажатлари қопланган пресс-турларда иштирок этиши мумкин, бироқ бундай сафарлар натижасида мақола тайёрлаш ёки эълон қилиш бўйича ҳеч қандай мажбурият қабул қилинмайди. Ушбу сафар натижалари бўйича қандай материал чоп этилиши ёки умуман чоп этилиш-этилмаслиги ҳақида қарорни таҳририят қабул қилади.
Агар материалда «INFOLAB» МЧЖнинг инвестори ёки бенефициар мулкдори тилга олинса, бундай ҳолларда тегишли дисклеймер берилиши шарт.
6. ДИСКРИМИНАЦИЯНИНГ ҲАР ҚАНДАЙ ШАКЛИНИ РАД ЭТИШ
Ҳар қандай шаклдаги дискриминация (камситиш)ни рад этиш — VAQT.UZ таҳририяти ва унинг муассиси («INFOLAB» МЧЖ) учун нафақат материал тайёрлаш ва эълон қилиш жараёнида, балки таҳририятнинг ички иш амалиётида ҳам қатъий амал қилинадиган асосий стандартлардан биридир.
6.1. Контент ишлаб чиқаришда аксилдискриминацион сиёсат
Турли-туманликни ҳурмат қилиш ва турли нуқтайи назарларга баробар муносабат билдириш — VAQT.UZ таҳририяти фаолиятидаги муҳим стандартлардан биридир.
Таҳририят турли этник гуруҳлар, ирқлар, авлодлар, жинслар, диний эътиқод ва ижтимоий мақом вакилларига ўз фикрини билдириш учун тенг имконият яратади.
Қуйидаги ҳолатларга йўл қўйиб бўлмайди, деб ҳисоблаймиз:
· Шахс ёки гуруҳга нисбатан жинси, ирқи, миллати, дини, географик келиб чиқиши ёки бошқа белгилари асосида камситувчи баёнотлар бериш;
· Мазкур белгилар асосида адоват, нафрат, душманлик кайфиятини қўзғатишга қаратилган материалларни эълон қилиш;
· Жинси, ирқи, миллати, дини, ҳудудий келиб чиқиши каби омилларга кўра одамлар гуруҳига нисбатан салбий образлар яратиш ва гендер стереотипларини тарқатиш;
· Шахсларнинг жинсий, жисмоний хусусиятлари, оилавий ёки фуқаролик мақомига нотўғри, ноўрин ва мантиқсиз аҳамият бериш.
6.2. Таҳририятдаги гендер ва аксилдискриминацион сиёсат
Биз ҳар қандай шаклдаги жинсий тазйиққа, шунингдек, аёллар ёки эркакларга нисбатан билдирилган сексистик баёнотларга мутлақо йўл қўйиб бўлмайди, деб биламиз.
Иш жойида камситишга асосланган амалиётларга йўл қўйилмайди. Таҳририят барча ходимлар учун — жинсидан қатъи назар — тенг ҳуқуқ ва имкониятларни таъминлайди.
Аёллар ва эркаклар ишни оилавий мажбуриятлари билан биргаликда мувофиқлаштира олишлари учун таҳририятда мослашувчан иш жадвали жорий қилинган.
VAQT.UZ таҳририятида бир хил меҳнат учун бир хил маош тўланади. Ҳеч бир ходим этник, диний, гендер ёки бошқа асослар бўйича камситилмайди.
Таҳририят барча ходимларни аксилдискриминация ва гендер сиёсатларига риоя этиш бўйича масъул деб билади.
7. ИЖТИМОИЙ ТАРМОҚЛАРДАГИ ХУЛҚ-АТВОР
Юқорида баён этилган журналистик ва ахлоқий стандартлар VAQT.UZ’нинг барча расмий ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларига ҳам тўлиқ татбиқ этилади. Ушбу платформалардаги хабарлар ва билдиришномалар таҳририят учун сайтдаги янгиликлар каби жавобгарликка эга ва шу даражада аҳамиятли ҳисобланади.
VAQT.UZ таҳририяти раҳбарияти штатдаги журналист ва ходимларга ўз шахсий ижтимоий тармоқ саҳифаларини қандай юритиш кераклиги бўйича кўрсатма бермайди. Бироқ, уларга муҳокамаларда мувозанатли, ҳужжатларга асосланган услубга риоя қилиш, шунингдек таҳририятнинг мустақиллиги ва холислигига шубҳа туғдириши мумкин бўлган ҳар қандай чиқишлардан тийилиш тавсия этилади.
8. АУДИТОРИЯ БИЛАН ҲАМКОРЛИК СИЁСАТИ
VAQT.UZ таҳририяти ўқувчи фикри ва мулоҳазаларини инобатга олиш учун коммуникация каналларидан фойдаланади.
Ҳар бир муаллифлик мақоласида муаллиф фамилияси гиперҳавола орқали берилган бўлиб, у орқали журналист ёки муҳаррирнинг бошқа материаллари билан танишиш, ижтимоий тармоқдаги саҳифаларига ўтиш ва тўғридан тўғри хабар юбориш мумкин.
VAQT.UZ таҳририяти раҳбарият ва ходимларнинг контакт маълумотлари сайтда очиқ тақдим этилган.
Ўқувчилардан ижтимоий тармоқларда изоҳ қолдириш, шикоят ёки таклифлар юбориш, янгилик мавзулари бўйича таклифлар бериш, ахборот манбалари билан ёрдамлашиш, экспертлик фикри билан қатнашиш ва сайтдаги сўровномаларда ҳамда Facebook, Instagram, YouTube ва Telegramдаги постларимизни муҳокама қилиш орқали фаол иштирок этиш сўралади.
VAQT.UZ контентнинг бир қисмини обуна асосида тақдим этиш амалиётини жорий этади. Обуначилар ҳар ой сифатли журналистика учун ҳақ тўлаш орқали таҳририят фаолиятини қўллаб-қувватлаши мумкин. Таҳририят мунтазам равишда улар орасида сўровлар ўтказиб, медиамаҳсулотни янада яхшилашга интилади.
9. РЕКЛАМА МАРКИРОВКАСИ, РЕКЛАМА ВА ТАҲРИРИЯТ МУСТАҚИЛЛИГИ
VAQT.UZ сайтида реклама жойлаштиришда Ўзбекистон Республикасининг «Реклама тўғрисида»ги қонуни ва ОАВдаги реклама ҳамда ҳомийлик материалларини тартибга солувчи бошқа меъёрий ҳужжатларга риоя қилинади.
Таҳририят маркировка қилинмаган (яъни, алоҳида ажратилмаган) реклама материалларини чоп этмайди. Агар бирор материал ташқи юридик ёки жисмоний шахс томонидан молиялаштирилган бўлса, у албатта махсус белги билан ажратилади ва таҳририй контентдан визуал жиҳатдан фарқ қилади.
Реклама белгилари рўйхати сайт футерида келтирилган бўлиб, у белгилар материалнинг реклама ҳуқуқида эълон қилинганини англатади.
VAQT.UZ таҳририятида бир неча турдаги белгиланган реклама турлари мавжуд:
· Кўк фонда — «Бизнес янгиликлари», «PR», «Шериклик лойиҳаси».
· Яшил фонда — «Позиция» (сиёсий реклама);
Ижтимоий тармоқлар орқали тарқатилган рекламалар ҳам худди шундай белгиланган ҳолда тақдим этилади.
VAQT.UZ «лидогенерация»дан даромад олади — яъни сайтдаги «Харидлар» бўлимида маҳсулот ва хизматларга оид шарҳлар берилиб, савдо платформаларига олиб борадиган ҳаволалар жойлаштирилади. Бундай материалларда таҳририят ушбу маҳсулотлар сотувидан комиссия олиши мумкинлиги ҳақида очиқ огоҳлантирув беради.
Сайтда яна бир реклама белгиси — «Рукн шериги» деб ёзилган ҳолда, сайтининг юқори қисмида бўлиб, ушбу бўлимни молиялаштирган компания номи кўрсатилади.
Белгилар рўйхати медиабозордаги тенденциялар ва натив реклама соҳасидаги инновациялар асосида янгиланиб бориши мумкин.
«Реклама ҳуқуқида» деб белгиланган материал — буюртмачи томонидан тақдим этилган ёки таҳририят томонидан тайёрланган, аммо буюртмачи билан келишилган контент ҳисобланади. Унинг мазмуни учун буюртмачи жавобгар ва бундай материал журналистик материал деб ҳисобланмайди.
Шу билан бирга, агар реклама материалининг мазмунида жисмоний ёки юридик шахсга нисбатан даъволар бўлса ва таҳририят ушбу маълумотларнинг аниқлигини текшира олмаса, уларни чоп этмаслик ҳуқуқини ўзида сақлаб қолади. Шунингдек, агар материал таҳририят миссияси ва қадриятларига зид бўлса, реклама ҳуқуқида бўлса ҳам, рад этилиши мумкин.
Таҳририятнинг мустақиллиги муҳим ҳисобланади — VAQT.UZ’нинг тижорат бўлими ва «INFOLAB» МЧЖ раҳбарияти таҳририят сиёсатини белгилашга аралашмайди.
10. МУЛКЧИЛИК ТУЗИЛМАСИ ВА МОЛИЯВИЙ ОЧИҚЛИК
10.1. Мулкчилик
«INFOLAB» МЧЖ — фойда олишни мақсад қилган тижорий тузилма. Унинг бенефициар мулкдори таҳририят сиёсатини белгилашга аралашмайди ва мустақил журналистика муваффақиятли медиабизнес ҳамда ҳуқуқий давлат шаклланиши учун зарур шарт экани ҳақидаги қарашни қўллаб-қувватлайди.
«INFOLAB» МЧЖ лойиҳалари — vaqt.uz сайти ва бошқалар бенефициар мулкдор томонидан фақат молиявий, тижорий ва маркетинг кўрсаткичлари орқали назорат қилинади.
10.2. Молиялаштириш
«INFOLAB» МЧЖ молияси бенефициар мулкдорнинг инвестициялари ҳамда ўз фаолиятидан олинадиган даромадлар ҳисобига таъминланади.
Vaqt.uz сайти ўз харажатларини ўзи қоплайдиган, яъни ўз-ўзини молиялаштирадиган лойиҳа ҳисобланади. Унинг даромад манбалари қуйидагилардан ташкил топади:
· медиа-реклама (баннерлар),
· натив реклама (шериклик лойиҳалари),
· махсус белгиланган PR-материаллар,
· ўқувчилар обунасидан тушум (paywall),
· белгиланган лидогенерация,
· таҳририятнинг Telegram канали, Istagram саҳифаси, YouTube канали ва Facebook платформасидаги монетизация (инстант мақолалар).
Vaqt.uz таҳририяти ўз миссияси ва қадриятларига зид бўлмаган мавзуларни ёритиш учун грантлар танловларида иштирок этади ва грантлар олади. Бироқ, грант маблағлари таҳририятнинг бизнес моделида ҳал қилувчи аҳамиятга эга бўла олмайди.