Рамазон ойининг иқтисодиётга таъсири: тежамкорлик ойими ёки харажатлар мавсуми?
Рамазон ойида одамлар кун давомида рўза тутишларига қарамасдан, истеъмол миқдори сезиларли ошади. Шу билан бирга, закот ва хайрия паст даромадли қатламларнинг харид қобилиятини кучайтиради.
Рамазон ойи — сабр, рўза ва тежамкорлик ойи сифатида қабул қилинади. Одатда шундай тасаввур бор: кундузи овқатланилмаса, харажатлар ҳам камайиши керак. Аммо ўрганишлар бошқа хулосани кўрсатмоқда.
Иқтисодий кўрсаткичларга кўра, бу ойда истеъмол миқдори ошади, кундузги иш унумдорлиги бироз пасаяди ва тунги иқтисодиёт кескин жонланади.
Истеъмол парадокси: рўза, аммо харажат ошади
Тадқиқотлар шуни кўрсатадики, мусулмон мамлакатларда Рамазон ойида озиқ-овқат истеъмоли бошқа ойларга нисбатан 50 фоиздан 100 фоизгача ошади. Бу бир қарашда парадоксдек кўринади: рўза тутилади, лекин сарф-харажатлар ошаверади.
Бу ҳолатни, аввало, психологик омил билан изоҳлаш мумкин. Кун бўйи оч юрган инсон ифторлик вақтида эҳтиёжидан ортиқ маҳсулот харид қилишга мойил бўлади. Саватчага режалаштирилмаган ширинликлар, ичимликлар ва қўшимча маҳсулотлар қўшилади. Бундан ташқари, меҳмондўстлик, ифторлик йиғинлари ва байрам олди тайёргарликлари харажатни янада оширади.
The International Review of Economics журналида чоп этилган тадқиқотга кўра, Рамазон даврида мусулмон уй хўжаликлари харажатлари ўртача 40 фоизга ошади. Айниқса Рамазон ҳайити арафасида талаб янада кучаяди.
Иқтисодий нуқтайи назардан бу ҳолат «талаб шоки» сифатида баҳоланади — яъни аҳолининг катта қисми бир вақтнинг ўзида харидни оширади ва бозорда нарх босими юзага келади.
Иш унумдорлиги ва «кундузги сукунат»
Рамазоннинг иқтисодиётга таъсири фақат истеъмол билан чекланмайди. У меҳнат унумдорлигига ҳам таъсир қилади. Harvard University тадқиқотларида қайд этилишича, уйқусизлик ва очлик айрим шароитларда иш унумдорлигини 20–30 фоизгача пасайтириши мумкин.
Сабаби оддий: Рамазонда тунги ҳаёт фаоллашади. Одамлар саҳаргача уйғоқ бўлади, кундуз эса организм нисбатан секин ишлайди. Айрим мамлакатларда иш вақтининг қисқартирилиши ҳам умумий ишлаб чиқариш ҳажмига таъсир кўрсатади.
Натижада иқтисодиёт гўё икки фазали режимга ўтади: кундузи нисбатан суст, кечаси эса фаол.
Тунги иқтисодиёт: хизматларга эҳтиёж ошади
Рамазон кечалари савдо ва хизмат кўрсатиш соҳасида кескин жонланиш кузатилади. Ресторанлар, етказиб бериш хизматлари, савдо марказлари ва кўнгилочар масканлар учун бу йилнинг энг даромадли даврларидан бири ҳисобланади.
Ифторлик ва саҳарлик буюртмалари ошади, озиқ-овқат савдоси кўпаяди. Айрим бизнес тармоқлари айнан Рамазон даврида асосий фойдасини шакллантиради. Бу эса иқтисодиёт ичида ресурслар ва даромадларнинг қайта тақсимланишига олиб келади.
Закот ва садақа иқтисодий занжирни кучайтиради
Рамазон ойида закот ва садақа ҳажми ҳам сезиларли даражада ошади. Тадқиқотчилар, жумладан MoezAlIslam E. Faris бошчилигидаги гуруҳ Рамазонни Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Барқарор ривожланиш мақсадлари билан боғлаб таҳлил қилган.
Закот ва хайрия маблағлари паст даромадли қатламларга етиб бориб, уларнинг харид қобилиятини оширади. Натижада пул иқтисодий занжир бўйлаб айланади ва қўшимча талаб юзага келади. Бу жараён «иқтисодий мултипликатор эффекти»ни кучайтиради.
Шу билан бирга, Рамазон моҳияти жиҳатидан тежамкорлик ва исроф қилмасликни тарғиб қилади. Агар бу қадриятлар амалда ҳам тўлиқ қўлланса, озиқ-овқат чиқиндиларини камайтириш ва масъулиятли истеъмол маданиятини шакллантириш мумкин.
Рамазон — фақат ибодат ойи эмас, балки ҳар йили такрорланадиган иқтисодий фаоллик давридир. Бу ойда уй хўжаликлари харажатлари ошади, бозорда талаб кучаяди. Бироқ айни пайтда хайрия, ўзаро ёрдам ва ижтимоий бирдамлик ҳам мустаҳкамланади.
Яъни, Рамазон бир томондан бозорга босим ўтказса, иккинчи томондан масъулиятли иқтисодий ёндашув учун имконият яратади.
Нима қилиш керак?
— Нархларни маъмурий йўл билан ушлаб туриш ўрнига таъминотни кучайтириш керак: захираларни шакллантириш, импортни олдиндан режалаштириш ва логистикани яхшилаш орқали нархлар барқарорлигини таъминлаш мумкин.
— Закот ва хайрияни тизимли ва шаффоф механизмлар орқали ташкил этиш керак: бу ёрдамнинг ҳақиқий эҳтиёжмандларга самарали етиб боришини таъминлайди.
— Исрофни камайтириш бўйича тарғибот ишларини кучайтириш зарур: Рамазоннинг ўзи тежамкорликка чақиради, бу қадрият амалиётда ҳам акс этиши керак.
Teglar






