Шерзодхон Қудратхўжа: «Қачонгача ўзимизга ўзимиз паст назар билан қараймиз?»

09.11.2025 | 12:055 daqiqa

Шу кунларда ижтимоий тармоқларда АҚШ президенти Доналд Трампнинг «кўп миллиардлик сармоялар учун Ўзбекистонга миннатдорчилик» билдирган твити билан боғлиқ воқеа қандай авж олаётганини кузатиш мумкин.

Шерзодхон Қудратхўжа: «Қачонгача ўзимизга ўзимиз паст назар билан қараймиз?»

Аслида, коммуникациялар бўйича ОТМ ректори ва сиёсатшунос сифатида мен учун бу — сиёсий PR, бузғунчи кучлар ва жаҳолат қандай қилиб сохта кун тартибини яратишининг яққол намунаси.

Буларнинг барчаси ё ўта иқтисодий саводсизлик, ёки мамлакатимиз учун ғоят муҳим бўлган келишувларни обрўсизлантиришга қаратилган беадаб фитнадир. Иккаласи ҳам хавфли.

АҚШ президенти ижтимоий тармоқлардаги постида бўлажак инвестициялар учун Ўзбекистонга миннатдорчилик билдирди. Шу заҳотиёқ дод-вой кўтарилди: «Қаранглар, ўртаҳол Ўзбекистон иқтисодан қудратли Америкага ўнлаб миллиардларни киритмоқчи! Бу бемаънилик-ку?!».

Аслида бемаънилик — бу халқаро иқтисодий муносабатларнинг асосларини тушунмасликдир.

Келинг, тушунмаганлар (ёки ўзини тушунмаганликка солаётганлар) учун буни таҳлил қилиб кўрамиз.

Трамп, ҳар доимгидек, ўзининг ички америкалик аудиторияси учун ишлаяпти. Унинг сайловчиларга асосий мессежи: «Қаранглар, мен — келишувлар устасиман (дилмэйкер), мен бутун дунё АҚШга пул олиб келишини таъминлайман!». Бу унинг ўзига хос услуби, сиёсий бренди. У мураккаб, кўп қиррали жараённи олиб, ўз сайловчилари учун содда ва жозибали шиорга айлантириб бериб келаяпти.

Аммо воқелик — бир томонлама ҳаракатланадиган кўча эмас.

Гап компаниялар ва давлатлар ўртасидаги икки томонлама келишувлар ҳақида кетмоқда. Бу Тошкентдан Вашингтонга пул ўтказмаси эмас. Миллиард-милиард долларлик транзакциялар эмас. Бу Форт-Ноксга йўл олган, муҳрланган, олтин ортилган вагонлар эшелони ҳам эмас. Бу ҲАММА ютадиган жараёндир.

Амалда бу нимани англатади? Нимагадир ҳамма инкор этаётган мисолни олайлик.

Микрочиплар, гаджетлар ва ҳарбий-саноат мажмуаси учун стратегик жиҳатдан энг муҳим хомашё бўлган ноёб металларни қазиб олиш ва қайта ишлаш бўйича келишувлар.

Наҳотки кимдир Ўзбекистоннинг ишлов берилмаган рудаси яъни харсанг тошлар ортилган юк машиналари Пенсилвания ёки Оҳайода иш ўринлари яратиш учун океан ортига йўл олади, деб ўйласа? Албатта йўқ!

Мантиқ бутунлай тескари:

Бу Америка ва халқаро компаниялар Ўзбекистонга сармоя киритиши демакдир. Улар ўзларининг технологиялари, ноу-хаулари ва капиталлари билан келишади. Ўзбекистонда замонавий кон-бойитиш комбинатлари ва қайта ишлаш заводлари қурилади. Руда хомашё сифатида чиқиб кетмайди — у юқори қўшимча қийматга эга бўлган ярим тайёр ва тайёр маҳсулотга айланади.

Айтишларича, америкаликлар ҳатто бизда микрочиплар ишлаб чиқаришни йўлга қўйишни режалаштирмоқда (шу ўринда яқинда интернетда машҳур бўлган, қайта ишлаш чуқурлашгани сари ноёб металлардан олинган маҳсулотлар нархининг геометрик прогрессия бўйича ўсиши ҳақидаги ролик ёдга тушади, ўн доллар турадиган бир кило темирдан мукаммал жараён натижасида бир миллион доллар фойда олиш мумкиндир).

Юз минглаб янги, юқори технологияли иш ўринлари АҚШда эмас, айнан шу ерда — Ўзбекистонда, Самарқанд, Навоий, Жиззах, Қорақалпоғистонда яратилади. Бу эса Ўзбекистоннинг бутун саноат занжирини тубдан модернизация қилишга ёрдам беради.

Мамлакатимиз ҳамкорлар орқали глобал савдо бозорларига чиқиш имкониятига эга бўлади, АҚШ эса (геосиёсий вазият туфайли) беқарор етказиб берувчилар занжирини четлаб ўтиб, ўта муҳим материалларнинг кафолатланган таъминотига эга бўлади.

Ушбу келишувлар бўйича инвестициялар шунчаки чуқур қазиб, рудани олиб чиқиб кетишга йўналтирилмайди. Гап геология-қидирув ишларига кенг кўламли, юқори технологияли сармоялар киритиш, Ўзбекистон ер ости бойликларининг замонавий харитасини яратиш ҳақида кетмоқда. Сунъий йўлдош таҳлили, сейсмик зондлаш ва Big Data технологияларидан фойдаланган ҳолда халқаро компаниялар ноёб металл конларининг АНИҚ ҳажми ва жойлашувини аниқлашга ёрдам беради.

Провокаторлар айёрлик билан тилга олинмаган асосий бонус шундаки, ноёб металларга бойиган рудалар ётган жўғрофияни геология қилиш жараёнида йўл-йўлакай барча фойдали қазилмаларнинг тўлиқ рақамли инвентаризацияси ўтказилади. Бу шуни англатадики, биз бир вақтнинг ўзида бугунги кунда фақат тахмин қилишимиз мумкин бўлган мис, кумуш, олтин, платина, литий, уран ва бошқа қимматбаҳо ресурслар захиралари бўйича тўлиқ маълумотга эга бўламиз.

Бундан ташқари, қазиб олиш бўйича келишувлар, худди бошқа йирик инвестиция лойиҳалари каби, инфратузилмавий кескин ўсишни амалга оширишга ёрдам беради, бундан эса транспорт соҳаси ва логистика манфаатдор бўлади. Биламизки, денгиз портига чиқиш учун иккита давлатни кесиб ўтиши керак бўлган Ўзбекистон каби мамлакат учун бу ҳаётий муҳим аҳамиятга эга. Аммо, бизнинг беадаб тармоқ чайқовчилари албатта бу ҳақида ҳам сукут сақлашади. Маҳсулотни экспорт қилиш учун замонавий автомобил ва темир йўллари, янги логистика марказлари ва терминаллар керак бўлади. Бу мултимодал ташувларнинг ривожланишига ва пировардида Ўзбекистоннинг глобал қўшимча қиймат занжирларига хомашё донори сифатида эмас, балки жиддий саноат иштирокчиси мақомида янада чуқурроқ интеграциялашувига олиб келади.

Шундай қилиб, ушбу қазиб олиш бўйича келишувлар Ўзбекистоннинг Америка иқтисодиётига бир томонлама сармояси эмас, балки мамлакатимизнинг келажакдаги суверенитети ва иқтисодий хавфсизлигига қўшилган стратегик ҳиссадир.

Мен бу ерда имзоланган келишувларнинг фақат бир йўналиши — фойдали қазилмаларни қазиб олишни таҳлил қилдим. Аммо ҳужжатлар имзоланган барча соҳаларда ҳам ўзаро манфаатли ҳамкорликнинг бундай мисоллари мавжуд. Акс ҳолда, улар шунчаки имзоланмаган бўлар эди.

Қолаверса, FLSmidth, McKinsey, GM, META, Google, Amazon, Boeing, Air Products, Axiom Space, Cove Capital, Freeport-McMoRan, Orion CMC, Cargill Cotton, John Deere, Honeywell, Valmont Industries, Flowserve Corporation ва бошқа кўплаб ўз соҳаларида жаҳон етакчилари бўлган компаниялар билан ҳамкорлик қилиш энг янги технологиялар ҳамда корпоратив бошқарув ва самарадорликнинг илғор тажрибаларидан фойдаланиш имконини беради.

Аммо кимларгадир бу шартномаларни Ўзбекистон томонидан жаҳон гегемонига тўланаётган камситувчи «ўлпон» сифатида кўрсатиш фойдали, шекилли. Ўзбекистоннинг жаҳон саҳнасида кучли, мустақил ва замонавий иштирокчига айланишидан қўрқадиганларга. «Бизни сотиб юборишмоқда!» деб бақирадиган ҳар хил тармоқ популистларига. Шунингдек, стратегик муҳим минтақада АҚШнинг янги қудратли ҳамкори пайдо бўлиши манфаатларига тўғри келмайдиганларга.

Шу сабабли, фурсатдан фойдаланиб, ижтимоий тармоқларимиз аудиториясидан арзон провокацияларга алданмасликни сўрамоқчиман. Бу Ўзбекистоннинг Америкага сармоя киритиши эмас. Бу дунёнинг Ўзбекистонга сармоя киритишидир, Ўзбекистон эса, ниҳоят, ўзининг стратегик салоҳиятидан оқилона ва пухта фойдаланмоқда. Ва бу ҳолат уни жаҳон иқтисодиётининг чеккасида кўришга ўрганиб қолганларнинг ғашини келтиради. Уларнинг ўйинига алданманг.

Яна бир нарса мени бўғзимни сиқади: қачонгача биз ўзимизга, давлатимизга, имкониятларимизга паст назар билан қараймиз? Шўролар давридан қолган бу сарқит қачон қонимиздан чиқиб кетаркан? Одат қилайлик юксакликни, яхшиликни ўзимизга раво кўришни, эски комплекслардан қутулиш даври келди энди…

Шерзодхон ҚУДРАТХЎЖА,

сиёсий фанлар доктори, профессор.

 

Teglar

Mavzuga oid