Белгияга ташриф, 38 млндан ошган аҳоли ва «қочоқ куёв» машмашаси — ҳафта дайжести

25.10.2025 | 16:005 daqiqa

Ўтаётган ҳафта ичида Ўзбекистонда содир бўлган энг аҳамиятли ва муҳокамаларни келтириб чиқарган воқеа-ҳодисаларни яна бир бор эсга оламиз.

Белгияга ташриф, 38 млндан ошган аҳоли ва «қочоқ куёв» машмашаси — ҳафта дайжести

Видео

 

Шавкат Мирзиёев расмий ташриф билан Белгияга борди

Президент Шавкат Мирзиёев 24 октябр куни расмий ташриф билан Белгия пойтахти Брюсселга етиб борди. Уни Европа Иттифоқининг Марказий Осиё бўйича махсус вакили Эдуард Стипрайс ва бошқа расмий шахслар кутиб олди.

Ташриф доирасида Мирзиёев Европа кенгаши президенти Антониу Кошта, Европа комиссияси раҳбари Урсула фон дер Ляйен ва Белгия қироли Филипп билан музокаралар ўтказди.

Президент Мирзиёев Европа давлатларининг йирик компаниялари ва молиявий институтлари раҳбарлари билан давра суҳбати ўтказилди. Унда Ўзбекистонда амалга оширилаётган ислоҳотлар, инвестиция муҳити ва «яшил иқтисодиёт» йўналишидаги истиқболлар муҳокама этилди.

Ташриф давомида Ўзбекистон ва Европа Иттифоқи ўртасида Кенгайтирилган шериклик ва ҳамкорлик битими имзоланди.

Шунингдек, ташриф кун тартибидан ўрин олган муҳим масала «Ўрта коридор» — Транс-Каспий йўналиши, транспорт ва логистика ҳамкорлиги масалалари ҳам муҳокама қилинди. Бу йўналиш Европа билан Марказий Осиё ўртасидаги боғланишни кучайтиришга хизмат қилади.

 

Ўзбекистон аҳолиси 38 миллиондан ошди

Бу ҳафтада яна бир рекорд янгиланди — Ўзбекистон аҳолиси  38 миллиондан ошди. Миллий статистика қўмитаси эълон қилган маълумотларга кўра, 2025 йилнинг 1 октябр ҳолатида Ўзбекистон Республикаси аҳолиси сони 38 млн 69 минг кишидан ошган. Бу кўрсаткич мамлакатда аҳоли ўсиш суръатларининг барқарорлигини англатади.

Жинс таркибига кўра, эркаклар сони 19 миллион 172,5 минг нафарни, аёллар сони эса 18 миллион 896,6 минг нафарни ташкил этмоқда. Демак, аҳолининг 50,4 фоизи эркаклар, 49,6 фоизи эса аёллардир.

Ўзбекистон аҳолиси 38 миллиондан ошган бўлса-да, туғилиш кескин камайгани эълон қилинди, бу эса демографик ўзгаришлар ҳақида хавотир уйғотмоқда.

2025 йилнинг учинчи чорагида туғилишлар сони ўтган йилга нисбатан 5,5 фоизга, яъни қарийб 15 минг нафарга камайди. Иккинчи чоракда пасайиш 3,1 фоизни ташкил этган эди, демак камайиш суръати икки баробарга яқин ошган.

 

«Қочоқ куёв» машмашаси

Якунланаётган ҳафта яна бир муҳокамали воқеа билан ёдда қолмоқда. Сабаби, бугун ижтимоий тармоқ вакиллари эътибори бўлажак турмуш ўртоғи томонидан чув туширилган ўзбекистонлик қизга қаратилди.

Ижтимоий тармоқларда бўлажак куёв алдов йўли билан қизнинг ҳовлисини сотиб юборгани ҳақида хабар тарқалиб, турли муҳокамаларга сабаб бўлган эди. Йигит қўлга олиниб, унга нисбатан қамоқ эҳтиёт чораси қўлланди. Бу ҳақда Тошкент шаҳар Ички ишлар Бош бошқармаси хабар берди.

Хабарда қайд этилишича, ўтган йилнинг август ойида 1997 йилда туғилган (йигит) 1999 йилда туғилган қизга уйланишини айтиб, унинг ишончига кирган. Бироқ тўйдан аввал муаммолари борлиги учун унинг уйини гаровга қўйиб туришни, муаммолари ҳал бўлгач, унга уйланишини айтиб, алдов йўли билан уйни бошқа фуқарога 240 минг АҚШ долларига сотиб юборган.

Тошкент шаҳрида «келинни чув туширган» йигитга нисбатан Жиноят кодексининг 168-моддаси 4-қисми «а» банди (фирибгарлик) билан жиноят иши қўзғатилди ва қамоқ эҳтиёт чораси кўрилган.

Тергов давомида йигит бошқа фуқароларга нисбатан ҳам бир неча фирибгарлик ҳолатларини содир этгани аниқланган. Иш ҳужжатлари Мирзо Улуғбек туман судига айблов хулосаси билан юборилган, суд жараёни бошланган.

 

Маҳкум 3-синф ўқувчисига жинсий тажовуз қилди

Бу ҳафта  жамият учун оғир воқеа юз берди ва бу ҳодиса бизга  фарзандларимизнинг хавфсизлигини ҳимоя қилиш, назоратга олиш қанчалик муҳим эканлигини эслатди.

Ижтимоий тармоқларда Оҳангарон туманида 3-синф қизни зўрлаган 31 ёшли маҳкум ҳақида хабарлар тарқалди ва кенг жамотчилик муҳокамаларига сабаб бўлди.

Тошкент вилояти Ички ишлар бошқармасига кўра, 1994 йилда туғилган маҳкум 16 октябрь куни манзил-колониядан қочиб, вояга етмаган шахсга нисбатан жинсий зўравонлик содир қилган. Унга Жиноят кодексининг 119-моддаси 4-қисми бўйича жиноят иши қўзғатилган.

Маълум бўлишича, айбланувчи 2018 йилда номусга тегиш жинояти учун айбдор деб топилиб, 16 йилга озодликдан маҳрум этилган. Жазони умумий тартибдаги колонияда ўтаётган маҳкум 2024 йилдаги суд ажримига кўра, қолган 9 йил-у 2 ойлик муддатни ўташ учун манзил-колонияга ўтказилган.

Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги ҳолатни назоратга олиб, жабрланувчи қизга психологик ва ижтимоий ёрдам кўрсатиш учун ишчи гуруҳ тузди. Ҳозир у бирламчи кўмак хонасида мутахассислар назоратида. Шунингдек, ҳибсхона ходимларига нисбатан Жиноят кодексининг 214-моддаси 3-қисми «в» банди бўйича жиноят иши қўзғатилган.

 

«Халқ ҳаммасини билиб ўтирибди»

Самарқанд вилояти ҳокими вазифасини бажарувчи Адиз Бобоев раҳбарларни пора олмасликка чақирди

Бобоев коррупциянинг давлатга бўлган ишончни сусайтиришини таъкидлаб, бу иллатни фақат жазолаш орқали эмас, балки олдини олиш орқали енгиш муҳимлигини айтди. Унинг сўзларига кўра, юқоридаги раҳбарлар ҳалол ишласа, пастдагилар ҳам уларга эргашади ва тизим аста-секин тўғриланади.

Йиғилишда туман ва шаҳар ҳокимлари, ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари, таълим, соғлиқни сақлаш ва бошқа идоралар вакиллари иштирок этди.

 

Дуров Лувр хазиналарни сотиб олиб, бошқа музейга бермоқчи

Дунёни ларзага солган шов-шувли ўғирлик содир бўлди. 19-октабр куни Париждаги Лувр музейи ўғирликка учради. Номаълум шахслар Наполеон ва Жозефина коллекцияларига тегишли тўққизта заргарлик буюмларини олиб чиқиб кетган.

Телеграм асосчиси Павел Дуров Франциядаги машҳур Лувр музейидан қимматбаҳо жавоҳиротлар ўғирлангани ҳақидаги янгиликка изоҳ берди. Унинг фикрича, бу воқеа мамлакатнинг умумий инқирозини намоён этмоқда.

«Лувр талон-торож қилиниши мен учун умуман ҳайратланарли эмас. Бу — бир пайтлар буюк бўлган мамлакатнинг таназзул белгисидир. Ҳукумат одамларни ҳақиқий муаммолардан чалғитиш санъатини мукаммал даражада ўзлаштирган», — деб ёзди Дуров ижтимоий тармоқдаги  саҳифасида.

Пост остидаги изоҳлардан бирида фойдаланувчи ундан «ўғирликни ўзингиз амалга оширдингизми?» деб сўраганида, Дуров шундай жавоб берди:

«Мен ўғирланган жавоҳиротларни мамнуният билан сотиб олиб, Луврга қайтараман. Албатта, сўз Абу-Даби Луври ҳақида — у ердан ҳеч ким ҳеч нарса ўғирламайди».дейди у

Маълумот учун, ҳанузгача Луврни тунаган ўғрилар қўлга олинмаган.

 

Ўзбек нонларини дунёдаги энг сара нонлар қаторида

CNN Травел портали ўзбек нонларини нафақат мазаси, балки нафис дизайни ва анъанавий тандирда пиширилиши билан дунёдаги энг яхши 50 та нон тури қаторига киритди.

Нашрда Ўзбекистонда нон нафақат таом, балки миллий санъат сифатида қадрланиши таъкидланган. Тандир нонлари турли нақшлар ва ўймалар билан безатилади, бу эса уларни бадиий асарга айлантиради.

Ўзбек нонлари минтақаларга қараб фарқланади: Тошкентдаги юмшоқ нонлар, Самарқанднинг қора седанали патирлари ва бошқалар юрт миллий анъаналарини акс эттиради.

Нонлар тандирдан чиқиши биланоқ велосипеддаги етказиб берувчилар томонидан бозор ва чойхоналарга иссиқ ҳолда етказилади, бу эса халқнинг меҳмондўстлиги ва меҳнатсеварлигини кўрсатади.

Teglar

Mavzuga oid