add

Мигрантлар учун енгиллик, мактаб ва йўллар учун ИТБдан инвестиция ҳамда карантинга ёпилмайдиган боғчалар — 9 феврал дайжести

Kecha 23:003 daqiqa

Кун давомида Ўзбекистонда юз берган воқеалар ва ҳодисалар, ёритилган янгиликлар ва хабарларнинг энг муҳимларини яна бир бор эсга оламиз.

Мигрантлар учун енгиллик, мактаб ва йўллар учун ИТБдан инвестиция ҳамда карантинга ёпилмайдиган боғчалар — 9 феврал дайжести

Ислом тараққиёт банки Ўзбекистон инфратузилмаси ва таълимига 164 млн доллар ажратади

Йўллар ва мактаблар ривожи учун Саудия Арабистонининг Ал-Ула шаҳрида Ўзбекистон ва ИТБ ўртасида жами 164 миллион долларлик иккита йирик молиявий битим имзоланди. Келишувга кўра, 70 млн доллар Жиззах вилоятидаги 143 км узунликдаги Даштобод–Зомин–Бахмал–Ғаллаорол йўлини реконструкция қилишга йўналтирилади. Бу лойиҳа 200 минг аҳоли учун ҳаракат хавфсизлигини таъминлаш билан бирга, ҳудуднинг туристик салоҳиятини ошириб, М39 халқаро трассасига чиқишни осонлаштиради.

Иккинчи битим доирасида таълим соҳасига 94,06 млн доллар ажратилади. Бу маблағлар ҳисобига республика бўйлаб 58 та янги таълим муассасаси қурилади ва мавжуд мактабларда 2431 та замонавий ўқув синфлари ташкил этилади. «SmartEd» лойиҳаси ҳар йили қарийб 73 минг ўқувчини қамраб олиб, 36 мингдан зиёд педагогнинг малакасини оширишга хизмат қилади.

Тошкентдаги боғчалар карантинга олиниши рад этилди

Ижтимоий тармоқларда Тошкент шаҳридаги айрим мактабгача таълим ташкилотларида карантин жорий этилиши мумкинлиги ҳақида хабарлар тарқалди. Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги қўмитаси раисининг биринчи ўринбосари Нурмат Отабеков «Vaqt.uz»га бу хабарлар ҳақиқатга тўғри келмаслигини маълум қилди.

«Ижтимоий тармоқларда айтилаётган турли касалликлар (қизамиқ, менингит, гепатит, сил ва бошқалар) бўйича карантин эълон қилиниши заруратини келтириб чиқарадиган ҳолатлар мавжуд эмас. Шуни таъкидлаш лозимки, ҳар йили қишки мавсумда грипп ва ЎРВИ билан касалланиш ҳолатлари аҳолида мавсумий равишда кўпаяди. Шу сабабли таълим ташкилотларида болалар саломатлигини ҳимоя қилиш мақсадида эрталабки филтр (саралаш) ишлари, тана ҳароратини ўлчаш, касаллик белгилари бор болаларни вақтинча ажратиш, ота-оналарга тавсиялар бериш каби профилактик чоралар олиб борилади. Айни шу филтр жараёнлари айрим фуқаролар томонидан карантин сифатида нотўғри талқин қилинган», - дейилади баёнотда.

«Метан заправка» қуришга рухсат йўқ – Жамшид Хўжаев

Жорий йил 6 феврал куни Ўзбекистон ҳукумати вакиллари Қорақалпоғистон Республикасида бўлиб, тадбиркорлар билан учрашув ўтказди. Мулоқотда Амударё туманида тадбиркор автомобиллар учун электр, газ ва бензин «заправка»лар қуриш учун 40 сотих ер олгани, қурилишга барча жиҳозлар тайёрлигини билдирди. Фақатгина «метан заправка» қуриши учун Энергетика вазирлигидан рухсат олишда муаммо бўлаётганини айтиб, масалани ҳал қилишда ёрдам сўради.

«Ҳозир метан газ «заправка» қуришга рухсат йўқ. Тўғрисини айтинглар-да, етказиб бермаяпсизлар-ку. Бор «метан заправка»ларга булар газ етказиб бера олмаяпти. Фарҳод Ўразбоевич (Эрмонов) буни тадбиркорларга айтмаганмисизлар», – деб савол қўйди Хўжаев Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар кенгаши раисига.

Фарҳод Эрмоновнинг айтишича, метанга тақиқ масаласида барча тадбиркорлар огоҳлантирилган.

«Ҳокимларнинг ҳам, муовинларининг ҳам хабарлари бор. Тадбиркорларга ҳам бу масала бўйича айтганмиз. Ўтган йилдан бошлаб «метан заправка» қурилишига тақиқ қўйилган. Ҳеч қандай рухсат йўқ», – деди у.

Сўмнинг тебранувчанлиги 2025 йилда сезиларли кенгайди

Марказий банк шарҳига кўра, 2025 йилда ўзбек сўми долларга нисбатан сезиларли мустаҳкамланиб, йилни эркин сузувчи валюта режимига хос динамика билан якунлади. Йил давомида курснинг энг юқори нуқтаси 13 004 сўм, энг қуйи нуқтаси эса 11 881 сўмни ташкил этди. Курснинг тебранувчанлиги (волатиллик) 2024 йилга нисбатан 2 баробардан зиёд ошгани бозорнинг мослашувчанлиги юқори давлатлар валюталари даражасига яқинлашганидан далолат беради.

Сўмнинг мустаҳкамланиши иқтисодиётда долларлашув даражасини пасайтирди. Миллий валютадаги депозитлар ҳажми йил давомида 44 фоизга ўсиб, 240 триллион сўмга етди. Шунингдек, аҳоли ва тадбиркорларнинг инфляцион кутилмалари сезиларли пасайиб, кутилмалар шаклланишида валюта курси омили икки баробарга қисқарди. Маркет-мейкерлар сонининг 5 тага кўпайиши ички валюта бозоридаги битимлар ҳажмининг сезиларли ортишига ва макроиқтисодий барқарорликка ижобий ҳисса қўшди.

Вафот этган мигрантларнинг жасадини олиб келиш харажатлари давлат томонидан қопланади

Меҳнат миграциясида вафот этган Ўзбекистон фуқаросининг жасадини Ватанга олиб келиш харажатлари Миграция жамғармаси томонидан қопланади. Бу ҳақдаги қўшимча норма 7 феврал куни «Дафн этиш ва дафн иши тўғрисида»ги қонунга киритилди.

Қонунга кўра, маблағлар Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Миграция агентлиги орқали қонунчиликда белгиланган тартибда ажратилади.

Teglar

Mavzuga oid