Нақд пулсиз уй олиш, «квартплата» назорати ва Тошкентдаги энг қиммат ижара — 12 феврал дайжести
Кун давомида Ўзбекистонда юз берган воқеалар ва ҳодисалар, ёритилган янгиликлар ва хабарларнинг энг муҳимларини яна бир бор эсга оламиз.

Энг қиммат Мирободда: Тошкентда уйларнинг ижара нархлари қандай?
Пойтахтда 1 кв. метр учун ўртача ижара нархи 8,8 долларга етиб, ўтган йилга нисбатан 9 фоизга қимматлашди. Энг баланд нархлар анъанавий равишда Миробод (11,1 $), Шайхонтоҳур (10,9 $) ва Яккасарой (10,3 $) туманларида кузатилаётган бўлса-да, Олмазор, Юнусобод ва Чилонзор каби нисбатан ҳамёнбоп туманларда ижара ҳақи 13 фоизгача тезлик билан ўсиб, марказдан узоқроқ ҳудудларга бўлган талаб ортаётганини кўрсатмоқда.
Уй сотиб олиш бозорида эса янги қурилган (бирламчи) уйлар нархининг кескин юқорилаши асосий трендга айланди ва ўтган йилга нисбатан ўртача 9 фоизлик ўсишни қайд этди. Айниқса, Миробод туманидаги янги иншоотларда нархларнинг бир йил ичида 18,4 фоизга, Мирзо Улуғбекда эса 17,3 фоизга сакрагани эътиборни тортади; иккиламчи бозорда эса 1 кв. метр учун ўртача нарх 1120 доллар атрофида бўлиб, нисбатан барқарор (2 фоиз) ўсиш суръатини сақлаб қолмоқда.
Ўзбекистонда мажбурий меҳнат ҳолатлари қайталаниши хавфи бор — Financial Times
Financial Times нашрининг ёзишича, АҚШ ҳукумати томонидан Ўзбекистон пахта саноатида шаффофлик ва ҳисобдорликни ошириш лойиҳаларини молиялаштириш тўхтатилиши (қарийб 3 млн доллар) мажбурий меҳнат ҳолатлари қайталаниши хавфини юзага келтирмоқда. Оқ уйдаги йиғилишда Ҳукумат самарадорлиги департаменти (DOGE) раҳбари Илон Маскнинг "ўзбек пахтачилари" ҳақидаги лойиҳани "комедия" деб атаб кулгани жамоатчилик эътиборини тортди. Бироқ, экспертлар учун бу кулгили эмас: 2025 йилда Ўзбекистоннинг тўқимачилик экспорти 32,3 фоизга пасайган, чунки халқаро брендлар учун "қўшимча кафолат" бўлиб хизмат қилган мониторинг дастурлари тўхтаб қолмоқда.
Solidarity Center мутахассисларининг огоҳлантиришича, грантларнинг кесилиши натижасида ишчилар ўз ҳуқуқларини тиклаш ва шартномалар қонунийлигини назорат қилиш механизмларидан маҳрум бўлмоқда. Илгари тренинглар орқали ўз шароитларини яхшилаган ўнлаб ишчилар эндиликда эътироз билдириш воситаларига эга эмас. Халқаро брендлар ва АҚШ кийим-кечак ассоциацияси (AAFA) вакиллари ҳам бу вазиятдан хавотирда — назорат тизимисиз ўзбек пахтасини сотиб олиш "этик риск"ларни ошириши мумкин. Бу эса 2022 йилда эришилган "мажбурий меҳнатдан ҳоли давлат" мақомини хавф остига қўймоқда.
1 июлдан «квартплата» қарздорлиги учун электр чеклови ўрнатилади
2026 йил 1 июлдан бошлиб Ўзбекистонда кўп квартирали уйларда «квартплата» (мажбурий тўлов) бўйича янги тартиб жорий этилади. Унга кўра, агар мулкдор мажбурий тўловни ҳар ойнинг 15-санасига қадар амалга оширмаса, қарздорлик тўлиқ тўланмагунча унинг электр энергияси учун тўловларни қабул қилиш вақтинча тўхтатилади. Шунингдек, тўловлар кечиктирилган ҳар бир кун учун жисмоний шахсларга 0,1%, юридик шахсларга эса 0,4% миқдорида пеня ҳисобланади.
Янги механизмга кўра, йиғилган маблағлар биринчи навбатда умумий уй эҳтиёжлари (лифт, ёритиш, насослар) учун сарфланади ва барча тўловлар фақат «Менинг уйим» тизими орқали электрон шаклда қабул қилинади. Аҳоли ўз тарифларини эркин белгилаш ва бошқарув компаниясини ўзгартириш ҳуқуқига эга бўлиб, ҳозирда ўртача тариф республика бўйича 1 221 сўмни, Тошкент шаҳрида эса 1 823 сўмни ташкил этмоқда.
«Ўзбекнефтгаз» уч футбол клубини молиялаштиришни бас қилмоқда
«Ўзбекнефтгаз» акциядорлик жамияти томонидан Ўзбекистон футбол ассоциациясига расмий хат йўллангани ҳақида расман тасдиқланмаган маълумотлар тарқалмоқда. Унда компания «Насаф», «Бухоро» ва «Бунёдкор» футбол клубларини молиялаштиришни тўхтатиши мумкинлиги қайд этилгани айтилмоқда.
Vaqt.uz мухбири вазиятга ойдинлик киритиш мақсадида «Ўзбекнефтгаз» АЖ матбуот котиби Мўмин Ибодов билан боғланди. У шахсан вазиятдан хабардор эмаслигини билдирди. Тез орада бу борада жамиятнинг расмий муносабати тақдим этилишини мумукин.
Ҳозирча ушбу ахборот юзасидан на «Ўзбекнефтгаз» АЖ, на ЎФА томонидан расмий баёнот берилган. Бироқ хабар тасдиқланса, бу Суперлига клублари молиявий барқарорлигига жиддий таъсир кўрсатиши мумкин. Айниқса, янги мавсум стартга 15 кун қолган бир пайтда бундай қарор клублар фаолиятини қайта кўриб чиқишга мажбур этиши эҳтимолдан холи эмас.
Уй ва машина савдоси: 1 апрелдан нақд пулда тўлов тақиқланиши мумкин
2026 йил 1 апрелдан бошлаб кўчмас мулк ва ишлаб чиқарилганига 10 йилдан ошмаган транспорт воситалари олди-сотдисида нақд пулда ҳисоб-китоб қилиш тақиқланиши кутилмоқда. Янги низом лойиҳасига кўра, тўловлар фақат банкдаги махсус эскроу ҳисобварақлари орқали ва нотариус назоратида электрон шаклда амалга оширилади. Бу механизм нақд пул айланмасини қисқартириш, шаффофликни таъминлаш ва фирибгарлик хавфини камайтиришга қаратилган.
Янги тартибга кўра, харидор маблағни банкдаги эскроу ҳисобга жойлаштиради ва нотариус шартномани тасдиқлаганидан кейингина пул автоматик равишда сотувчига ўтказилади. Агар битим амалга ошмаса, маблағ харидорга қайтарилади. Бу тизим бозор иштирокчилари учун қўшимча банк жараёнларини талаб қилса-да, уй-жой ва машина савдосида тарафларнинг молиявий хавфсизлигини таъминлашда муҳим рол ўйнаши таъкидланмоқда.





