add

Ойлиги ошадиган ҳарбийлар, рақамли сўм ва тақиқланган диний манбалар рўйхати — 13 январ дайжести

Kecha 22:003 daqiqa

Кун давомида Ўзбекистонда юз берган воқеалар ва ҳодисалар, ёритилган янгиликлар ва хабарларнинг энг муҳимларини яна бир бор эсга оламиз.

Ойлиги ошадиган ҳарбийлар, рақамли сўм ва тақиқланган диний манбалар рўйхати — 13 январ дайжести

Ҳарбий хизматчиларнинг ойликлари оширилади

Президент Шавкат Мирзиёев раислигидаги Хавфсизлик кенгаши йиғилишида ҳарбийларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш бўйича янги чоралар белгиланди. Жумладан, 1-апрелдан Мудофаа вазирлиги офицерларининг кўп йиллик хизмати учун устамаси 2 баравар, контракт асосидаги аскар ва сержантлар маоши эса 10 фоизга оширилади. Ҳудудий мудофаа бошқармаларининг ҳарбий бўлмаган ходимлари маоши жорий йилда 20 фоизга, 2027-йилда яна 50 фоизга кўпаяди. Шунингдек, 30 йилдан ортиқ хизмат қилганлар учун пенсия ҳисоблашда ойликнинг инобатга олинадиган миқдори 100 фоизга етказилади.

Шу билан бирга, аскарларга ҳарбий қисмнинг ўзида олийгоҳларга имтиҳон топшириш ва хизмат тугаши билан ўқишни бошлаш имконияти берилади. Армиядан қайтган ёшлар учун хорижий тил сертификати харажатларини қоплаш, фоизсиз таълим кредитлари ҳамда тадбиркорлик билан шуғулланиш учун кредит ставкасининг 6 фоизини давлат томонидан субсидиялаш тизими жорий этилади.

Ўзбекистонда тақиқланган диний манбалар рўйхати эълон қилинди

Ўзбекистон Олий суди 2025 йил 8 январ ҳолатига кўра, мамлакат ҳудудида тақиқланган диний экстремистик ва ақидапарастлик ғоялари акс этган 1 389 та интернет манбаси рўйхатини очиқлади. Тақиқланган контентларнинг асосий қисми ижтимоий тармоқларга тўғри келади: Telegram’да 713 та канал, Instagram’да 226 та, Facebook’да 203 та ва YouTube’да 135 та профил ҳамда материаллар аниқланган. Шунингдек, рўйхатдан TikTok ва «Odnoklassniki»даги саҳифалар, 13 та сайт ва 20 та алоҳида китоб ҳамда маърузалар ўрин олган.

Расмий органлар фуқароларни интернет маконида эҳтиёткор бўлишга чақириб, бундай материалларни тайёрлаш, сақлаш ёки тарқатиш учун Жиноят кодексининг 244-1-моддасига асосан 8 йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазоси кўзда тутилганини эслатиб ўтмоқда. Қонунчиликка кўра, диний мазмундаги материалларни ноқонуний тарқатиш нафақат жиноий жавобгарликка, балки йирик миқдордаги жарималарга ҳам сабаб бўлиши мумкин.

Ўзбекистон паспорти халқаро рейтингда юқорилади

Ўзбекистон паспорти «Henley & Partners» компаниясининг 2026 йилги жаҳон паспортлари индексида ўз мавқеини яхшилаб, 199 та давлат орасида 75-ўринни эгаллади. Ҳозирда Ўзбекистон фуқаролари дунёнинг 61 та давлатига визасиз ёки борганда виза олиш (visa on arrival) тартибида сафар қилишлари мумкин. Ушбу кўрсаткич бўйича мамлакатимиз Қирғизистон билан бир хил поғонада қайд этилди ва бу дипломатик алоқаларнинг кенгайиши натижаси сифатида баҳоланмоқда.

Марказий Осиё минтақасида Қозоғистон 61-ўрин билан етакчиликни сақлаб қолган бўлса, Тожикистон 81-ўрин ва Туркманистон 87-ўринда жой олди. Глобал миқёсда Сингапур паспорти (192 та йўналиш) биринчи ўринни эгаллаб турибди. Маълумот учун, Ўзбекистон ҳукумати 2030 йилгача ўз фуқаролари учун визасиз йўналишлар сонини 50 тага, соддалаштирилган тартибдаги йўналишларни эса 60 тага етказишни мақсад қилган.

Марказий банк рақамли сўм ишлаб чиқишни бошлади

Ўзбекистон Марказий банки миллий рақамли валютани (CBDC) ишлаб чиқиш бўйича фаол тадқиқотларни бошлади. Ҳозирда соҳа мутахассислари рақамли сўмнинг иккита асосий моделини — аҳоли ва бизнес учун мўлжалланган чакана шаклини ҳамда банклараро ҳисоб-китоблар учун улгуржи шаклини ўрганмоқда. Ушбу лойиҳа молия тизимини рақамлаштириш ва тўловларни тезкор, хавфсиз ҳамда шаффоф қилиш мақсадида амалга оширилмоқда.

Президент қарори билан тасдиқланган дастурга мувофиқ, 2026 йилнинг апрель ойига қадар рақамли сўмни тўлов воситаси сифатида жорий этиш бўйича аниқ «йўл харитаси» ишлаб чиқилиши белгиланган. Марказий банк рақамли сўмни нақд пулга тенг қийматдаги қўшимча тўлов шакли сифатида тақдим этишни режалаштирмоқда ва бу борада Швейцария каби хорижий ҳамкорлар тажрибасидан фойдаланилмоқда.

Teglar

Mavzuga oid