
Хитой АҚШни «дунё судяси» каби ҳаракат қилишда айблади
АҚШнинг Венесуэла етакчисини ҳибсга олиши Пекиннинг глобал низолардаги таъсир имкониятларини синовдан ўтказмоқда.

АҚШ томонидан Венесуэла президенти Николас Мадурони ҳибсга олиш Хитойнинг халқаро майдондаги дипломатик позицияси учун жиддий синов сифатида баҳоланмоқда. Пекин ушбу ҳаракатни давлат суверенитети ва халқаро ҳуқуқ тамойилларига зид, деб баҳолаб, Вашингтонни «дунё судяси» сифатида ҳаракат қилишда айблади.
Хитойнинг юқори мартабали дипломати, ташқи ишлар вазири Ван И Пекиндаги учрашувда Венесуэладаги сўнгги воқеаларга изоҳ берар экан, ҳеч бир давлат жаҳон полицияси ёки жаҳон судяси бўлиш ҳуқуқига эга эмаслигини таъкидлади. Унинг сўзларига кўра, барча мамлакатларнинг суверенитети ва хавфсизлиги халқаро ҳуқуқ доирасида ҳимоя қилиниши шарт.
Мадуронинг кўзлари боғланган ва қўллари кишанланган ҳолдаги суратлари тарқалганидан сўнг, бу масала БМТ Хавфсизлик Кенгаши муҳокамасига чиқди. Йиғилиш Колумбия ташаббуси билан ўтказилиб, Хитой ва Россия томонидан қўллаб-қувватланди. БМТ бош котиби Антониу Гутерриш ушбу қарор хавфли прецедент яратиши мумкинлигидан огоҳлантирди.
Хитой БМТда чиқиш қилиб, Хавфсизлик Кенгашининг доимий аъзоси бўлган АҚШнинг бундай ҳаракатларини кескин қоралади. Пекин вакиллари ҳарбий усуллар муаммолар ечими эмаслигини, куч ишлатиш эса янги инқирозларга олиб келишини таъкидлади.
Шу билан бирга, Мадуро Ню-Йорк судида гиёҳванд моддалар билан боғлиқ айбловларни тан олмади. Бу ҳолат АҚШ ва унинг рақиблари ўртасидаги геосиёсий қарама-қаршиликни янада кучайтирди. Айниқса, Венесуэла Хитойнинг «ҳар қандай об-ҳавода» стратегик ҳамкорларидан бири ҳисобланиши вазиятга алоҳида сиёсий тус бермоқда.
Таҳлилчилар фикрича, Хитой Венесуэлага катта иқтисодий ёки ҳарбий ёрдам кўрсата олмаслиги мумкин, аммо дипломатик ва риторик жиҳатдан ҳал қилувчи рол ўйнайди. Пекин БМТ ва ривожланаётган мамлакатлар билан ҳамкорликда АҚШ ҳаракатларига қарши умумий позиция шакллантиришга интилмоқда. Бу эса глобал дипломатик мувозанатга таъсир кўрсатиши мумкин.





