add

Яна ифлосланаётган ҳаво, кўпайган номусга тегишлар ва газ харидининг 4 баробар ошиши — 23 декабр дайжести

Kecha 21:581443 daqiqa

Кун давомида Ўзбекистонда юз берган воқеалар ва ҳодисалар, ёритилган янгиликлар ва хабарларнинг энг муҳимларини яна бир бор эсга оламиз.

Яна ифлосланаётган ҳаво, кўпайган номусга тегишлар ва газ харидининг 4 баробар ошиши — 23 декабр дайжести

2025 йилда Ўзбекистонда қотиллик камайиб, номусга тегиш жиноятлари кўпайди

Ички ишлар вазирлигининг 2025 йил якунлари бўйича ҳисоботида жиноятчилик динамикасида сезиларли ўзгаришлар қайд этилди. Хусусан, қотиллик жиноятлари қарийб икки бараварга камайиб, ўтган йилги 60 тадан 31 тага тушган. Шунингдек, йўл-транспорт ҳодисалари сони ҳам 9365 тадан 8738 тага қисқарган. Бироқ, ижобий тенденциялар билан бир қаторда, номусга тегиш билан боғлиқ жиноятлар сони ортгани кузатилган: бу кўрсаткич ўтган йилги 359 тадан 381 тага кўпайган.

Тизимдаги ички назорат ва ходимлар хавфсизлиги масаласи ҳам диққат марказида бўлди. Йил давомида хизмат бурчини бажариш чоғида 6 нафар ходим ҳалок бўлган, 131 нафари эса тан жароҳати олган. Шу билан бирга, ИИБ ходимларининг ўзлари томонидан содир этилган 87 та жиноят аниқланиб, қонуний чора кўриш учун прокуратурага топширилган.

Ўзбекистон йил бошидан бери қанча олтин сотди?

2025 йилининг январ–ноябр ойларида Ўзбекистон 9 млрд 900,1 млн АҚШ долларига тенг номонетар олтинларни экспорт қилди. 2024 йилининг мос даврида 6 млрд 626,6 млн долларлик номонетар олтинлар экспорт қилинган эди. Қайд этилишича, 2025 йилнинг 11 ойида номонетар олтинлар экспорти умумий экспорт ҳажмининг 32 фоизини ташкил қилди. Шу жумладан, бу йил олтинлар экспортида 149,4 фоиз суръати кузатилди.

Эслатиб ўтамиз, 2025 йилнинг 11 ойида Ўзбекистон ташқи савдо айланмасида экспорт улуши 30,8 млрд долларни ташкил этиб, импорт ҳажмидан қарийб 11 млрд долларга кам бўлди.

Озиқ-овқат дўконлари байрам арафасида нархларни оширмасликка чақирилди

Рақобат қўмитаси Янги йил байрами арафасида асосий турдаги озиқ-овқат маҳсулотлари нархининг асоссиз оширилишига йўл қўймаслик бўйича йирик савдо тармоқларига расмий кўрсатма берди. Огоҳлантириш «Корзинка», «Макро», «Ҳавас», «Барака», «Магнум» ва «Магнит» каби йирик тармоқларга юборилган. Қўмита байрам кунларида аҳоли эҳтиёжи ортишидан фойдаланиб, нархларни сунъий равишда кўтаришни соғлом рақобат муҳитига зид деб ҳисоблайди.

Савдо тармоқлари зиммасига нафақат нархлар барқарорлигини таъминлаш, балки кутилмаган ўзгаришлар ҳақида Қўмитани тезкор хабардор қилиш вазифаси ҳам юклатилди. Агар маҳсулот етказиб берувчилар нархларни оширса ёки логистика харажатлари кескин кўтарилса, дўконлар бу ҳақда давлат органига маълумот бериши шарт.

Ўзбекистонда атмосфера инверсияси сабаб ҳаво яна ифлосланади

Ўзбекистонда об-ҳаво ҳароратининг илиқлашиши сабаб атмосфера инверсия жараёнлари яна фаоллашмоқда. «Ўзгидромет» маълумотларига кўра, бу ҳолат республика ҳудудининг кўплаб қисмларида кузатилмоқда ва айрим жойларда ҳаво сифатига салбий таъсир кўрсатиши мумкин.

Мутахассислар таъкидлашича, инверсия жараёни айниқса Тошкент шаҳри, Самарқанд ва Жиззах вилоятларида яққол намоён бўлмоқда. Эрталаб, кечқурун ва тунги соатларда атмосферанинг пастки қатламларида ҳаво алмашинувининг чекланишига олиб келмоқда.

Бундай ноқулай метеорологик шароит ифлослантирувчи моддаларнинг ерга яқин ҳаво қатламларида тўпланиб қолишига олиб келади. Хусусан, майда дисперс заррачалар — PM2,5 ва PM10 кўрсаткичларининг ошиши қайд этилаётган ҳудудлар мавжуд.

«Газпром» 2030 йилгача Ўзбекистонга газ сотиш ҳажмини 4 баробаргача оширмоқчи

2030 йилга бориб «Газпром»нинг Ўзбекистонга табиий газ етказиб бериш ҳажми ҳозирги 3 млрд куб метрдан 12 млрд куб метргача, яъни 4 баробарга ошиши кутилмоқда. Таҳлилчиларга кўра, бунга мамлакатимизда аҳоли сони ва саноат ишлаб чиқаришининг тез ўсиши, шунингдек, ички газ қазиб олиш ҳажмининг қисқариши асосий сабаб бўлмоқда. Умуман олганда, Россия компанияси Марказий Осиё давлатларига экспортни 20 млрд куб метргача етказишни режалаштирган.

Россия газ концерни Европа бозорини йўқотиши ортидан Марказий Осиёни стратегик йўналиш сифатида кўрмоқда. Бироқ, минтақага экспорт ҳажми сезиларли ошса-да, компаниянинг умумий тушумидаги улуши чекланган бўлиб қолиши айтилмоқда.

Teglar

Mavzuga oid