Logo

Аҳолини ўйлантираётган гўшт нархи, мигрантларга ажратилган 12,3 млрд сўм ва «Iman Holding»нинг янги шаръий кенгаши — 4 ноябр дайжести

Кеча 23:354 дақиқа

Кун давомида Ўзбекистонда юз берган воқеалар ва ҳодисалар, ёритилган янгиликлар ва хабарларнинг энг муҳимларини яна бир бор эсга оламиз.

Аҳолини ўйлантираётган гўшт нархи, мигрантларга ажратилган 12,3 млрд сўм ва «Iman Holding»нинг янги шаръий кенгаши — 4 ноябр дайжести

Сентябр ойида аҳоли энг кўп гўшт ва сут нархи ошганини сезди

Марказий банк сўрови натижаларига кўра, 2026 йилнинг сентябрь ойида Ўзбекистон аҳолиси томонидан сезилган инфляция даражаси ўтган ойга нисбатан 1,1 фоизга пасайиб, 9,2 фоизни ташкил этди. Ҳудудлар кесимида нархлар ўсишининг энг юқори кўрсаткичи Тошкент шаҳрида (11,9 фоиз), энг паст даражаси эса Наманган вилоятида (7,9 фоиз) қайд этилган. Тадқиқот натижалари шуни кўрсатдики, даромади 30 миллион сўмдан юқори бўлган фуқаролар ҳамда пенсионерлар инфляция таъсирини бошқа қатламларга нисбатан кучлироқ ҳис қилган.

Маҳсулотлар ва хизматлар кесимида аҳолининг 56 фоизи энг катта нарх ўсишини гўшт ва сут маҳсулотларида сезган. Шунингдек, сўровномада қатнашганларнинг 53 фоизи бензин ҳамда ёқилғи нархлари, 36 фоизи эса электр энергияси ва табиий газ тарифлари ошганини таъкидлаган. Бундан ташқари, транспорт, қурилиш материаллари, дори воситалари, таълим ва тиббий хизматлар ҳамда ижара тўловларида ҳам нархлар қимматлашгани қайд этилган.

Хорижда ишлаш харажатлари учун 12,3 млрд сўм компенсация ажратилди

2026 йилнинг дастлабки тўққиз ойида ўзбекистонликларга хорижда ишлаш билан боғлиқ харажатларни қоплаш учун Миграция агентлиги томонидан 12,3 миллиард сўм компенсация ажратилди. Ушбу маблағлар ташкиллаштирилган тартибда ишга кетаётган фуқароларнинг ишчи визасини расмийлаштириш (7,7 млрд сўм), йўл чиптасини харид қилиш (3,2 млрд сўм), ҳаёт ва соғлиқ суғуртаси (1,2 млрд сўм) ҳамда тил ёки касб имтиҳонларини топшириш (34,9 млн сўм) харажатларининг бир қисмини қоплашга йўналтирилган.

Мазкур компенсацияларни олиш учун фуқаролар «Хорижда иш» дастурий мажмуаси орқали ёки бевосита Миграция агентлигига тасдиқловчи ҳужжатларни илова қилган ҳолда мурожаат қилишлари мумкин. Келиб тушган ариза уч иш кунида кўриб чиқилади ва маъқулланган тақдирда, маблағлар фуқаро хорижда ишга жойлашганидан кейин бир ойдан кечиктирмай Миграция жамғармаси ҳисобидан унинг пластик картасига ўтказиб берилади.

«Iman Holding» Ҳасанхон Яҳё Абдулмажид бошчилигида янги шаръий кенгаш тузади

«Iman Holding» компанияси таниқли диний уламо Ҳасанхон Яҳё Абдулмажид раҳбарлигида янги шаръий кенгаш тузишга киришганини расман эълон қилди. Ушбу қадам доирасида янги бошқарув жамоаси мавжуд камчиликларни бартараф этиш ва менежментни янада профессионаллаштиришга тайёрлигини билдирган. Жумладан, сўнгги воқеалар ортидан компания асосчиси Рустам Раҳматов ижроия бошқарувни мутахассисларга топшириб, ўз фаолиятини Кузатув кенгашида давом эттириши маълум қилинган.

Мазкур ўзгаришлар Ислом молиясини мувофиқлаштириш кенгаши (IFCB)нинг компания билан ҳамкорликни тўхтатгани ҳақидаги баёнотидан сўнг амалга оширилмоқда. IFCB вакили Маҳмуд Усмон компания портфелида 20 миллион долларлик тафовут, муаммоли қарзлар ҳамда инвесторлар маблағларидан мақсадсиз фойдаланиш ҳолатлари борлигини даъво қилган эди. Ўз навбатида, «Iman Holding» 20 миллион долларлик камомадни қатъиян рад этиб, муаммоли қарзлар (NPL) ва бошқа харажатлар бўйича ўз молиявий изоҳларини тақдим этди ҳамда фаолиятини мустақил аудитдан ўтказишини эълон қилди.

Марказий банк асосий ставкани 14 фоиз даражасида сақлаб қолди

Ўзбекистон Марказий банки Бошқаруви 2026 йил 4 ноябрдаги йиғилишида асосий ставкани йиллик 14 фоиз даражасида ўзгаришсиз сақлаб қолиш тўғрисида қарор қабул қилди. Регулятор маълумотларига кўра, сентябрь ойида йиллик инфляция 6,4 фоизни ташкил этиб, инфляцион кутилмалар пасайишда давом этмоқда. Бироқ йилнинг дастлабки тўққиз ойида иқтисодий ўсиш 8,3 фоизга етган бўлса-да, юқори ички талаб ва жаҳон бозорларида озиқ-овқат ҳамда энергия ресурслари нархларининг ўзгарувчанлиги инфляцион хатарларни ва босимни сақлаб қолмоқда.

Марказий банк таҳлилларига кўра, ижобий реал фоиз ставкалари ва миллий валютадаги жамғармаларнинг жозибадорлиги қатъий пул-кредит шароитларини таъминлаб келмоқда. Регулятор прогнозларига асосан, жорий йил якунида инфляция даражаси 7 фоиз атрофида бўлиши, 2027 йил якунига келиб эса 5 фоизлик мақсадли кўрсаткичга етиши кутилмоқда. Марказий банк Бошқарувининг асосий ставкани кўриб чиқиш бўйича навбатдаги йиғилиши 2026 йил 16 декабрь куни ўтказилиши белгиланган.

Бухоро нефтни қайта ишлаш заводининг модернизация қилишга 328 млн доллар йўналтирилади

Бухоро нефтни қайта ишлаш заводини модернизация қилиш ва ишлаб чиқариш ҳажмини ошириш мақсадида 328 миллион доллар маблағ йўналтирилмоқда. Президент Шавкат Мирзиёев танишган мазкур лойиҳа доирасида корхонанинг йиллик қайта ишлаш қувватига қўшимча 2,5 миллион тонна қўшилиб, умумий қувват 5 миллион тоннага етказилади. Шунингдек, заводда янги гидротозалаш ва изомеризация қурилмалари ишга туширилиб, Евро-5 стандарти талабларига мос келувчи АИ-92 ва АИ-95 русумли бензин ишлаб чиқариш ҳажми кенгайтирилади.

Ушбу янгиланишлар натижасида хомашёдан кўпроқ тайёр маҳсулот олиш, ички бозорни ёнилғи билан барқарор таъминлаш ва экспортни ошириш кўзда тутилган. Маълумот ўрнида, 3,2 мингдан зиёд ходим меҳнат қилаётган корхонада жорий йилнинг дастлабки тўққиз ойида 1,36 миллион тонна (12,1 трлн сўмлик) нефть маҳсулотлари тайёрланган ва 99,5 миллион долларлик экспорт амалга оширилган. Давлат раҳбари ташриф давомида янги ускуналарни мавжуд жараёнларга тўғри мослаш ва корхона ишининг узлуксизлигини таъминлаш бўйича мутасаддиларга тегишли кўрсатмалар берди.

Теглар

Мавзуга оид