«Аниқ муддат мавҳум» — Ўзбекистоннинг ЖСТга аъзолиги 2027-йилга қоладими?
Мамлакат бугунгача ташкилотга аъзо 35 та давлатнинг 34 таси билан музокараларни якунлаган. Хўш, қолган ягона давлат билан музокаралар қандай кетмоқда? Ўзбекистон йил якунигача аъзолик жараёнларини якунлайдими? Батафсил Vaqt.uz репортажида.
3-ноябр куни Ўзбекистоннинг Жаҳон савдо ташкилотига аъзо бўлиш жараёни юзасидан матбуот анжумани бўлиб ўтди. Унда Ўзбекистоннинг ЖСТга аъзо бўлиши бўйича ишчи гуруҳ раиси Сунг Ё Чои ҳам иштирок этиб, ўз нутқида бугунгача қилинган ишлар ва келгусидаги режалар билан бўлишди.
Унинг таъкидлашича, Ўзбекистон музокараларни 2026-йилда якунлашни мақсад қилган. Бу борада Азизбек Урунов бошчилигидаги музокаралар гуруҳи иш олиб бормоқда.
Қайд этилишича, ЖСТ аъзолари Ўзбекистоннинг ташкилотга қўшилишини қўллаб-қувватламоқда ва жараён муваффақиятли якунланишидан манфаатдор. Бироқ бу барча масалалар бўйича келишувга эришиш осон кечишини англатмайди. Чунки ҳар бир аъзо давлатнинг ўз иқтисодий манфаатлари ва хавотирлари мавжуд.
«Эндиги вазифа — аъзоларнинг кенг кўламли қўллаб-қувватловини қолган масалалар бўйича аниқ келишувларга айлантириш», — деди Сунг Ё Чои.
У музокаралар икки асосий йўналишда олиб борилаётганини тушунтирди. Биринчиси — бозорга кириш имкониятлари бўйича музокаралар. Бу доирада Ўзбекистон манфаатдор ЖСТ аъзолари билан товарлар ва хизматлар савдоси юзасидан икки томонлама келишувларга эришиши керак. Ҳозирга қадар 30 дан ортиқ шундай келишув якунланган.
Иккинчи йўналиш эса Ўзбекистоннинг ташқи савдо режимини ЖСТ қоидаларига мувофиқлаштириш билан боғлиқ. Бунда мамлакатнинг савдо сиёсати, амалдаги тартиб-таомиллари ва ташкилотга аъзо бўлгач зиммасига оладиган мажбуриятлари ўрганилмоқда. Раиснинг сўзларига кўра, бу йўналиш катта ҳажмдаги техник ишларни талаб қилган.
Сунг Ё Чои Ўзбекистоннинг ЖСТга аъзо бўлиш жараёни ижобий йўналишда давом этаётгани ва сезиларли натижаларга эришилганини қайд этди. Шу билан бирга, энди асосий эътибор эришилган келишувларни барча аъзо давлатлар қўллаб-қувватлай оладиган якуний аъзолик пакетига айлантиришга қаратилиши лозим.
ЖСТга аъзо бўлиш кечикиши ҳақида икки хил баёнот
Матбуот анжуманида журналистлардан бири 2026-йилнинг март ойида якунланиши режалаштирилган аъзолик қайси сабабларга кўра кечиктирилганини сўради.
Ўша вақтларда Ўзбекистон томони айрим аъзо давлатлар ҳужжатларни кўриб чиқишда сусткашлик қилганини айтган. Аммо ЖСТ ҳисоботида эса бу масала айрим қонунларни қабул қилиш кечикаётгани билан изоҳланган.
Президент администрацияси масъул ходими Искандарбек Генжаевнинг таъкидлашича, Жаҳон савдо ташкилотига аъзо бўлиш жараёни консенсус тамойилига асосланади. Яъни ташкилотнинг барча аъзо давлатлари номзод мамлакатнинг аъзолигини қўллаб-қувватлаши керак.
Унинг тушунтиришича, ҳозирда ЖСТ таркибида 166 та давлат мавжуд. Улардан ҳатто биттаси Ўзбекистоннинг аъзолигига қарши чиқса ҳам, жараённи якунлаш имкони бўлмайди.
Музокаралар давомида аъзо давлатлар томонидан қўшимча саволлар кўтарилиши ёки Ўзбекистондан янги мажбуриятларни қабул қилиш талаб этилиши мумкин. Бундай ҳолатлар аъзолик жараёнининг чўзилишига сабаб бўлади.
«Биздан сўралаётган мажбуриятлар юзасидан, албатта, Ўзбекистон манфаатларини ҳимоя қилган ҳолда ўз позициямизни билдирамиз. Бу эса музокаралар жараёнига қўшимча вақт талаб этади», — деди у.
Шунингдек, 2026-йилнинг бошида Ўзбекистон билан икки томонлама музокаралар олиб боришга қўшимча давлатлар ҳам қизиқиш билдирган. Генжаевнинг сўзларига кўра, улар билан музокаралар деярли якунланган ва ҳозир асосий эътибор кўп томонлама музокараларга қаратилмоқда.
Бу босқичда Ўзбекистоннинг ЖСТга аъзо бўлиши билан боғлиқ мажбуриятлари, хусусан, мамлакат зиммасига оладиган шартлар муҳокама қилинмоқда. Уларни барча аъзо давлатлар билан келишиб олиш эса муайян вақт талаб этади.
Ўзбекистон йил охиригача ЖСТга аъзо бўладими ёки музокараларни якунлайдими?
Президенти Шавкат Мирзиёев мамлакатнинг Жаҳон савдо ташкилотига аъзо бўлиш жараёнини йил якунигача якунлаш бўйича топшириқ берган эди. Бироқ бу муддатга қадар ташкилотга тўлиқ аъзолик таъминланиши керакми ёки фақат музокаралар якунланиши назарда тутилганми? Матбуот анжуманида ушбу масалага ҳам ойдинлик киритилди.
ЖСТга аъзо бўлиш бўйича ишчи гуруҳ раиси Сунг Ё Чоининг айтишича, ташкилот аъзолари билан тарифлар ва хизматлар бўйича икки томонлама музокараларнинг қарийб 99 фоизи якунланган. Ҳозирда фақат айрим тафсилотларни келишиб олиш қолган.
Бунинг учун Ўзбекистон ЖСТнинг тартибга солиш тамойилларига мос келадиган тегишли ички қонунчилик ҳужжатларини қабул қилиши керак. Бундан ташқари, мамлакат ташкилотга аъзо бўлганидан кейин зиммасига оладиган айрим мажбуриятларнинг шартлари ва уларнинг аниқ ифодаланиши бўйича ҳам аъзо давлатлар билан келишувга эришиши лозим.
«Умуман олганда, Ўзбекистон марра чизиғига жуда яқин келди, деб айтган бўлардим. Энди ташкилотга аъзо бўлиш йиллар эмас, балки саноқли ойлар масаласига айланди», — деди Сунг Ё Чои.
Шу билан бирга, музокараларнинг якуний босқичи одатда энг нозик ва мураккаб жараён ҳисобланади. Шу сабабли барча масалалар шу йилнинг охиригача ёки келаси йилда ижобий ҳал этилишига умид қилинмоқда. Бироқ музокаралар давом этаётгани сабабли ҳозирча аниқ муддатни белгилаш қийин.
Демак, йил якунигача бўлган вазифа билан Ўзбекистоннинг ЖСТга тўлақонли аъзо бўлиш санасини бир хил тушунмаслик керак. Сунг Ё Чои келтирган изоҳлар музокараларнинг якуний босқичга яқинлашганини кўрсатади, аммо белгиланган муддатда аъзоликнинг ўзи якунланишини кафолатламайди.
ЖСТга аъзо бўлгандан кейин Ўзбекистон учун энг катта қийинчиликлар нималардан иборат бўлади?
Ўзбекистоннинг Жаҳон савдо ташкилотига аъзо бўлиши музокаралар якунланиши билан барча ишлар тугашини англатмайди. Аксинча, мамлакат олдида ташкилот қоидаларини амалиётга татбиқ этиш, тегишли институтларни шакллантириш ва халқаро савдо сиёсатида фаол иштирок этиш каби янги вазифалар пайдо бўлади.
Ишчи гуруҳ раисининг таъкидлашича, аъзоликдан кейинги энг муҳим устувор йўналиш Ўзбекистон зиммасига олган мажбуриятларни бажариш бўлади. Бунинг учун тегишли институтлар ва институционал инфратузилмани яратиш, савдони тартибга солиш тизимини такомиллаштириш ҳамда давлат идоралари ўртасида самарали мувофиқлаштириш механизмларини йўлга қўйиш талаб этилади.
Бироқ вазифа фақат ЖСТ битимлари ва аъзолик доирасида қабул қилинган мажбуриятларни бажариш билан чекланмайди. Ўзбекистон ташкилот фаолиятида ҳам фаол иштирок этиши, халқаро савдо қоидалари ва қарорларини ишлаб чиқиш жараёнида ўз позициясини илгари суриши керак.
«Ўзбекистон муҳокамаларда қатнашиши, ЖСТ қоидалари ва қарорларини шакллантиришга ҳисса қўшиши ҳамда ўз манфаатлари ва устуворликлари ташкилот фаолиятида тўғри акс эттирилишини таъминлаши керак», — деди Сунг Ё Чои.
Унинг фикрича, бунинг учун мамлакат ичидаги манфаатдор томонлар, жумладан, тегишли давлат идоралари ва бошқа субъектлар билан яқиндан ҳамкорлик қилиш муҳим. Уларнинг таклиф ва қарашлари Ўзбекистоннинг Женевадаги музокаралар позициясини шакллантиришга хизмат қилиши лозим.
Ўзбекистон ЖСТ музокараларида фермерларни қўллаб-қувватлаш бўйича қандай шартларни илгари суради?
Музокараларда қишлоқ хўжалигини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш масаласи ҳам алоҳида ўрин тутади. Бу борада мамлакат учун асосий масалалардан бири фермерлар ва қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқарувчиларини қўллаб-қувватлаш имкониятларини сақлаб қолишдир.
Президент администрацияси масъул ходими Искандарбек Генжаевнинг тушунтиришича, музокараларда «de minimis» деб аталадиган кўрсаткич муҳим аҳамиятга эга. Бу қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ишлаб чиқарувчиларини давлат томонидан қўллаб-қувватлашнинг рухсат этилган чегарасини белгилайди.
ЖСТ қоидаларига кўра, ривожланаётган мамлакатлар учун ушбу чегара маҳсулот ишлаб чиқариш қийматининг 10 фоизини, ривожланган давлатлар учун эса 5 фоизини ташкил этади. Яъни, ривожланаётган мамлакатлар муайян қишлоқ хўжалиги маҳсулотни ишлаб чиқаришни унинг умумий қийматининг 10 фоизидан ортиқ миқдорда қўллаб-қувватлай олмайди.
Генжаевнинг қайд этишича, Ўзбекистон айнан 10 фоизлик чегарани келишиб олишга интилмоқда. Бу борада Иқтисодиёт ва молия вазирлиги томонидан музокаралар олиб борилмоқда.
Минтақадаги бошқа давлатлар тажрибасида эса турли кўрсаткичлар мавжуд. Масалан, Қозоғистон ЖСТга аъзо бўлиш музокаралари натижасида «de minimis» даражасини 8,5 фоиз этиб белгилаган. Айрим қўшни мамлакатларда бу кўрсаткич 10 фоиз, бошқаларида эса 5 фоизни ташкил этади.
Бироқ музокаралар фақат 10 фоизлик чегара билан чекланмайди. Яна бир муҳим кўрсаткич — Total AMS, яъни қишлоқ хўжалигини давлат томонидан қўллаб-қувватлашнинг умумий ҳажми ҳисобланади.
Президент администрацияси вакилининг сўзларига кўра, бу борадаги аниқ рақамлар ҳозирча ошкор қилинмайди, чунки улар икки томонлама ва кўп томонлама музокаралар доирасида муҳокама қилинмоқда.
«Музокаралар давомида ушбу кўрсаткич Ўзбекистонда қишлоқ хўжалигини қўллаб-қувватлаш учун зарур даражадан паст қилиб белгиланмаслиги устида ишланмоқда. Умид қиламанки, бунга эришамиз», — деди у.
«ЖСТга аъзо бўлмаслик Ўзбекистоннинг глобал иқтисодий жараёнлардан ортда қолишига олиб келиши мумкин»
Сўнгги йилларда халқаро савдо тизимида протекционистик сиёсат кучайиб, давлатлар ўртасидаги икки томонлама савдо битимларига қизиқиш ортмоқда. Хусусан, АҚШнинг тариф сиёсати ва геосиёсий кескинликлар фонида ЖСТнинг глобал савдони тартибга солишдаги ўрни ҳам муҳокама қилинмоқда. Айрим экспертлар ташкилотга аъзоликни иқтисодий тараққиётнинг асосий кафолати эмас, балки халқаро савдода фойдаланиладиган воситалардан бири сифатида баҳоламоқда.
Шундай шароитда Ўзбекистон учун ЖСТга аъзо бўлиш стратегик мақсад бўлиб қолмоқдами? Ушбу саволга жавоб берган ташкилотга аъзо бўлиш бўйича ишчи гуруҳ раиси Сунг Ё Чои аъзолик осон жараён эмаслигини таъкидлади.
Унинг сўзларига кўра, ЖСТга қўшилиш учун шунчаки ариза беришнинг ўзи етарли эмас. Ҳар бир мамлакатнинг савдо режими, ички иқтисодий сиёсати ва амалдаги тартиб-қоидалари алоҳида ўрганилиб, музокаралар индивидуал тарзда олиб борилади. Бу эса қонунчиликни ўзгартириш, давлат институтларини мустаҳкамлаш ва ички ислоҳотларни амалга оширишни талаб қилади.
Хўш, давлатлар нега шунча мураккаб жараённи бошдан кечиришга тайёр? Сунг Ё Чои бунга бир нечта иқтисодий омилларни сабаб қилиб кўрсатди. Жумладан, ЖСТга аъзолик ишбилармонлик муҳитини яхшилаш, хорижий инвестицияларни жалб қилиш ва мамлакатнинг жаҳон иқтисодиёти билан интеграциясини чуқурлаштириш имконини беради.
Унинг таъкидлашича, аъзоликнинг иқтисодий самараси фақат божхона тарифларини пасайтириш ёки бозорларни очиш билан чекланмайди. Хитой ва Ветнам тажрибасида ҳам ЖСТга қўшилиш кенгроқ иқтисодий ислоҳотларни жадаллаштириш учун туртки бўлган.
Сунг Ё Чои ЖСТнинг яқинда ўтказилган тадқиқотига ҳам тўхталиб, унда аъзолик жараёнида жиддийроқ мажбуриятларни зиммасига олган ва тегишли ислоҳотларни амалга оширган мамлакатлар иқтисодиёти бошқа ҳолатларга нисбатан ўртача 1,5 фоиз бандга тезроқ ўсгани қайд этилганини айтди.
«ЖСТга аъзо бўлиш шунчаки божларни пасайтириш эмас. Бу тадбиркорларингиз глобал таъминот занжирларида қатнаша оладиган халқаро савдо тизимига қўшилиш ва унга интеграциялашиш демакдир. Акс ҳолда, Ўзбекистон ортда қолиб кетиши мумкин», — деди Сунг Ё Чои.
Тайван билан музокаралар нега кечикмоқда?
Ҳозирда Ўзбекистонда келишувга эришиши керак бўлган ягона давлат Тайван ҳисобланади. Vaqt.uz бу давлат билан музокаралар қайси босқичда экани ва жараён нега узоқ вақт олаётгани билан қизиқди. Президент администрацияси вакилининг сўзларига кўра, келишув тафсилотлари тўлиқ очиқлаб бўлмайди. Аммо икки давлат позициялари ва талаблари мавжуд ва музокаралар ягона келишувга эришмагунча давом этади.
Vaqt.uz аввалроқ Ўзбекистоннинг ЖСТга аъзолиги ортидан автомобил нархлари нега арзонлашмаслиги ҳақида ёзганди.
Теглар






