Logo

Банк номидан фуқароларни алдаб, 8 млн доллар ўзлаштирган фирибгарлар қўлга олинди

Гуруҳ аъзолари орасида йирик банклардан бирининг киберхавфсизлик бўлими ходими ҳам бўлгани айтилмоқда.

Банк номидан фуқароларни алдаб, 8 млн доллар ўзлаштирган фирибгарлар қўлга олинди © DXX matbuot xizmati

Тошкент шаҳрининг Миробод туманида фуқароларни банклар номидан алдаб, 8 млн доллар маблағни ўзлаштирган жиноий гуруҳ фаолиятига чек қўйилди. Бу ҳақда Давлат хавфсизлик хизмати хабар берди.

Тергов маълумотларига кўра, Тошкент шаҳри ва вилоятида яшовчи 21–37 ёшли беш нафар шахс нотурар бинодан жой ижарага олиб, сохта колл-марказ ташкил қилган. Гуруҳга алоқадор яна бир фуқаро эса бошқа хонадонда GSM шлюз қурилмаларини ўрнатиб, тизим ишлашини таъминлаган.

Гуруҳга Тошкент вилоятида яшовчи, муқаддам судланган 47 ёшли шахс раҳбарлик қилган. Гумонланувчилар орасида нуфузли банклардан бирининг бош офисида ишловчи киберхавфсизлик бўлими ходими ҳам бўлгани айтилмоқда.

Гуруҳ аъзолари турли банклар номидан фуқароларга қўнғироқ қилиб, уларнинг номига фирибгарлар томонидан кредит расмийлаштиришга уриниш бўлаётганини айтган. Шу йўл билан фуқароларни ишонтириб, пластик карталар маълумотларини қўлга киритган.

Тергов маълумотларига кўра, гумонланувчилар фуқаролар маблағларини ўзлаштириш билан бирга, уларнинг номига онлайн кредитлар ҳам расмийлаштирган.

Ўзлаштирилган жами 8 млн доллар криптовалютага айлантирилиб, сохта масъулияти чекланган жамият орқали хорижга олиб чиқилган ва легаллаштирилган.

Тергов давом этмоқда

Ҳолат юзасидан жиноят иши қўзғатилган. Дастлабки тергов ҳаракатлари давомида гуруҳга алоқадор 10 нафар шахс аниқланган.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Чирчиқ шаҳрида тижорат банки филиали ходими 13 нафар фуқаронинг омонат учун топширган 1,3 млрд сўм маблағини ўзлаштирган ҳақида хабар берилганди.

Теглар

Мавзуга оид