Биржага қайтган AI-80 бензини, «Beeline» эгасининг банк очиш режаси ва пулли йўлдаги трафик — 20 ноябрь дайжести
Кун давомида Ўзбекистонда юз берган воқеалар ва ҳодисалар, ёритилган янгиликлар ва хабарларнинг энг муҳимларини яна бир бор эсга оламиз.

Beeline эгаси Ўзбекистонда банк очиш ёки сотиб олишни режалаштирмоқда
«Beeline Uzbekistan» эгаси бўлган халқаро телекоммуникация гуруҳи «VEON» Ўзбекистон ва Қозоғистонда янги банк ташкил этиш ёки мавжуд молия муассасасини сотиб олиш орқали банк лицензиясини қўлга киритиш имкониятларини ўрганмоқда. Бу ҳақда компания 16 ноябр куни Ню-Йоркда ўтказилган «Capital Markets Day» тадбирида ҳамда АҚШ Қимматли қоғозлар ва биржалар комиссияси (SEC) базасида эълон қилган тақдимотида маълум қилди. Банк лицензияси гуруҳга тўлов хизматлари доирасидан чиқиб, депозитлар жалб қилиш, йирикроқ кредитлар ажратиш, келгусида эса суғурта ва инвестиция маҳсулотларини ривожлантириш имконини беради.
Айни пайтда «VEON» Ўзбекистонда электрон ҳамён ва микрокредитлаш хизматларини кўрсатиб келмоқда. 2026 йилнинг тўққиз ойи давомида «Beeline Uzbekistan» ва гуруҳнинг мамлакатдаги бошқа хизматлари даромади 5,9 фоизга ўсиб, 3,03 триллион сўмга (шундан рақамли хизматлар 483,2 миллиард сўм), EBITDA кўрсаткичи эса 1,1 триллион сўмга етган. Учинчи чорак ҳолатига кўра, «Beeline Uzbekistan» қарийб 7,4 миллион абонентга, «Hambi» супериловаси 4,9 миллион, «Beepul» ва «OQ» эса 800 минг нафардан фаол фойдаланувчига эга (эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг октябр ойида «VEON» «Perfectum» алоқа операторини 207 миллион долларга сотиб олган эди).
Урганч — Хива пулли йўлидан кунига 1700 тагача автомобил ҳаракатланмоқда
Ўзбекистондаги илк пулли трасса — очилганига икки ойдан ошган Урганч — Хива йўлидан кунига 1,6–1,7 мингта, айрим кунларда эса 2 мингтагача автомобил ҳаракатланмоқда. Хоразм вилояти автомобил йўллари бош бошқармаси бўлим бошлиғи Душанбой Зарифбоевнинг маълум қилишича, трассада тўловлар банк картаси ёки QR-код орқали қабул қилинади. Енгил автомобиллар ва мотоцикллар учун йўл ҳақи дастлаб таклиф қилинган 26,4 минг сўмдан 17,6 минг сўмгача пасайтирилган бўлиб, микроавтобуслар учун тариф 44 минг сўм, автобуслар учун эса 66 минг сўмни ташкил этади.
Дастлаб иккита тўлов терминали билан иш бошлаган трассага кейинчалик Янгиариқ — Хива йўналишидан ҳам кириш имконияти яратилиб, терминаллар сони учтага етказилди. Янгиариқ йўлидан пулли трассага 7-километрда қўшилиш мумкин бўлиб, Хивагача бўлган 28 километрлик масофа учун йўл ҳақи 14,52 минг сўм этиб белгиланган. Шунингдек, йўлда автомобиллар юқори тезликда ҳаракатланиши сабабли ҳайдовчилар ва йўловчилар хавфсизлигини таъминлаш мақсадида уй ҳайвонлари чиқиб кетишининг олдини олувчи махсус тўсиқлар ўрнатилмоқда.
Ўзбекистонда яшаш ва овқатланиш хизматлари ҳажми 179,7 трлн сўмга етди
Миллий статистика қўмитаси маълумотларига кўра, 2026 йилнинг январ–сентябр ойларида Ўзбекистонда яшаш ва овқатланиш хизматлари ҳажми 179,7 триллион сўмга етиб, ўтган йилнинг шу даврига нисбатан реал ҳисобда 11,3 фоизга ошди (2025 йилнинг мос даврида 149,5 трлн сўм бўлган). Умумий ҳажмнинг 96,1 фоизи ёки қарийб 172,7 триллион сўми овқатланиш ва ичимликлар билан таъминлаш, қолган 3,9 фоизи (қарийб 7 трлн сўм) эса жойлаштириш хизматлари ҳиссасига тўғри келган. Мазкур йўналиш тўққиз ойда 1 003,2 триллион сўмни ташкил этган жами бозор хизматларининг 17,9 фоизини эгаллаб, савдо хизматларидан кейин иккинчи ўринни банд этди.
Ҳудудлар кесимида жами хизматларнинг қарийб 30 фоизи етакчи икки ҳудуд — Тошкент шаҳри (32,6 трлн сўм) ва Самарқанд вилояти (21,6 трлн сўм) ҳиссасига тўғри келди. Кейинги юқори кўрсаткичлар Наманган (17,8 трлн сўм), Фарғона (17,6 трлн сўм), Қашқадарё (15,4 трлн сўм), Андижон (11,6 трлн сўм) ва Хоразм (10,2 трлн сўм) вилоятларида қайд этилган. Шунингдек, Қорақалпоғистонда 9,1 трлн, Бухорода 8,9 трлн, Сурхондарёда 7,5 трлн, Навоийда 5,5 трлн ва Жиззахда 5,3 трлн сўмлик хизмат кўрсатилган бўлса, энг паст натижа Сирдарё вилоятида (3,4 трлн сўм) кузатилди.
AI-80 бензини биржа савдосига чиқди. «Заправка»ларга бериладими?
Ўзбекистонда AI-80 маркали бензин яна биржа савдоларига чиқарилди, бироқ Энергетика вазирлиги изоҳига кўра, ушбу ёқилғи АЁҚШларга етказиб берилмайди ва ҳайдовчиларга сотилмайди. Вазирлик маълумотида таъкидланишича, биржага қўйилган AI-80 бензини фақат тегишли лицензияга эга қайта ишлаш корхоналарига юқори октанли бензин ва бошқа кимёвий маҳсулотлар ишлаб чиқариш учун хомашё (компонент) сифатида мўлжалланган. Шу боис уни автомобилларга ёқилғи сифатида сотиш бўйича амалдаги чекловлар тўлиқ сақланиб қолади.
Иқтисодчи Отабек Бакиров AI-92 бензини нархи тоннасига 15 миллион сўмга яқинлашаётган бир шароитда AI-80-K2-L типидаги бензин тоннаси 8 250,3 минг сўмдан савдога қўйилганига ҳамда лотларда сотувчи номи тўлиқ кўрсатилмаганига эътибор қаратди (у Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳузуридаги Давлат захираларини бошқариш қўмитаси бўлиши мумкин). Эслатиб ўтамиз, «Ўзбекнефтгаз» 2025 йил 2 сентябрдан AI-80 бензинини биржа савдолари орқали сотишни тўхтатган, президент қарори билан эса 2025 йил 1 декабрдан уни «заправка»ларда сотишнинг олдини олиш бўйича қатъий назорат ўрнатилган эди.
Ўзбекистон қурилиш материаллари экспортини 5 млрд долларга етказмоқчи
Президент Шавкат Мирзиёев 20 ноябр куни Паркент туманида қурилиш саноати ва туризм соҳаси тадбиркорлари билан учрашувда қурилиш материаллари экспортини яқин йилларда 5 миллиард долларга етказиш имконияти борлигини маълум қилди. Сўнгги ўн йилда соҳага 12 миллиард доллар инвестиция киритилиб, 5 мингдан зиёд корхона ишга туширилган, жорий йилда эса ишлаб чиқариш ҳажми 65 триллион сўмга, экспорт 1,5 миллиард долларга етиши кутилмоқда. Мамлакатда 161 турдаги маҳсулот бўйича етарли қувватлар мавжуд бўлса-да, сифат ва бренд камчиликлари сабаб йиллик импорт 780 миллион долларни ташкил этмоқда. Шу боис Жиззахдаги АЭС қурилиши (2,2 млрд долларлик материаллар талаб этилади) учун Эгизбулоқ маҳалласида 200 гектарлик махсус саноат зонаси ташкил этилиб, 70 турдаги янги маҳсулот ишлаб чиқарилади, шунингдек, келаси йилдан юқори қўшилган қийматли лойиҳаларга йиллик 6 фоиз ставкада 200 миллион доллар ресурс ажратилади.
Келаси йилдан бюджет ҳисобидан амалга ошириладиган қурилишларда биринчи навбатда маҳаллий маҳсулотлардан фойдаланиш талаби жорий этилиб, давлат харидлари порталида маҳаллий ишлаб чиқарувчилар учун йилига 15–20 триллион сўмлик алоҳида савдо майдончаси очилади. Бундан ташқари, корхоналарга энергия тежовчи ускуналар харид қилиш харажатларининг 10 фоизи (1 миллиард сўмгача) қоплаб берилади. Пардозбоп тош қазиб олувчи корхоналарда хомашёнинг 35–40 фоизи чиқиндига чиқаётгани сабабли, бундан буён янги конлар «нол чиқинди» тамойили асосида ишлаш шарти билан аукционга қўйилади ва конлар атрофида камида 100 миллион долларлик қайта ишлаш лойиҳалари бошланади.





